Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда сунъий интеллект соҳасига сармоя йўналтириш учун янада жозибадор муҳит яратиш масалалари ҳам муҳокама қилинди, деб ёзди president.uz.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, бу йўналишдаги энг муҳим қадамлардан бири — замонавий супер-компютер кластерлари ва йирик дата-марказларни кўпайтиришдир.
Мазкур инфратузилмаларда харажатнинг катта қисми — тахминан 70 фоизи электр энергиясига тўғри келади. Шу сабабли инвесторлар учун электр тарифларини жозибадор даражага тушириш зарурати қайд этилди.
Президент бу борадаги ишлар Қорақалпоғистон Республикасидан бошланишини маълум қилди. Энди сунъий интеллект инфратузилмасига 100 миллион доллардан ортиқ сармоя киритган инвесторларга қатор имтиёзлар берилади:
– электр энергияси нархи ҳар киловатт соати учун 5 цент этиб белгиланади;
– IT-парк иштирокчиларига бериладиган барча солиқ ва божхона имтиёзлари татбиқ этилади;
– сунъий интеллект лойиҳалари учун олиб келинадиган ускуналар божхона тўловидан озод қилинади.
«Бу ташаббус нафақат сунъий интеллект соҳасида катта сакрашга туртки беради, балки Қорақалпоғистон иқтисодиётига ҳам янги нафас олиб киради», — деди давлат раҳбари.
Шунингдек, йиғилишда мамлакатнинг олис ҳудудларини юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш масаласига ҳам тўхталилди. Президентнинг сўзларига кўра, кейинги йилдан йўлдошли интернет операторлари фаолияти йўлга қўйилади.
Ушбу компаниялар беш йил давомида ер, мол-мулк, фойда ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади. Бу, ўз навбатида, рақамли инфратузилмани бутун мамлакат бўйлаб кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Йиғилиш якунида Президент сунъий интеллектни жорий этиш нафақат технология, балки иқтисодиёт ва минтақавий тараққиётни янги босқичга кўтарадиган стратегик вазифа эканини таъкидлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!