Европа Чемпионлар Лигасининг учинчи туридан ўрин олган баҳсда Мадриднинг «Реал» жамоаси ўз майдонида «Ювентус»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувдан сўнг «қаймоқрангликлар» бош мураббийи Хаби Алонсо жамоаси ўйини ва натижа ҳақида фикр билдирди.
Мураббийнинг таъкидлашича, бу беллашув осон кечмаган, аммо футболчилар интизом ва ирода билан курашиб, муҳим ғалабага эришишган.
— Биз бу баҳс енгил бўлмаслигини олдиндан билардик. Биринчи бўлимда рақибнинг босими сезилди, ўйинга киришишда озгина қийналдик. Лекин вақт ўтиши билан жамоа ўз ритмини топди, тўп устидан назоратни қўлга олди ва ишонч билан ҳаракат қила бошлади, — деди Алонсо.
Унинг сўзларига кўра, жамоа иккинчи бўлимда анча эркин ҳаракат қилган ва голдан сўнг ўйин завқли тус олган.
— Беллингҳемнинг голидан кейин футболчиларимиз ўйиндан завқ ола бошлади. Яхши комбинациялар яратдик, бир неча марта ҳисобни ошириш имконияти ҳам бўлди. Аммо муҳим жиҳат — голни сақлаб қолдик, — дея қўшимча қилди мураббий.
Алонсо айтишича, жамоа бугун нафақат майдонда, балки руҳий жиҳатдан ҳам ўсганини намойиш этди.
— Бизда ишонч бағишлайдиган ажойиб дарвозабон бор. У ҳал қилувчи лаҳзаларда яна бир бор жамоани қутқарди. Бу ғалаба бутун жамоанинг меҳнати натижаси, — деди у.
Хаби Алонсо жамоа натижаси ва Чемпионлар Лигасидаги ҳолатидан мамнунлигини яширмади.
— Уч очко, тоза дарвоза ва 100 фоиз натижа — бу айни дамда биз учун муҳим. Йигитлар бунга муносиб эди. Бундай ўйинлар жамоага куч ва ишонч беради. Энди олдимиздаги баҳсларга тайёргарликни янада жиддийлаштирамиз, — дея таъкидлади мураббий.
Эслатиб ўтамиз, «Реал» ушбу ғалабадан сўнг гуруҳда етакчиликни мустаҳкамлади ва Чемпионлар Лигасидаги барча учрашувларда ғалаба қозонган ягона жамоалардан бири сифатида ўз мақомини сақлаб қолди.
Бу ғалаба мадридликлар учун навбатдаги муҳим синов бўлди — нафақат натижа, балки жамоанинг ўйин услуби ва характерини ҳам кўрсатди. Алонсо ва шогирдлари эса яна бир бор мухлислар олдида ўзларига хос жозибадор футбол намойиш этишди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!