Бугунги кунда давлат ва дин муносабатлари борасида тўлиқ ва муайян бир фикр шаклланмаган. Энг ачинарлиси, давлат ташкилотларида фаолият юритаётган фуқароларимизда ҳам айни шу масалага турлича ёндошилаётганлиги сабаб, аксари ҳолларда келишмовчиликларга гувоҳ бўламиз.
Мамлакатимизда дин давлатдан ажратилган, деган қоида мавжуд. Қоида нима учун қабул қилингани ва уни мақсади тўғрисида кўпчиликда маълумот йўқ. Авваламбор, дин давлатдан ажратилган деган гапни қандай тушуниш мумкин?
Биринчидан, бундан мақсад давлатнинг диний ташкилотларни молиялаштирмаслиги. Яъни масжид бўладими, черков ёки ибодатхона бўладими, ҳар қандай диний ташкилотлар давлат томонидан молиялаштирилмайди.
Иккинчидан, бу қоидадан мақсад, давлат идоралари, ташкилотлари диний ташкилотларнинг ички ишларига ва ўз навбатида диний ташкилотлар ҳам давлат сиёсатига аралашмайди.
Мана шу мезонни тўла тушунмаслик натижасида, турли ихтилофлар келиб чиқмоқда. Диний ташкилотларнинг ва давлат ташкилотларининг баъзи бир ходимлари ҳамда аҳолининг аксари қатламида “Демак, давлат диндан ажратилган бўлса, динга қандайдир қаршилик бор”, деган нотўғри тушунча пайдо бўлди. Бунга аниқлик киритилиши шарт.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита қандай ташкилот-у, Ўзбекистон мусулмонлар идораси қандай ташкилот эканлигини билмайдиган инсонлар кўп. Кўплаб ҳамюртларимизда бу борада етарли билим ва маълумот йўқ. Ҳатто, мен Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада ишлаганимда, катта-катта ташкилотларнинг раҳбар ходимлари “Сизга биз хат билан мурожаат қилмоқчи эдик. Муфтий ҳазратларининг номларига хат ёзайликми?” деган савол билан чиқишар эди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси билан Дин ишлари бўйича қўмита ўртасида жуда катта фарқ борлигини тушунтиришга қийналар эдим. Давлат ташкилотларида вазият шундай бўлса, оддий аҳолининг нотўғри қарашларидан хафа бўлмасак ҳам бўлади. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита бу давлат идораси ҳисобланади ва давлат томонидан молиялаштирилади. Мусулмонлар идораси давлат ва бюджетдан ташқари бўлган ташкилотдир.
Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикасида 90 фоиздан зиёд мусулмонлар яшайди. Шундай экан, динни биз жамиятдан ажратолмаймиз. Афсуски, айрим шахслар жамиятимизда динга эътиқод қилувчиларнинг ортиб боришини жамият радикаллашиб бормоқда, деган масала билан чалкаштиришяпти. Бу нотўғри.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, аждодларимизнинг барчаси мусулмон бўлган, кўпчилиги ёшлигиданоқ ҳофизи Қуръон бўлишган. Шундан сўнг барча илмларни ўзлаштиришга ҳаракат қилган ва ўзлаштиргандан кейин дунёга машҳур кашфиётлар қилинган. Уларнинг бирортаси мусулмон бўлгани учун террорист бўлиб қолмаган. Аксинча, мусулмон бўлгани учун ривожланган, дунё тараққиётига ҳисса қўшган.
