09:00 / 09.09.2021
2 606

Соматик асаб тизимининг автоном дисфункцияси: келиб чиқиши, белгилари, даволаш усуллари

Соматик асаб тизимининг автоном дисфункцияси: келиб чиқиши, белгилари, даволаш усуллари
Фото: Pinterest
Автоном асаб тизими организмнинг бир қисми бўлиб, у ички органлар фаолиятини ва организмдаги метаболизмни бошқаради.

Касалликни келтириб чиқарувчи омиллар
- Психоген — ўткир ва сурункали стресс ҳолатлари;
- Жисмоний — оғир меҳнат, қуёш уриши, нурланиш, юқори ҳароратда ишлаш, жисмоний омилларнинг таъсири (кўпинча касбий мажбуриятларни бажариш билан боғлиқ);
- Кимёвий — сурункали интоксикация, спиртли ичимликлар, никотин ва бошқа психоактив моддаларни истеъмол қилиш;
- Гормонлар дисбаланси даврида, балоғат ёши, менопауза, ҳомиладорлик, контрацептивларни қабул қилиш;
- Инфексион касалликлар (сурункали ёки ўткир), менингит, энцефалит, коронавирус;
- Жароҳатлар — бош мия чайқалиши;
- Соматик касалликлар — гастрит, колит, сурункали гепатит, қандли диабет, бўқоқ касалликлари;
- Пренатал, туғишдан олдинги давр — инфекция, интоксикация, гипоксия, ҳомиладорлик даври гестози.

Белгилари
Юрак тез уриб кетиши, юрак соҳасида санчиқ, қизиб ёки совиб кетиш, кўп терлаш, уйқунинг бузилиши, жиззакилик, бош оғриғи ва айланиши каби белгилар. Бундай беморларнинг қон босими кўпинча паст юради, тўйиб нафас ололмайди, худди ҳаво етмагандек туйилади, тез-тез пешоб чиқади, жинсий совуққонлик пайдо бўлади. Қориннинг пастки қисми оғриб туриши, ичак фаолиятининг бузилиши, овқатнинг қийин ҳазм бўлиши ҳам кузатилиб туради.

Аксарият беморларда чуқур хўрсинишлар пайдо бўлади. Одамлар гавжум ва ҳавоси димиққан жойлар ёмон таъсир қилади, совуққа чидамсизлик пайдо бўлади. Тунда иккала оёқ безовта бўлиб, ухламай чиқиш ҳам мумкин. Тонг ёриши билан оёқлардаги безовталик ўтиб кетади. Бундай беморлар эрталаб уйғонганда юз-кўзлари бироз шишган ва кўз таги салқиган бўлади.

Бу касалликда беморнинг кайфияти тез-тез бузилиб туради ва арзимаган нарсага жаҳли чиқади, ҳиссий портлашлар, атрофдаги воқеалардан доимо норозилик кузатилади. Баъзида депрессияга тушиб, ҳеч ким билан гаплашмай қўйиш, ҳеч нарсадан қониқмаслик пайдо бўлади. Асоссиз қўрқув ва хавотир, ақлий ва жисмоний ишларга хоҳиш йўқлиги, паришонхотирлик ва хотиранинг панд бериб юриши вегетатив дистониянинг доимий ҳамроҳидир.

Даволаш
Даволаш комплекс ёндашувни талаб қилади:
- шифокор тавсияси асосида дори-дармонларни қабул қилиш;
- турмуш тарзини нормаллаштириш;
- санаторий ва курортларда дам олиш;
- психотерапия.

Шунингдек, турмуш тарзини ўзгартириш, иш ва дам олишни нормаллаштириш, контрастли душлар қабул қилиш, очиқ ҳавода сайр, жисмоний фаолликни кучайтириш тавсия этилади.

Тўғри озиқланишга эътибор бериш лозим. Кунига камида 1,5 литр тоза сув ичиш, ёғсиз гўшт ва балиқ маҳсулотларини истеъмол қилиш, шўр озиқ-овқатларни камайтириш, витамин ва антиоксидантларга бой меваларни, айниқса, цитрус меваларни кўпроқ тановул қилиш тавсия этилади.

Йилда бир ёки икки марта санаторий ва курортларда дам олиш, айниқса, умуртқа касалликларини даволаш меҳнат қобилиятини яхшилашга ёрдам беради. Орқа мияда автоном асаб тизими марказлари остеохондроз, диск чурраси, сколиоз, спандилез мавжуд, бу касалликни кучайтиради.

Самарали даволанишга ва касалликнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этишга психотерапевт курслари яхши ёрдам беради.

Шифокор Хуршид Аъзамхўжаев тавсиялари асосида тайёрланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Соматик асаб тизимининг автоном дисфункцияси: келиб чиқиши, белгилари, даволаш усуллари