Кеча, 20 октябрь куни Ўзбекистон профессионал футбол клублари раҳбарлари иштирокида муҳим йиғилиш бўлиб ўтди, деб ёзди pfl.uz. Учрашувда 2026 йилги мавсумга оид бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Айни пайтда мамлакатимизда Осиё футбол конфедерациясининг (ОФК) талабларига жавоб берадиган 17 та клуб мавжуд. Уларнинг 16 таси Суперлигада, яна бири — “Локомотив” Про лигада иштирок этмоқда. Шу сабабли, йиғилиш асосан айнан ушбу клублар иштирокида ўтказилди.
Бир ҳафта аввал Лига “Суперлига регламенти – 2026” лойиҳасини клубларга тақдим этган эди. Янги ҳужжатда қатор сезиларли ўзгариш ва қўшимчалар назарда тутилган. Кечаги 4 соатлик йиғилишда ушбу лойиҳа атрофлича муҳокама қилиниб, бир нечта масалаларда келишувга эришилди.
Эндиликда регламентнинг айрим бандлари Ассоциация иштирокида қайта кўриб чиқилади ва шундан сўнг унинг якуний варианти тасдиқланади.
Йиғилишда қуйидаги йўналишлар бўйича фикр алмашилди:
• Суперлига-2026 тақвими ва баҳслар сони;
• Қуръа ташлашнинг янги механизми;
• Стадионларда VAR марказларини ташкил этиш;
• Майдонлар парвариши ва техник таъминот;
• Клуб қошидаги футбол мактабларини такомиллаштириш;
• Ёш футболчиларни расмий рўйхатга олиш тизими;
• Майдондаги ҳаракатни таҳлил қилувчи компаниялар билан ҳамкорлик;
• “Антифутбол” ҳолатларига қарши кураш ва тоза ўйин вақтини ошириш;
• Телетрансляция сифатини яхшилаш;
• Тартиб-интизом қўмитасининг фаолияти;
• Стадионлар бўйича ишчи гуруҳ фаолияти;
• “Суперлига регламенти” бўйича якуний муҳокама.
Йиғилиш якунида Лига барча таклиф ва қарорларни умумлаштириш, энг муҳим масалалар бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқишни бошлади.
Шунингдек, яқин кунларда Лига учрашув натижалари, муҳокамалар ва қабул қилинган қарорларни оммага маълум қилиши таъкидланди.
Янги мавсум олдидан Ўзбекистон футболида Суперлига ислоҳотлари тобора амалий тус олаётгани қайд этилди.