11:43 / 21.12.2019
3 852

Иккининг иккинчиси

Иккининг иккинчиси
"Севги бўлса, ишқ бор,
Ишқ бўлса, руҳ бор.
Руҳ бўлса, сир бор.
Сир бўлса, нур ҳақдир.
Нур бўлса, унга етишиш муқаррардир".
Макканинг иссиқ хароратидан кейин олти кеча кундуздан буён давом этаётган узун йўллар...

Кўзлар уйқусизликдан қизариб кетган, майли, шундай бўлақолсин, Муҳаммаднинг қадамлари теккан тупроқ ҳидини ҳис қилганимда бу қийинчиликларнинг бари ўтиб кетади, - дея ўз ўзига тасалли бериб, Оиша онамиз йўлда давом этарди. Бир ой аввал Умра қилиш ниятида Маккага келганди, шундай бўлса-да, хаёли отаси – Халифа Абу Бакрда эди. Уларнинг розилигини олиб, Мадинадан чиқар вақтида отасини ҳолсиз, бемажол кўриб "Отажон, тобингиз йўққа ўхшайди. Хоҳласангиз, Умрани кейинроққа қолдириб, онам билан сизга қарардим"- деди.
"Йўқ, Оишаи Ҳумайрам, хавотирли жойи йўқ. Тавоф қилар вақтингда бу кекса отангни-да дуо қил. Каъбага саломимизни етказ".
Отасининг бу жавобидан Оиша бироз бўлса-да, таскин топганди.

Хурмолар тўкилиб, тупроққа қоришиб ётарди. Пешиннинг нам ҳавосидан сарғая бошлаган япроқларнинг учишини Халифа Абу Бакр маҳзун томоша қилар эди. Бу хорғин қумлар чала қолган видолашувни эслатарди. Бу Мадинанинг тоғлари суюкли пайғамбарининг оёқ изларини қумлар аро йўқ бўлиб кетмаслигини истарди. Унинг сўлғин боқишлари анави тоғларда, тоғларнинг чўққисида бўлса-да, хаёллари Уҳудда эди.
Ўлганига ҳамон ишонолмаётган бир суюклигинг бор, ақлинг ходисага тўғри ёндошади, аммо юрагингга буйруқ бера олмайсан. Ёшли кўзларинг билан қадами етган ерлардан унинг изларини қидирасан, гўёки бироздан сўнг қаршингда пайдо бўладигандек, йўлларига кўз тикасан.

Абу Бакрнинг қарашлари ҳудди шундай тараддудда эди. Ичидан дарё мисол тошган кўзёшлари тепаликларни кўришга тўсқинлик қилди. Бармоқлари билан кўзларини артди, сўнгра ўнг қўлининг икки бармоғи билан лабларининг четини артди. Сўнги вақтларда оғзидан тупугига қўшилиб қон томчилари ҳам кўрина бошлаган, тўхтовсиз йўталарди. Оёқ товушларини эшитиб, оғзи атрофини яхшилаб артди, ўзини тузатди. Ўгирилиб қараб, уй бўсағасига қадам қўйган одам қизи Оиша эканлигини кўрди. Табассум билан туриб, у томонга юзланди. Ота-бола қучоқлашиб сўрашдилар.
"Хуш келдинг, қизим. Аммо бирор ҳафталардан кейин келасан, деб ўйлагандим".
"Хуш кўрдик, отажон. Тўғри, эртароқ қайтишга қарор қилдим. Охирги кунларда тавофда Каъбанинг қора тошларига қарадим дегунча сизнинг Қуръон ўқиётган сўлғин юзингиз гавдаланаверди. Отамнинг менга эҳтиёжлари борга ўхшайди, дея зиёратимни қисқартирдим. Онам қаердалар?"

"У уканг Муҳаммад билан Суффа хонамдаги муҳримни олгани кетди. Бир неча кундан буён халифалик ишларини уйда бажаряпман. Баъзи шаҳарларга мактуб ёзишим керак, яна умматларга ҳам..."
Бу сўзларни у базўр, тўхтаб-тўхтаб гапирарди. Йўтали тутиб, сўзини охиригача гапиролмай қолди, қўли билан сув мешкобни кўрсатди. Оиша Марва тоғидан ўз қўли билан тўлдириб, Маккадан келтирган мешкобдан отасига зам-зам қуйиб берди. Отасининг қўллари қалтираётганини кўриб, ўкраб юборишдан ўзини базўр тийди, у отасини янада ёмон аҳволга тушириб қўйишни истамади.
"Сизга табиб чақирайлик..."
"Табиб текширди".
"У нима деди? Бирор тавсия бердими?"

