Bitcoin 155 фоизга, олтин 13 фоизга қимматлашди – халқаро молия бозорининг йиллик шарҳи
Коронавирус пандемияси дунёнинг барча давлатлари иқтисодиётига салбий таъсир қилди ва келгусида карантин, изоляциялар умумий ҳаракатланиш ва миграция масалаларида жиддий чекловларга сабаб бўлишини кўрсатди. Бунинг натижасида ер юзидаги барча давлатлар дунёда ҳали юз бермаган инқироз остига келиб қолди ва ҳукуматлар фавқулодда махсус қарорлар чиқаришга мажбур бўлди. Пандемияга қарши кураш даврида иқтисодий енгиллашувлар ва ҳукуматларнинг ҳаддан ташқари кўп қарз олишлари натижасида пул ўз қадр-қийматини йўқотиши бир неча бор тезлашди ва кўп давлатларда инфляция назорат остидан чиқиб кетди. Шу туфайли АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) “Миқдорий қисқариш” сиёсатини ишга тушириб, фаол равишда фоиз ставкаларини кўтариб бориши туфайли бир неча 10 йилликлардан бери биринчи марта, 2022 йил июл ойида мамлакатдаги инфляция 9,1 фоиз кўрсаткичини қайд этганидан сўнг 2023 йил 3,1 фоизгача тушди.
Jahon Insights канали экспертлари 2023 йилда халқаро молия бозорида содир бўлган энг муҳим воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.
АҚШ топ фонд бозорлари индекси:
- S&P500: +0,32 фоиз (йил бошидан +24,23 фоиз);
- NASDAQ: +0,29 фоиз (йил бошидан +53,81 фоиз);
- DJI: +0,81 фоиз (йил бошидан +13,7 фоиз).
АҚШ фонд индекслари 2023 йилдаги энг сўнгги савдо ҳафтасини кичик ўсиш билан муваффақиятли якунлади. Йиллик натижаларга эътибор қаратсак, АҚШ фонд бозори иқтисодий мураккаб даврда жуда ҳам зўр натижага эришди ва прогнозлардан анча юқори ўсиш суръатларини тақдим этди. Умуман олганда, 12 ой ичида NASDAQ 5886 пункт, Dow Jones 4542 пункт ва S&P500 индекси эса 930 пунктга кўтарилди.
Асосий қимматбаҳо металлар:
- Олтин: +0,48 фоиз (йил бошидан +13,11 фоиз);
- Кумуш: -1,67 фоиз (йил бошидан -0,74 фоиз);
- Алюминий: +2,76 фоиз (йил бошидан +0,16 фоиз);
- Мис: -0,19 фоиз (йил бошидан +2,01 фоиз).
Жорий йил барча қимматбаҳо металлар учун бир хил тарзда якун топмади. Олтин бир нечта махсус хусусиятларга эга бўлгани туфайли асосий қимматбаҳо металлар орасида энг баланд ўсишни қайд этди. Oлтин бир йил ичида 239 доллар, алюминий 3,8 доллар, мис эса 7 центга қимматлашди, ўз навбатида кумуш 17 сентга арзонлашди.
Нефт
- WTI: -2,85 фоиз (йил бошидан -11,34 фоиз);
- BRENT: -2,32 фоиз (йил бошидан -10,37 фоиз).
Нефт 2023 йил флетда ҳаракатланди. "Қора олтин"нинг WTI маркаси йил давомида 9,12 долларга, BRENT маркаси эса 8,91 долларга арзонлашди.
Гарчи, 2023 йилда нефт нархи кўтарилишига ёрдам бера оладиган кўп ҳодисалар рўй берган бўлса-да, "қора олтин" баҳоси сезиларли даражада пастлади. Бунинг энг асосий сабаби глобал иқтисодиётнинг секинлашишидир.
Валюталар
- EUR/USD: +0,21 фоиз (йил бошидан +3,12 фоиз);
- USD/CNY: -0,47 фоиз (йил бошидан +2,90 фоиз);
- USD/TRY: +0,78 фоиз (йил бошидан +57,71 фоиз);
- USD/UZS: -0,42 фоиз (йил бошидан +9,53 фоиз);
- RUB/USD: -3 фоиз (йил бошидан +23,24 фоиз).
Валюталар учун 2023 йил етарлича мураккаб келди. Дунёнинг бир нечта илғор Марказий банклари томонидан фоиз ставкаларини кўтаришда кескин секинлашув ва август ойидан бери батамом тўхташ валюталарга босим ўтказишни бошлади. Бунинг натижасида улар заифлашишни, фонд бозорлари эса жозибалироқ кўринишни бошлади. 2023 йилнинг январ ойидан бошлаб қараганда, EUR/USD 3,12 фоиз, RUB/USD эса 23,24 фоиз кўтарилди, Осиё минтақасига оид валюталар бўлган USD/TRY, USD/UZS ва USD/CNY'лар эса мос равишда 57,71 фоиз, 9,53 фоиз ва 2,90 фоизга ўсди.
Криптовалюта
- Bitcoin: -2,15 фоиз (йил бошидан +154,87 фоиз);
- Ethereum: +1,56 фоиз (йил бошидан +92,8 фоиз).
Асосий криптовалюталар олдинги йилдаги катта қулашдан сўнг, 2023 йил тикланиш ҳаракатларини намоён қилди. Bitcoin 2023 йил деярли 155 фоиз ўсган бўлса-да, олдинги йилнинг йўқотишларини 2023 йилда тўлиқ қоплашни амалга ошира олмади. Ethereum эса сўнгги йил деярли 93 фоиз ўсиш суръати билан 2022 йилдаги йўқотишларининг салкам 50 фоизини тиклади.
Бозорлар ҳақида қисқача
Федерал захира тизими бир неча йилдан бери ўзининг энг муҳим ва асосий муаммоси бўлиб келган инфляция даражаси назоратини ўз қўлига олган бўлса-да, унга қарши кураш ҳали якунланмади. Сабаби, гарчи ташқи томондан олиб қараганда инфляция кўрсаткичи, сўнгги маълумотларга кўра 3,1 фоизни ташкил этса-да, ФЗТ раиси Жером Пауэлл ваъда берган 2 фоизгача ҳали бир неча қадам бор. Бундан ташқари, турли минтақаларда содир бўлаётган ва давом этаётган турли инқироз, урушлар ёки эпидемиялар туфайли етказиб бериш ва таъминот занжиридаги узилишлар, оддий хомашё ва озиқ-овқатлардан тортиб турли қимматбаҳо қоғозлар бозорларига салбий таъсир этмоқда. ФЗТ 2023 йилнинг сўнгги бир неча ойлари фоиз ставкасини кўтармаган бўлса-да, инфляция стабил равишда пастлашда давом этмоқда. Шунга қарамай, Пауэлл агарда мамлакатда нарх босими қайта тикланса ва кучайишни бошласа, фоиз ставкасини қайтадан кўтаришга ваъда берди.
Эслатма! Тақдим қилинган маълумотлар муаллифга тегишли бўлиб, 25 декабрдан 29 декабргача бўлган вақт оралиғидаги молия бозорида юз берган ўзгаришлар асосида тайёрланган. Ушбу мақола инвестицион маслаҳат эмас.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг