Таҳририятдан: Ўтган йили Канадада яшаётган юртдошимиз, эркин журналист ва ҳуқуқбилимчи Бахтиёр Шоҳназаровнинг янги китоби чоп қилинганди. "Чет элда яшаш: Америка" деб номланган қўлланма-китоб муаллифнинг ҳаётий тажрибасидан келиб ёзилган.
Мазкур китоб янги дунёга келишни режалаштирган ёки аллақачон Шимолий Америка қитъасида яшаётган юртдошларимиз учун беминнат дастур бўлиб хизмат қилишини китобга сўзбоши ёзган 1990-йиллар бошларидаги собиқ Олий Кенгаш депутати Жаҳонгир Муҳаммад ва "Америка Овози" журналисти Навбаҳор Имамовалар таъкидлашган.
Ўзбек тилининг бой имкониятлари ишга солиниб, китоб тилимизга янгича қараш ва ёндашиш билан битилган.
Муаллифнинг розилиги билан китобдан парчалар эълон қилишни бошлаймиз.
Муаллифдан: “Китоб ўқимаган халқ ортда қолади”
“Фейсбук”да бир ибратли ҳикояга кўзим тушиб қолди. Унда ҳар хил миллатга оид икки қўшни ҳақида сўз юритилади. Қўшниларнинг тенгқур ўспирин ўғиллари бор экан. Бир куни биринчи қўшни ўғлига бир доллар берибди. Ўғли бозорга бориб, бир долларга қатиқ сотиб олибди. Уйга келиб, унга қайнаган сувни совутиб қўшиб, айрон қилибди. Айронни сотиб, ўн доллар пул қозонибди. Пулнинг беш долларини отасига берибди. Ота-бола хурсанд бўлишибди.
Иккинчи қўшни ҳам ўша куни ўғлига бир доллар берган экан. Ўспирин пулни олиб, унга чўнтагидаги пулни ҳам қўшиб, китоб дўконига чопибди. Физикага оид битта китоб олмоқчи бўлиб юрган экан. Лекин, пули етмагани учун, дўкончи билан қолганини пул топганида олиб келиб беришга келишиб олибди. Уйга бориб, китобни ётволиб ўқибди.
Орадан ўн йил ўтибди. Биринчи қўшнининг боласи ҳалигача бозорда айрон сотар ва тирикчилиги ўтаётганидан хурсанд экан. Иккинчи қўшнининг боласи эса Американинг Силикон водийсида ойига ўн минг доллар олиб ишлар экан.
1930-йиллардаги Сталин қатағонидан кейин ўзбек халқи ўз ойдин-зиёлиларидан жудо бўлди. Натижада, коммунизм ғояси миясига сингдирилганида қандай қаршилик кўрсатишни билмади. Чунки, бунинг учун билимли бўлиш, ғояга қарши ғоя билан курашиш ва ўз қарашини илмий асосда исботлаб беришни ўрганиш зарур эди.
Кўпчилик китоб ўқиб, билим олиш ўрнига пул топиб, данғиллама участка қуриш, автомобил сотиб олиб, тилларда достон бўладиган тўй қилиш дардига тушиб қолди. Ҳатто, китоб ўқиган болаларга “ўқиб олим бўлармидинг, чиқиб молларни ўтлатиб кел” дейилди. Буларнинг натижаси ҳозирги кунда яққол кўзга ташланиб турибди. Ёшлар орасида “мактабни битирсам, чет эл (Россия)га бориб, ҳар қанақа иш бўлса ҳам ишлайман” деб фикрлайдиганлар талайгина.
Қиссадан ҳисса шу-ки, китоб ўқимаган ва билимга чанқоқ бўлмаган халқ бошқаларнинг хизматкорига айланади. Фақат бугунги куни ўтишини ўйлаб, келажакка ётирим қилмасликнинг оқибати шунга олиб келади.
Мен “ҳеч ким китоб ўқимайди” демоқчи эмасман. Лекин, рақамлар жуда ўжар бўлади. 1970-йилларда аҳолиси ўн тўрт миллион киши бўлган Ўзбекистонда китоблар олтмиш-етмиш минг нусҳада чоп қилинарди. 2018 йил охирларига келиб, аҳоли сони ўттиз уч миллионга етган. Китоблар эса уч-тўрт минг нусҳада чиқарилаяпти, холос. Тушунган одам учун бу жудаям аянчли статистика бўлиб, китобхонлик даражаси қирқ-эллик бараварга (!) озайганини англатади.
“Бошга тушган – табиб” дейди доно халқимиз. Менинг “Туркиядаги ўзбеклар. Ҳаётий воқеалар” номли илк китобим 2008 йили Измирда турк тилида чоп қилинган. Китоб Туркияда тезда тарқалиб кетди. Хусусан, Туркия Маданият ва спорт ишлари вазирлиги икки юзта китоб сотиб олиб, кутубхоналарга етказиб берди. Ўзим эса анча китобни туркистонликлар жамиятларига совға қилгандим.
Қўлингиздаги китобнинг биринчи нашри чоп қилингандан кейин анча-мунча танишлардан уни китобхонларга етказиб бериш ҳақида маслаҳат сўрадим. Деярли барчаси “ўзбеклар китоб ўқимай қўйишган” дейишди. Лекин, бу унчалик рост эмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатди. 2018 йил 1 декабр куни Чикагода ўтказилган китоб тақдимоти икки соат ўрнига уч соат давом этди. Қизиқарли ўтган тадбирдан кейин қатнашувчилар китобни қўлма-қўл қилиб юборишганини кўрганимда танишларим адашишганини англадим.
“Билмаганин сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим” деган эди буюк бобокалонимиз Алишер Навоий. Мазкур китоб оғирингизни енгил қилиб, янги билимлар берса, мен ўзимни ўта бахтиёр ҳис қилган бўлур эдим. Қимматли вақтингизни аямай, китобни ўқишга киришаётганингиз учун катта раҳмат!
Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.
Бахтиёр Шоҳназар
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Кипр ҳукумати россиялик ва украиналик миллиардерларнинг «олтин» паспортларини олиб қўйди
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Вирус UFC ни дунёга танитди
Британияда 3 та ҳарбий база узра УУА парвози қайд этилди
"Пахтакор"нинг ўйини мутахассис нигоҳида: "Менимча, ғалаба учун эмас, бир очкони сақлаб қолиш учун ўйнади"
Асир: Украина аскарлари отишни интернетдаги видеолар ёрдамида ўрганишади
БААда исроиллик раввин ўлдирилиши юзасидан Ўзбекистон томони баёнот берди