date

Ўзбекистон аҳолисининг 99 фоизи мобил алоқага эга

Ўзбекистон аҳолисининг 99 фоизи мобил алоқага эга

Ўзбекистонда рақамли инфратузилма сўнгги йилларда жадал ривожланмоқда — аҳоли пунктларининг 99 фоизи мобил алоқа билан қамраб олинган. Бу ҳақда 21 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган сунъий интеллект технологияларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Президент таъкидлаганидек, дунёда сунъий интеллектга талаб тобора ортиб бораётган ҳозирги шароитда рақобатбардош бўлиш учун учта асосий йўналиш — инфратузилма, очиқ маълумотлар ва кадрлар тайёрлашга жиддий эътибор қаратиш зарур.

Охирги саккиз йил ичида мамлакат бўйлаб 300 минг километрдан ортиқ оптик толали алоқа линиялари қурилган, аҳоли пунктларининг деярли барчаси мобил интернет билан таъминланган. Шунингдек, катта ҳажмдаги маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш учун 7 та замонавий дата-марказ фаолият кўрсатмоқда.

Келгуси йилда соғлиқни сақлаш, энергетика, банк ва молия, божхона, солиқ, транспорт, тоғ-кон ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида сунъий интеллект технологияларига оид 100 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бу ишлар учун қуввати юқори супер-компьютерлар зарур, чунки мавжуд тизимлар катта лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга етарли эмас. Ҳозирда тадбиркорлар чет эл дата марказларидан фойдаланиш учун миллионлаб доллар сарфламоқда.

Шу боис, жорий йил 16 та супер-компьютер сотиб олиш учун 50 миллион доллар ажратилди. Кейинги йил эса бу маблағ икки баробарга оширилади.

Президентнинг таъкидлашича, рақамли инфратузилмани ривожлантириш — бу нафақат иқтисодий ўсиш, балки Ўзбекистоннинг технологик мустақиллиги ва келажак рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон аҳолисининг 99 фоизи мобил алоқага эга