22:00 / 01.03.2019
8 891

"Мени бахтиёр қилсангиз, сизни бахтиёр қиламан..."

"Мени бахтиёр қилсангиз, сизни бахтиёр қиламан..."
Аллоҳ мени раҳмдан яратди. Мен у Зотга шундай хитоб қилдим:
- Мени яратдинг, аммо ҳимоямни кимга қолдирдинг?

- Сени эркак ҳимоя қилади. Асраб-авайлайди. Севади. Ардоқлайди. Бахтли қилади.- дея хотиржам қилди мени Яратган. Ва шу ондан англадимки, мен эркак яқинларимнинг ори, шаъни, ғурурини жимитдеккина вужудимда кўтариб юраман. Болалигимда отамнинг дунёсига нур олиб кирдим. Акаларимнинг жонли қўғирчоғи, юрагига пайванд ҳамшираси, укаларимнинг меҳрибон опаси бўлдим. Қиз боланинг қисмати шундай яралган — мени ҳар қанча асраб-авайламасин, жонига жойлаб парвариш қилмасин ота уйимга меҳмон эканман. Йигирма йил бағрида асраб-авайлаган, кўз қорачиғидек ардоқлаган ота-онам мени кўксидан шундоқ юлдию, сизга тутқазди. Ўша кундан бошлаб сиз менга ҳақдор бўлдингиз. Ўша кундан бошлаб инон-ихтиёрим, шаъну ғурурим, жисму жоним, бутун борлиғим сизники бўлди.

Ўша куни менга:
“Жуфту ҳалолинг изн бермаса ота-онангнинг ҳам зиёрати сенга мақбул эмас!” дедилар.
“Энди ҳусну жамолинг, пардозу оройинг, зебу зийнатинг фақат эринг учун бўлсин!” дедилар.
“Кўнглига ошқозони орқали йўл топасан!” дедилар.
“Хизматига шай, кўнглига дўст бўл, изнидан ташқари бир қадам босма!” дедилар.
“Хонадонинг ораста, юзингда табассум, вужудинг муаттар ифорли бўлсин!” дедилар.
“Жуфтингнинг яқинлари ўз жигарларингдек қалбинг ардоғида бўлсин!” дедилар.
“Эрингга тик қарама, буйруғини муҳокама қилма, “Лаббай”, “Хўп бўлади!” деган сўзларни энг кўп сен ишлатгин!” дедилар.
“Жуфтингни жон қадар севиб ардоқла, бемор бўлса парвариш қил, камбағаллашиб қолса сабр қил, топганига қаноат билан шукронада бўл, тежамли, бардошли бўл, йўқдан йўндиришни ўрган!” дедилар.
“Эрингга эгил, эгилганинг сари бахт ва эъзоз топиб бораверасан!” дедилар.

Ўша кундан бери хоки пойингизни саждагоҳ деб биламан. Бутун фикру ёдим, илму амалим қалбингизни забт этиш ва сизни бахтиёр этиш йўлида шайланган. Аммо яна бир ҳақиқат бор экан — сиз бахтиёр бўлмоғингиз учун мен бахтли бўлишим керак экан. Мен қачон бахтли бўламан?

* Қачонки, сиз мени жон қадар асраб авайласангиз;
* Сиз эркаклик масъулиятини ҳар доим ҳис қилсангиз;
* Менинг аёл, ожиза, севилишга, авайланишга ҳақдорлигимни унутмасангиз;
* Оила устуни эканингиз ҳар доим ёдингизда бўлса;
* Рўзғор ташвишларини нозиккина жисмимга юкламасангиз;
* Мени бир чимдим меҳр, бир оғиз ширин сўзга муҳтож қилмасангиз;

Бахтли бўлишим учун шуларнинг ўзи етарли.
Аммо баъзида меҳрингизга, лаҳзалик эътиборингизга эҳтиёж сезаман. Дунё ташвишлари эгиб қўйган нозик жисмимга рўзғор машаққатларини ҳам юклаб қўясиз. Иш, уй юмушлари, болаларнинг ташвишлари, қариндош-уруғнинг кўнглини топиш ушоққина елкамга оғирлик қилади. Бироқ “Чарчадим” деёлмайман. Менга “чарчадим”, “зерикдим” демоқлик — ношукрлик дея ўгит берганлар. Жоним оғриса “оҳ” чекмайман. Сизни, фарзандларимизни ўйлайман. Бир кўйлакни йиллаб кийсам-да, юрагим тубидаги армонни тилимга чиқармайман.

