06:35 / 30.04.2019
3 991

Ғам чекиш инсонни хаста қилади

Ғам чекиш инсонни хаста қилади
"Ғам инсонни хаста қилади", деймиз. Аммо бу нотўғри тушунчадир. Ғами, ташвиши бор одам хаста бўлаверса, ҳолимизга вой бўларди! Орамизда беғам, беташвиш одам борми? “Дунёда иккита беғам одам бор, бири ҳали туғилмаган, иккинчиси эса ўлган” деган ҳазиломуз иборани ҳамманинг ўзига хослигини тушунтириш ва дунёда беташвиш одам йўқлигини эслатиш учун шогирдларимга қўллайман.

Ташвиш инсонни хаста қилмайди. Ташвишни қайғуга айлантириш инсонни хаста қилади. Бу иккиси орасидаги фарқни англаганимизда бизни касал қилган муаммоимиз эмас ўзимиз эканимизни яхши тушуниб етамиз.

Пайғамбарларнинг ҳаёти билан боғлиқ ҳикояларни билмаганлар йўқдир. Билиш бошқа, уқиб, мушоҳада қилиш бошқа. Биз биламиз-у лекин мушоҳада қилмаймиз. Пайғамбарлар тарихи бутун моҳияти билан дарду изтироблар тарихидир. Ҳар бир пайғамбар айрича ташвишлар билан имтиҳон қилинганини мулоҳаза қилишимиз керак. Қайсидир пайғамбар ўғли билан синалган, қайси бири эса отаси билан, бошқа бир пайғамбар хотини билан имтиҳон қилинган. Баъзиларининг ҳаётидан оғир хасталиклар билан курашиши эътиборимизни тортади, баъзилари хиёнат билан синалганини кўрамиз. Азоб, уқубат, бало, йўқотиш, хўрланиш, четга сурилиш, масхара қилиниш каби қайғу номи билан нима бўлса ҳаммасини Пайғамбарлар ҳаётида кўриш мумкин.

Бутун оламларга раҳмат ўлароқ яратилганига иймон келтирганимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёт ҳикояларини ҳаммамиз биламиз аммо мулоҳаза қилмаймиз. Дунёга келишдан олдин оталаридан, болаликларида оналаридан айрилганлар. Ҳам ўксик, ҳам етим ўсганлар. Ҳам ота, ҳам она бўлиб уларни тарбиялаётган боболаридан ҳам бола ёшларида айриладилар.

Ўзлари яшаган жамият томонидан четга сурилган, хўрланган, эзилганлар. Жуфти ҳалолидан айрилиш дардини ҳам тотиб кўрганлар. Бу дунёда ота-она учун энг катта дард дея изоҳланадиган фарзанд доғини ҳам кўрган. Яна беш бор бу тахир шарбатни татишга мажбур бўлган. Беш фарзандини тупроққа қўйган. Ана энди, ҳаётидан баҳс этаётган кишимизнинг Яратганнинг энг севган бандаси бўлганини эслайлик!..

Буларни ҳаммамиз яхши биламиз. Лекин юқорида таъкидлаганимдек мулоҳаза қилмаймиз!..

Дўппини бошдан олиб мушоҳада қилмаймизки, Аллоҳ азза ва жалла энг севган бандалари — Пайғамбарларни ҳатто изтироб ва қайғулар билан имтиҳон қилса-ю, мени (бизни) нега синамасин?

Бир неча йил олдин буларни, отаси ҳаёт бўлишига қарамай етим каби ўсган талаба қиз шогирдимга гапириб бергандим. Ўшанда шогирдим саратон хасталигига учраган онасининг ўлим тўшагида ётганини гапириб берган эди. Бу суҳбатдан бир неча ой ўтиб шогирдим менга смс хабари йўллади. “Устоз! Энди менинг онам ҳам йўқ!” дея ёзилганди хабарда. Узоқ вақт жавоб йўллай олмадим. Нима ҳам дердим ахир?..

Кейинроқ кўришганимизда менга бир нарсани эътироф этди. “Устоз, ҳов бирда, мен сизга кўзимда ёшлар билан бошимдан ўтаётган кунларни гапириб бергандим ва сиз менга Пайғамбарлар ҳаётидан мисоллар айтгандингиз. Агар ўшанда сиз менга Пайғамбарлар ҳаётидан, уларнинг изтироб ва муаммоларга тўла умр йўлидан ҳикоялар гапириб бермаганингизда мен жонимга қасд қилишни ўйлаб юргандим...”

Кейинги пайтларда юртимизда ёшлар ва аёллар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Кимдир қайнонаси, эри билан боғлиқ зиддиятлардан қочиб, яна кимдир ишқ-муҳаббатни рўкач қилиб жонига қасд қилишга ботинмоқда. Арзимаган дилхираликлар сабабли депрессияга тушиш, ҳаётдан хафа бўлиш, руҳий тушкунликка енгилиш... Мўминнинг қалбига ғам-қайғу ярашмайди. Мўмин киши барча муаммоларини Аллоҳга ҳавола қилиб, ҳаёт оқимида сузишда давом этади. Зотан, иймон — энг катта имкон.

Раҳматли онколог профессор Ҳолуқ Нурбоқий ҳожанинг “Намоз сирлари” номли китобида “Бир кун келиб шифокорлар шифо йўриқномасига таҳорат ва намозни тавсия қилишади”, деган жумлани ўқиганимда кўзларимдан ёш чиқиб кетганди. Таҳорат ва намоз фақат ибодат эмас, жисмоний ва руҳий жиҳатдан инсонни мувозанатда тутган муҳим муолажа услуби ҳамдир.

Раҳмат ва мағфират ойи Рамазон келмоқди. Айни шу пайтларда шайтонлар кишанланар экан, Аллоҳга сиғининг! Аллоҳга сиғинмасак, депрессия ва стресс деб ақлсизлик қиладиганлар кўпаяди. Ақлсизлик қилмаслик учун Роббингизга сиғининг!

Ташриф буюраётган Рамазон барчамизга муборак бўлсин!
Умида АДИЗОВА

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ғам чекиш инсонни хаста қилади