
Бугун Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташриф буюради. Давлат раҳбари саноат корхоналари фаолияти ҳамда маҳаллаларда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиши, шунингдек, халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этиши режалаштирилган.
Ташриф доирасида вилоятдаги йирик ва ўрта саноат корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнлари, қўшимча қиймат яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш ҳолати ўрганилади, маҳаллаларда амалга оширилаётган бунёдкорлик, инфратузилмани янгилаш, ижтимоий объектлар барпо этиш ва аҳоли шарт-шароитини яхшилашга қаратилган ишлар кўздан кечирилади.
Президент иштирокида бўлиб ўтадиган халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Йиғилишда саноатни диверсификация қилиш ва инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, йўл, коммунал ва ижтимоий инфратузилмани такомиллаштириш, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимини янада қўллаб-қувватлаш каби масалалар бўйича тегишли топшириқ ва вазифалар белгилаб берилиши режалаштирилган.
Ташриф якуни бўйича ҳудуд тараққиётига қаратилган янги лойиҳалар ва амалий чора-тадбирлар шакллантирилиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.