Тилла зебу зийнатларга бурканганларни кўриб ҳавас қилмайман.
Машина рулидаги хонимларни кўрсам ҳавас қилмайман.
Саройдек қасрларда яшаётган маликаларни кўриб ҳавас қилмайман.
Ҳар куни шоҳона дастурхондан тансиқ таомлар танаввул қилаётганларга ҳавас қилмайман.

Жуфти меҳр-муҳаббатга кўмиб, юрагининг тўрида ардоқлайдиган аёлларга чин кўнгилдан ҳавас қиламан! Чунки, аёлни фақат муҳаббат бахтли қилади!

Менга ҳаддан ортиқ бойлик, молу дунёнинг кераги йўқ. Сиз ва фарзандларим соғ-саломат, кўнгилларимиз хотиржам, хонадонимизда ҳаловат бўлса саодат топганим шудир. Бироқ буларнинг бари сизнинг эътиборингиз ва муҳаббатингиз билан тўкис. Фақат жуфти ҳалолининг муҳаббатигина аёлга АЁЛ эканини ҳис эттиради.

Дунё ташвишлари толиқтирганида, рўзғор юмушлари чарчатганида, баъзан дунё кўзимга тор келганида меҳрингизни ҳис эттирсангиз ва сизга кераклигимни англатсангиз муҳаббатингиз шабадаси кўнглим ғуборларини аритади.

Кўрдингизми, бахтли бўлишим нақадар осон экан. Бироқ сиз шуни ҳам кўп кўрасиз менга баъзан. Ёнимдасизу сизни соғинаман. Ҳар куни биргамизу сиздан айро яшаб, сизни кутаман. Тилимга чиқаролмайман интиқлигимни. Ийманаман. Тортинаман. Ва қўрқаман бироз. Сиз эса парво қилмайсиз. Аммо билмайсизки, сизнинг бепарволигингиз мени дағаллаштиради. Англамайсизки, муҳаббатга зор аёл назокатдан узоқлашиб бораверади. Эътибордан четда қолаётган аёл аёлликни унутади. Дағал, назокатсиз, аёллигини унутган аёл кимга ёқади? Ҳеч кимга! Ҳамма ундан нафратланади, ўзини четга тортади, қўлини бигиз қилиб кўрсатади. Бироқ ҳеч ким шу аҳволга тушишига сабаб бўлган кишини айбдор қилмайди. Унинг вазиятини тушунмайди. Алалоқибат азият кўрган ҳам, айбдор ҳам яна аёл бўлиб қолаверади.

Модомики, қаршингизда назокатли, ожиза, гўзал аёлни кўрмоқчи экансиз, мени жон қадар севиб ардоқланг. Бир он, бир лаҳза бўлса-да эътиборингизга интиқ, меҳрингизга зор қилманг. Фарзандларингиз бахтиёр, қувноқ ва меҳрибон инсонлар бўлиб улғайишини истасангиз уларнинг онаси – мени яхши кўринг. Яхши инсон, ибратли ота, саодатли оила бошлиғи бўлишни хоҳласангиз мени яхши кўринг. Элда ҳурмат-иззатли бўлай, десангиз мени муҳаббат билан эъзозланг. Икки дунёда ёлғиз қолмай десангиз, мени чин муҳаббат билан севинг. Бу унчалик машаққатли эмас, шунчаки, “Сизларнинг яхшингиз – аҳли аёлига яхши бўлганингиздир” деган муқаддас ҳайқириқ маъносини англасангиз бас...

Аллоҳ мени бошингиздан яратмади – ҳукмрон бўлмасин, дея.
Оёғингиздан яратмади – оёқ ости бўлмасин, дея.

Мени чап қовурғангиздан, юрагингизга яқин соҳадан яратди – севсин, севилсин, эркакка кўнгилдош бўлсин, малику ҳабиб бўлсин дея. Истардимки, ҳар доим шу ҳақиқат ёдингизда бўлсин!..
Умида АДИЗОВА

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » "Мени бахтиёр қилсангиз, сизни бахтиёр қиламан..."