11:55 / 07.03.2021
2 872

Тиббий психолог ким? (видео)

Тиббий психолог ким? (видео)
Руҳий саломатлиги жойида бўлган шахс ўз салоҳияти (жисмоний ва ақлий имкониятлари)дан тўлақонли фойдалана олиши, кундалик енгил стрессларни енгиб ўта олиши, маҳсулдор иш тарзини олиб боришга қодир бўлиши, жамият учун фойдали бўла олиши лозим. Шу хусусиятларга эга бўлган шахсларнинг руҳий саломатлиги барқарор ҳисобланади.

Статистикага кўра, Ер сайёраси аҳолисининг ҳар бешинчиси қайсидир кўринишидаги руҳий хасталикдан азият чекади. Ҳар иккинчи одамда эса хасталик билан умри давомида дуч келиш эҳтимоли бор. Шу боис, руҳий беқарорлик ҳолати, уни бартараф этиш, руҳий хасталар билан мулоқот қила олиш ҳақида тушунчага эга бўлиш лозим.

Қандли диабет, саратон, юрак-қон томир касалликлари, ОИВ каби жиддий асоратларга олиб келадиган хасталикларнинг негизида асаб ва руҳиятдаги бузилишлар ётади. Бутун дунё ҳамжамияти изчил кураш олиб бораётган суицид ҳам депрессия асосида ривожланади. Суицидларнинг 5 фоизи айнан тушкун кайфият таъсирида амалга оширилади. Шу боис депрессияга бефарқ бўлмаслик, унга қарши керакли чораларни қўллай олиш лозим.

Психолог хизмати нима учун зарур?
Психолог қабулига бориш сизни «жинни»га чиқармайди. Руҳшуносга фақатгина носоғлом одамлар боради, деган фикрдан халос бўлиш лозим.

Руҳшунос инсон психологияси ҳақида олий гуманитар таълимга эга бўлган шахс. Деярли барча муаммоларни бошланғич босқичда руҳшунос билан биргина суҳбат орқали ҳал қилиш мумкин. Депрессия ва жисмоний муаммоларни келтириб чиқарадиган оилавий муаммолар, ишдаги ғалвалар, қўрқув каби муаммоларни ҳал қилиш, ички мувозанати тиклашда психолог ёрдам беради.

Мени эшитиб, маслаҳат берадиган дўстларим турганда пул сарфлаб руҳшуносга бораманми, деб ўйлайдиганлар бўлиши мумкин. Руҳшунос инсон психологияси ҳақида профессионал даражада билимга эга бўлади. Сўзларни тўғри қўллай олиш, масаланинг ўйланмаган томонидан ёндашиш, инсон ўзи билмаган, лекин унга азоб бераётган омилларни аниқлай олиш кўникмасига эга бўлади.

Шу мақсадда сайтимиз орқали инсонларга руҳий саломатлик улашиш, уни қандай тиклаш, мустаҳкамлаш каби мақсадлар йўлида мутахассис маслаҳатини бериб бориш учун "Тиббий психолог маслаҳатлари" рукни остида лойиҳага қўл урдик. Мазкур лойиҳа асосида тайёрланган кўрсатувлар билан Сиз сайтимиз орқали, сайтимизнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали, Ютуб канали орқали танишиб боришингиз мумкин. Ушбу хайрли ишни "Асаб ва Рухият" илмий-тиббий маркази ходими, тиббий-психолог, психотерапевт Юнусходжаева Хилола Сайфутдинхужаевна билан биргаликда олиб борамиз.

"Тиббий психолог маслаҳатлари" деб номланган лойиҳамизнинг илк кўрсатуви билан қуйидаги видео орқали танишиш имконига эгасиз. Мазкур кўрсатув ҳақидаги хулосаларингиз, ўзингизни қизиқтирган саволлар билан видео остида фикр қолдирсангиз кейинги кўрсатувларимиз орқали жавоб оласиз.

Маълумот ўрнида: Юнусходжаева Хилола Сайфутдинхужаевна 1990 йил Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган, 2009-2017 йилларда Тошкент тиббиёт академияси, 2017-2020 йилларда тиббиёт психологияси бўйича магистратурани тамомлаган. Ҳозирги вақтда ўз соҳаси бўйича PhD докторант.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Тиббий психолог ким? (видео)