18:33 / 25.04.2019
3 553

Аввал ўзингизни тарбияланг

Аввал ўзингизни тарбияланг
Бир киши умри давомида ҳеч нопок ишга қўл урмаган, ҳамиша ҳалол яшаган экан. Бир куни нима бўлибдию, шайтон кўнглига оралаб, ҳалол инсонни измига солишга эришибди. Бир сабаб билан эҳтиёжманд кишининг ҳақига хиёнат қилибди.Шу воқеадан тўққиз ой ўтиб, ўғил фарзанд туғилибди.

Вақт-соати етиб, фарзандлар камолга етибди. Оиланинг бошқа фарзандлари солиҳ, қобил инсонлар бўлиб чиқибди-ю, кенжатой улғайган сари қўли эгрилиги билан оилага иснод келтираверибди. Ота ўғлини тўғри йўлга солиш учун ҳарчанд уринса-да, ҳаракатлари зое кетибди. У ўйлаб ўйига етолмас, "Нега бошқа фарзандларим мўмин-қобилу кенжатойим нопок йўлдан қайтмайди? Қаерда ҳато қилдим", дея ўзини ўзи сўроқ саволларга кўмиб ташлайвераркан. Саволларига жавоб тополмай, бу синоатнинг тагига етиш учун донишманд ҳакимнинг олдига борибди.

Ота донишмандга:
- Дардим - қалб дарди. Ўзим тузата олмаганим учун олдингизга шифо излаб келдим,- дебди.
Донишманд ҳаким:
- Мен танани даволайман. Майли, қалб оғриғи бўлса ҳам дардингни сўйла-чи, балки давоси топилар,- дея олдига умидвор келган кишига таскин берибди.
Ота фарзандлари орасида кенжа ўғли кўнгилдагидек вояга етмаганини, уни эгри йўлдан қайтаролмаётганини айтибди. Донишманд:

- Умрингда бир марта бўлса-да ҳалолликдан чекинганмисан?- деб сўрабди.
- Йўқ,- дебди у ва шу он қўққисдан ўғли туғилмасидан тўққиз ой олдин бир мискиннинг ҳақини еганини эслабди-ю, бу воқеани истиҳола билан донишманд ҳакимга айтибди.

Донишманд:
- Бу ўғлинг ўша кунги хатти ҳаракатинг мевасидир,- дея жавоб берибди...
Ҳалоллик - кўнгил хотиржамлиги, дил равшанлигини кафолатловчи бебаҳо, беқиёс тушунча. Ҳалол инсоннинг кўнгли ҳеч қачон хира тортмайди.

... Суднинг қора курсисида ўтирган эркакнинг кўзлари ерга қадалган. Саволчан ва музтар тикилган нигоҳлар – ота-онаси, аёли, жигарларининг кўзларига қарашга юраги бетламаяпти. Қайси юз билан ҳам қарасин? Маҳалла-куй олдида уларнинг юзини бир неча бор шувит қилди. Ота-онасининг ҳурматини қилиб, эл-юрт унинг айбини кўп марта кечириб юборди. Аммо бу сафар...

Эри уч-тўрт йил олдин вафот этган, тўрт бола билан бева қолган чеварнинг сигирини ўғирлаб, сотиб юборганини маҳалладошлар ҳазм қилолмади.

- Энди, гап бундоқ,- деди маҳалла оқсоқоли эркакнинг яқинларига,- бир эмас, икки эмас, беш-олти марта ўғлингизнинг қилмишларини кечирдик. Маҳалладан гап-сўз чиқмасин, “шу маҳалладан ўғри чиққан” деган маломат болаламасин, қолаверса, сизларнинг обрў-шаънингизга таъсир қилмасин деб тегишли идораларга ўғлингизни топшириб юбормадик. Ўғлингизга қилган бу яхшилигимиз кези келиб унга ҳам, ўзимизга ҳам қимматга тушишини билганимизда, биринчи марта бу ишга қўл ургани аён бўлганидаёқ тегишли жойларга маълум қилишимиз керак эди. Маҳалланинг танбеҳидан эси кирар, деб ўйлаганмиз-да...

Уч нафар фарзанди бор, икки қиз, бир ўғил. Болаларининг олди мактабга борадиган бўлиб, эсини таниб қолган. Уйдаги катталарнинг гап-сўзидан отасининг қандай ишга қўл урганини пайқаган. Иккинчи синфда ўқийдиган тўнғич қизи онасига йиғлаб:

- Ая, мактабга бормайман. Болалар “Отанг ўғри, Мафтуналарнинг сигирини ўғирлаган. Энди қамоқ бўлади” дейишяпти,- дебди.
Ҳамманинг боши эгик. Ҳамманинг дили вайрон. Айниқса, болаларнинг. Ўғил фарзанд дунёга келтириб, ўстирган, элга қўшиб, фахрланишни истаган ота-онанинг ҳоли абгор, боши хам.

“... Болаларимизни едирибмиз, ичирибмиз, кийинтирибмиз, уйлантирибмизу шу билан одам бўлди, деб юрибмиз-да. Болага энг аввало ҳалоллик, поклик, бировнинг ҳақидан тортиниш, каби инсоний фазилатлардан сабоқ бериш кераклигини унутибмиз. Бировнинг ҳақига кўз олайтирадиган, оғзи бегонанинг тайёр ошига ҳавасманд боланинг боридан йўғи яхши экан...” дея ота-она ич-ичидан оғринар, бу дардига қайдан даво излашни билмайдилар.

Суд унга маълум муддатли жазо тайинлади. Бу фурсат мобайнида дунёқараши ўзгариб, кеч бўлса-да ҳалоллик инсон зийнати эканини англайдими–йўқми, буниси энди вақт ҳукмига ҳавола...
***
Бола ўғри бўлиб туғилмайди. У ўзи яшаган муҳитда шаклланади, тарбия топади. Ота-она фарзандларини ҳалол луқма билан боқиши уларнинг камолида яққол кўзга ташланиши бежиз эмас. Фарзанд тарбияси гўё боғбоннинг ниҳол қадаб, парваришлаб ундан мева кутиш жараёнига ўхшайди. Балки шу боисдан ҳам фузалолар фарзанд тарбиясини у ҳали дунёга келмай туриб, яъни она қорнидаёқ, балки ундан-да олдин, яъни уйланиш-болага она танлашда насл-насабга катта аҳамият беришдан бошлаш кераклигига ишора қилгандирлар.

Чиндан ҳам, ўта мураккаб ва масъулиятли масала ҳисобланган фарзанд тарбиясига шунчаки қараб бўлмайди. Бугунги бола жамиятнинг эртанги аъзоси. Шундай экан, фарзандини комил инсон бўлиб етишишини истаган ҳар бир ота-она боласининг фитратида бошқа инсоний фазилатлар билан бир қаторда ҳалоллик туйғуларини ҳам шакллантириши лозим. Бунинг учун аввало ота-онанинг ўзи ҳалол, бировнинг ҳақидан қўрқадиган, диёнатли инсон бўлиши керак. “Фарзандларингиз яхши инсон бўлишини истасангиз ўзингизни тарбияланг, болаларингиз ўз-ўзидан тарбияланиб боради” деган фикрда жуда чуқур маъно бор...
Кавсар НУР

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Аввал ўзингизни тарбияланг