Бугунги кундаги баъзи ҳолатларга тўхталсак. Бир вақтлар соқол қўйган йигитларга қараб “толибонга ўхшама”, дер эдик. Бугун эса “толибон”ларга хуш келдингиз деяпмиз. Аслида, ҳақиқий террорист соқол қўймайди. Ёмон ниятли инсон ўзини ошкор қилмасликка ҳаракат қилади. Давлат мусулмонларнинг камтарона бўлган хоҳиш-истакларига пешвоз чиқиши керак. Бугун давлат мусулмонларга ўз динларининг мазмун-моҳиятини тушунишига имкон бериши лозим. Диндан йироқлаштирсак эҳтиёжни ижтимоий тармоқдан излайди ва бу давлатга хавф туғдириши мумкин. Дин ва унинг мазмун-моҳиятини мусулмонларга ўргатишда давлат идоралари, айниқса бу масалада Дин ишлари бўйича қўмита пешқадам бўлиши керак. Ижтимоий тармоқ орқали турли хил даъватлар кетаётган бир шароитда, асл исломни кўрсатиб бермасак, кеч бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитани кўпчилик фақатгина мусулмонлар билан ишлайдиган ва уларни давлат билан боғлайдиган ташкилот деб тушунишади. Аслида ундай эмас. Ўзбекистон Республикасида 136 тадан зиёд миллат ва эллатлар яшайди. Ва шу билан биргаликда 16 та диний конфессиялар расмий рўйхатдан ўтган. Дин ишлари бўйича қўмита давлат билан диний ташкилотлар ўртасида кўприк вазифасини бажаради. Давлат ва ибодат қилувчи ҳар қандай фуқаро, мусулмонлар ўртасида муросани таъминлайди.
Бугунги вазиятга баҳо берадиган бўлсак, бу борада тушунмовчиликлар, зиддиятларни кўришимиз мумкин. Масалан, бир неча йил аввал савдо мажмуасида йигитларнинг соқолини олиниши билан боғлиқ муаммо юзага келган эди. Ана шу муаммоларни Дин ишлари бўйича қўмита тушунтириши керак. Соқолини олиш билан биз йигитларни фикридаги, онгидаги масалаларга таъсир қилолмаслигимизни англаб етишимиз керак. Авваламбор, соқолга нисбатан муносабатларни ўзгартириш жоиз.
Чунки соқол бир ҳафтада ўзига қайтади, лекин давлат томонидан қилинган жароҳат бир умрга қолади. Агарда йигитда радикаллик бўлса, соқолини олиб ташлаш билан ундаги радикализм кучаяди ва давлатга нафрати ортади. Шунинг учун бугунги кунда Дин ишлари бўйича қўмита ва Мусулмонлар идораси ҳамкорликда динни ўргатувчи курсларни очиб, диний таълим берилиши керак. Бизнинг уламоларимиз диннинг ҳақиқий мазмунини етказиши зарур.
Ҳар куни деярли оммавий ахборот воситаларида коррупцион ҳолатлар ҳақида хабарлар берилмоқда. Коррупцияни қандай олдини олишимиз мумкин? Бугун худодан қўрқадиган, динни яхши биладиган ва юрт корига ярашга бел боғлаган, шу билан биргаликда Ватан тараққиёти учун жонини фидо қиладиган кадрларга эҳтиёж бор. У кадрлар ўзининг ким эканлигини яхши билувчи, аждодларига муносиб бўлишга ҳаракат қилувчи, динини асл мазмун-моҳиятини чуқур ўрганган шахслар бўлиши керак. Улар коррупцион ҳолатларни олдини олади ва унга барҳам беради.
Шу билан биргаликда жиноятларга қўл урмайди. Давлат бюджетига хиёнат қилмайди. Ахир, миллиардлаб маблағлар талон-тарож қилинди, деган хабарлар кўпаймоқда. Лекин ким уни талон-тарож қилди? Айбдор ким эканлигини ҳалигача тушунмаяпмиз, билмаяпмиз. Шундай экан, мана шундай масалаларни муолажа қилишда давлат диндан фойдаланиши керак, динга бағрини очиши керак. Дин билан шундай муносабатда бўлиши керакки, аслида йиғилиб қолган муаммоларни ечими динда эканлигини тушуниб етиши ва бунга эътибор қаратиши керак деб ўйлайман.
Нуриймон Абулҳасан
(2018-2019- йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган) “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади