Республиканинг суғориладиган ер майдонларида кузги буғдой ҳосили жорий йил фавқулодда серҳосил бўлди. Каналда берилган саволга жавоблардан шу тўхтамга келиш мумкин.
Тўғри, сув етишмовчилиги билан боғлиқ Қашқадарё, Бухоро, Хоразм вилояти аксар суғориладиган ер майдонларида ғалла ҳосили кўнгилдагидек эмас. Аммо, бошқа ҳудудлар, хусусан, водий, жануб Сурхондарё, Мирзачўл, Чирчиқ-Оҳангарон ҳавзаси ер майдонларида дон ҳосили кескин кўпайиб кетди. Водийда деҳқонлар 80-90 ц/га ҳосилдорликни гувоҳи бўлмоқда.
Бунга сабаб этиб асосан қиш чилласидаги аномал совуқ ва буғдой занг касалликларини "чақирмайдиган" ёғинсиз барқарор исиб борган баҳор мавсумини келтириб ўтиш мумкин. Ва албатта буғдой навлари устида ўтказилган селекция ютуқлари ҳамда суғоришни маъромига етказиб бажариш ишларини таъкидлаш ҳам керак.
Адашмасам, 2022-2023 йил куз-қиш ҳамда баҳор мавсуми буғдой вегетацияси учун илмий қоидалардаги комфорт иқлимий муҳитни туҳфа этди. Бизнинг минтақада ўрик ва буғдой ҳосили бир мавсумда юқори кузатилган камдан кам даврдан бирини улашди. Чунки, халқимиз орасида "буғдой яхши бўлса, ўрик, ўрик яхши бўлса буғдой яхши бўлмайди", деган нақл юради.
Қиш чилласидаги совуқ аномалияси тўсатдан табиатни қайта кашф этди. Зараркунандаларсиз ва ҳароратнинг бир маромда исиб бориши (кескин совуқ оқимнинг кириб келмаслиги) жуда кўп қишлоқ хўжалик маҳсулотларида яхши ҳосилдорликни улашди.
Эслаб қоламиз, Ла-Ниньонинг сўнгги босқичи айнан баҳор мавсумига тўғри келиши бизда шу каби манзараларни ҳосил қилиши мумкин экан. Ва албатта, айнан қиш чилласида битта аномал совуқ омили билан биргаликда кузатилиши.
Аммо, шунга қарамай, қурғоқчилик ва кам ёғин иссиқ баҳор мавсуми лалми ер майдонларидаги ғалла ҳосилини кескин камайтириб юборди.
Эркин Абдулаҳатов
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг