19:50 / 18.08.2022
2 765

“Бу кетишда Тошкент Жакартанинг ҳолига тушади” — Беҳзод Ҳошимов

“Бу кетишда Тошкент Жакартанинг ҳолига тушади” — Беҳзод Ҳошимов
Тадқиқотларга кўра, шаҳарларда йўллар қанча кенгайтирилса, тирбандликлар ҳам шунча кўпаяверади.
Жакарта, Индонезия / Фото: fakta.news

Тошкент ҳокими шаҳарни таққослаган Дубай шаҳарсозлик борасида намуна бўла олмайди, дейди жамоатчилик фаоллари Беҳзод Ҳошимов ва Ботир Қобилов. Уларнинг фикрича, Тошкент бу кетишда Индонезия пойтахти Жакартага ўхшаб қолиши мумкин, бу ерда “одамлар машинасига ёстиқлар қўйиб қўйишган, чунки тирбандликларда ухлашга ҳам тўғри келади”.

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 1994 йилги Дубай билан бугунги Тошкентни солиштиргани жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Жамоатчилик фаоллари – Ҳарвард университети докторанти Ботир Қобилов ва Висконсин университети докторанти Беҳзод Ҳошимов ўзаро суҳбат-подкастида шу мавзудаги фикрлари билан бўлишди.

Беҳзод Ҳошимов шу йил Дубайга боргани, у ерда шаҳарсозлик бўйича қилинган хатолар тузатилаётганини айтган.

1988 йил билан солиштирсак, бугун Тошкентда киши бошига автомобиллар сони 6 баробар кўпроқ. Олдин киши бошига нисбатан автобус ўринлари кўпроқ эди. 1994 йилда Тошкент бундан 1,5 баробар яшилроқ эди, жамоат транспортида юрадиганларнинг улуши ҳам кўпроқ эди.

Дубай ҳақида айтадиган бўлсак, у ерда 2010 йилда зўрға метро пайдо бўлди. Ҳали ҳам шаҳарсозликнинг энг ёмон намуналари борасида Дубайдан ёмонроқ мисол топиш қийин. Балки ундан ёмони Лас Вегас бўлиши мумкин. Мен борган шаҳарларнинг ичида урбанизация нуқтайи назаридан энг ёмони – Дубай. Эҳтимол Лас Вегасдан яхши бўлиши мумкин, лекин Дубай – Ўрта Шарқ Лас Вегаси. Ҳозир ҳукумат йиллар давомида қилинган хатоларни тузатяпти. Ва бу хатоларни тузатиш учун жуда қиммат тўлашяпти. Чунки вақт нуқтайи назаридан бир жойдан иккинчи жойга бориш жуда қийин бўлиб қолган.

Дубайда бормоқчи бўлган масофангиз қисқа бўлиши мумкин, лекин у жойга етиб олишингизга жуда кўп вақт кетади. Шаҳарнинг асосий марказий кўчаси – Шайх Зайд кўчасида турган бўлсангиз, унинг нариги томонига ўтиш учун машинада 4 км юришингиз керак. Бу хатолар устида ишлар бошланган. Боғлар, пиёдалар учун шароитлар қилиняпти. Ўйлайманки, Дубай кейинги 30 йилда нормал ҳолатга келиб қолади. Лекин Дубай қилган хатоларни қилишимиз шартми?
” – дейди у.

Ботир Қобилов эса Тошкентда қилиниши керак бўлган ҳар қандай хатонинг икки баробари қилинди, деб ҳисоблайди.

1988 йилдаги Навоий кўчасининг расми бор ва ҳозирги билан солиштира оламан. Биринчидан, жамоат транспорти жуда ёмонлашди, трамвай ва троллейбус яксон қилинди. Агар 2005-2006 йиллардаги ҳужжатларни кўтариб кўрсангиз, трамвай ва троллейбусни йўқотишнинг асосий сабаби сифатида унинг рентабеллиги ва автомобилларга халақит қилаётгани келтирилган. Шаҳар аҳолиси, яъни жамоат муҳокамаси эшитилмаган.

Сиз айтган яшил зоналар қисқарди – бу факт, нафақат дарахтлар кесилди, боғлар ҳам яксон қилинди. Кўпчилик билмаслиги мумкин: Тошкент шаҳрида янги консерватория ўрнида кичкина кўл ва у ерда яшил зона бўлган. Ўша кўл ҳам қуритилди. Яна Миллий боғ, балки бир нечта кўллар, масалан “Роҳат”, “Бахт” кўли, ариқлар, жарликлар бетонлаштирилди. Шаҳар ичидан ўтадиган ариқларни назарда тутяпман. Кореядаги битта шаҳарда ариқни ёпиб ташлаб бетон қилиб йўл қилишган, лекин мамлакатга янги президент келганидан кейин ариқни қайта очишди. Аминманки, Тошкент шаҳри ривожланишининг энг тубига яқинлашдик
”, – дейди у.