"Табибнинг тавсияси севгилисига содиқ бўлган, Ўзи яратган, Унинг ҳузурига яна қайтишга тайёр туриш керак (инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун) дейиш бўлди халос".
Оиша йиғлай бошлади. Отаси қизининг қўлидан тутди:
"Кел, қизим, ўтириб олай, ҳам қизим дам олсин, ҳам мен қизимни тинглайин".
Абу Бакр қизи унинг бу ҳолатидан янада қайғурмаслиги учун ўзини тетик тутди. Оиша эса отасининг бу ҳаракатлари уни хавотирга қўймаслик учун эканлигини билиб турарди. Оиша гапирди, ота тинглади. Оиша отаси унинг гапларини англамаётганини сезиб турарди, унинг ҳаёли бошқа тарафларда эди. Абу Бакр қизи ҳам тушуна оладиган даражада узоқларга термулиб, чуқур ўйлар ичида, булут каби соф ва сассиз эди...
"Нимани ўйлаяпсиз, отажоним?"
"Соғинч ва хавотир".
"Ниманинг соғинчи, ниманинг хавотири?"
"Уни жуда соғиндим, қизим"- деганда овози тираб кетди, нафас оларкан, ичидан шалдирашми, ғувиллашгами ўхшаш овозлар чиқарди. Зам-замдан бир қултум ичиб олгач, сўзида давом этди:

"Хавотиримга келсак, Ҳабибимнинг: "Менинг бутун хавотирим ва қайғум ортимда қолаётган умматимдир" - деганларини эслаяпман. Унинг омонатига лойиқ бўлмасам-да, мана шу масъулиятни менга юкладилар. Ҳозир мен ҳам уммат учун қайғуряпман, ўзимдан сўнг уларни кимга омонат қолдираман?"
"Умар Хаттоб – сиз кўзлаган одам".
"Мен ҳам шундай фикрдаман, кеча уни чақириб, васиятимга ёзганларимни бердим. Бир сўз ҳам демади: на ҳа деди ва на йўқ. Ҳали уни рози қилиб улгурмасимдан, буни эшитган баъзи дўстлар "Умар бўлмайди, у жаҳли тез, қаттиқ инсон"- дедилар. Бошқарувни у эплай олмайди, юмшрқ, мулойимроқ бирор кишини топ, дедилар".
"Сиз уларга нима деб жавоб бердингиз, отажон?"
"Балки Умарнинг аччиғи тездир, бироқ бошқарув масъулияти уни юмшатади, кейин эса, ўзимдан сўнг Умарни сизларга халифа қилиб тайинладим, дея хат ёздириб, топширдим. Буни кейинроқ умматга тушунтириб беради".
"Жуда ҳам тўғри иш тутибсиз, отажон".
Қизининг қўлларини кафтлари билан махкам тутиб олган ота унинг манглайидан ўпаркан: "Отангни кўнглини хотиржам қилдинг, қизим, уни сўнгги бор яна бир хурсанд қилишни хоҳлайсанми?" деди.
"Сўнгги борами?! Умр бўйи хизматингиздаман, сўнгги деган бу сўзингизга ақлим етмаяпти. Отажоним, мен билмаган бирор нарса борми? Сиз ҳар бир нарсани Ҳумайронгиз билан баҳам кўрардингиз-ку?!"
Халифа Абу Бакр жим қолди, маҳзунлигини сўлғин юзи остига яшираётгандек, сукут сақлади.
"Қизиқ, отанинг Ҳумайросидан истаётгани бу мамнуният нима экан-а?!"
"Сен ҳам менинг қизим, ҳам Пайғамбаримизнинг менга қолдирган омонатисан, шу билан бирга, мўминларнинг онасисан. Қизимдан истаганим бошқа. Мўминларнинг онасидан истаганим эса, яна бошқа бир нарсадир. Қизимдан истаганим – Расулуллоҳ омонатини топшириш вақтида боши сенинг тиззаларинг устида эди, отанг ҳам бу кеча бошини қизининг тиззалари устига қўйиб ухлашни истайди".
Икки кундан буён қайғу ва аламли кўз ёшлар ичидаги Оишаи Ҳумайронинг юзлари биринчи бор кулимсиради ва деди:
"Отажоним, ҳам тиззамда ухлатаман, ҳам ёшлигимдаги каби, соқолингизни силаб ўтираман. Кейинги истагингиз нима?"
"Истак эмас, изндир қизим. Буни бир неча кундан сўнг айтаман, Иншааллоҳ".
Шу кеча қўли қизининг кафтларида, боши қизининг тиззаларида, ўтмишга қайтиб, умрининг сарҳисобига шўнғиди Халифа Абу Бакр...

Нашрга тайёрланаётган “Ризвон юлдузлари” китобидан

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Иккининг иккинчиси