
Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш нафақат техника ёки инфратузилмага, балки билимли кадрларга ҳам боғлиқ. Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақда 21 октябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида таъкидлади.
Давлат раҳбарига кўра, сунъий интеллектнинг пойдевори — математика ва информатика фанларидир. Шу боис, бу соҳада мутахассисларни тайёрлашни мактабдан бошлаш зарур. Кейинги ўқув йилидан “Информатика” фани дастурларига сунъий интеллект мавзулари киритилади. Бунинг учун Массачусетс технология институти билан ҳамкорликда янги авлод дарсликлар ишлаб чиқилади.
Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” университетида бу йил 100 нафар, келаси йил эса 1300 нафар сунъий интеллект бўйича тренер-ўқитувчи тайёрланади. Улар ўз навбатида мактаб ва олий таълим муассасаларидаги информатика ўқитувчиларини ўқитади.
Энг яхши 100 нафар информатика ўқитувчиси ҳар йили сунъий интеллект соҳаси ривожланган мамлакатларга малака ошириш учун юборилади. Улар вазирликлар ва ҳокимликларнинг етакчи кадрлари билан тенг даражада танланади.
Бундан ташқари, “Бир миллион ўзбек дастурчиси” ташаббусининг мантиқий давоми сифатида “Бир миллион сунъий интеллект етакчиси” дастури бошланди. Бу йил 100 минг, келаси йил эса 500 минггача ёшлар сунъий интеллект асосларини ўрганади.
Энг яхши натижа кўрсатган ёшлар ва уларнинг устозлари ҳам рағбатлантирилади. Таълим соҳасида фаол иштирок этган 500 нафар ёшга ноутбук, 100 нафар ўқитувчига 1 минг доллар, икки таълим ташкилотига эса электромобиль тақдим этилади.
Президент таъкидлаганидек, сунъий интеллектни ривожлантириш мамлакат келажагини белгилайди. Шу боис, бу йўналишдаги ҳар бир ўқитувчи — Ўзбекистоннинг интеллектуал тараққиётининг асосий таянчига айланиши керак.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.