Қобиловнинг фикрларини давом эттирар экан, Ҳошимов Дубайдаги чўл баҳонаси Тошкентда бўлмагани, аксинча, пойтахт “Дубай” қилинганини айтади.

Масалан, Тошкент билан Дубай солиштирилди. Тошкент, Дубай ва биз юқоридаги айтган Лас-Вегаснинг ўхшаш жиҳати ҳар учаласида йўлларнинг устидан қилинган пиёдалар ўтиш йўлагининг борлигидир. Менимча, бу нарсани Дубай Лас Вегасдан кўрган, бизникилар эса Дубайдан. Бизга ўша дидсизликни олиб келишди. Дубай билан Лас Вегасда чўлда қурилган шаҳар деган баҳонаси бор, лекин Тошкентда бундан 200 йил олдин ҳам одамлар яшарди, шаҳардан ариқ ўтарди, одамлар дарахт экарди. “Сквер”да кесилган дарахтларнинг кўплари 19-аср ўрталарида экилган. Дубайда дарахт экса унадими, деган масала турибди, биз эса бор нарсани Дубай қилдик. Дубай қилишни ёмон маънода айтмаяпман, бу шаҳарни чўллаштириш, бетонлаштириш нуқтайи назаридан”, деди Қобилов.

Суҳбат давомида Қобилов келажак авлодлар биз бетонлаштирган шаҳарга яшилликни қайтариш учун қиммат тўлов қилишини таъкидларкан, улар кўллар ва жамоат транспортини қайтаришига, шаҳар марказидан ўтган, “Формула-1 учун мўлжаллангандек” кўринадиган эни жуда кенг йўллар бузилиб, шаҳарга оид ҳар бир иш жамоатчилик билан муҳокама қилинишига умид билдиради.

Ҳошимов Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрининг бугунги аҳволи ҳақида гапирар экан, бу кетишда Тошкент шу даражага боришини тахмин қилади.

Сингапур ва Жакартанинг ораси – самолётда 40 дақиқалик йўл. Жакарта кўп жиҳатдан Тошкентга ўхшайди. Кўчалари ниҳоятда кенг, лекин йўллар жуда тирбанд. Одамлар машинасига ёстиқлар қўйиб қўйишган: бир хил “пробкалар”да ухлашга тўғри келади. Шаҳар деярли юрмайди, айниқса иш кунлари.

Сингапурда эса шаҳар марказидан аэропортга 15 дақиқада етиб оласиз, Жакартада бу 1 соат ва қачон келишингиз ноаниқ. Жакартада ҳам Ўзбекистондаги каби бензинга субсидиялар бўлган. Бир неча йиллар олдин мамлакатда аҳоли даромадлари жуда тез ўсган, натижада одамларда машина олишга имконият бўлган ва ҳамма машина олишни бошлаган.

Гарчи Жакартада машина арзон, бензин арзон, шаҳарда машинада юриш бепул бўлса ҳам, аксар жакарталиклар қиммат Сингапурни яхши кўришади. Ваҳоланки, Сингапурда йўлда юриш қиммат (шаҳар марказига кириш пулли). Ихтиёрий жакарталикдан сўрасангиз, Сингапур яхшими ёки Жакарта деб, албатта Сингапур дейди. Лекин ўзларига келинглар унда, Сингапурдагидек қилайлик, бензинга субсидияни тўхтатайлик, десангиз, рози бўлиши мушкул.

Айтмоқчиманки, бу кетишда Тошкент ҳам Жакарта бўлиб, икки соатлаб тирбандликда туриш – бу келажагимиз. Анча қийналганимиздан кейингина нимадир қиламиз
”, – деди у.

Қобилов эса Жакартада ҳаракатланиш ҳаддан ташқари қийинлашиб кетгани сабаб ҳукумат ҳатто пойтахтни кўчириш ҳақида ўйлаётгани, маъмурий бинолар шаҳардан ташқарига кўчирилиши режа қилинаётганини айтади. “Тошкентда ҳам ҳозир қанча маъмурий бинолар боғлардан кўра кўпроқ жойни эгаллаган. Шу нарсалар ҳам инобатга олиниши керак, деб ўйлайман”, – дейди у.

Ҳошимовнинг фикрича, ҳозир Тошкентни “қутқариб турган” нарса – камбағаллик, яъни машиналарга божларнинг баландлиги, савдога тўсиқлар. Иқтисодчи агар одамларнинг даромади ўсиб, божлар олиб ташланса, шаҳар бундан-да ёмонроқ бўлишини тахмин қилади.

Божлар шундоқ ҳам олиб ташланиши керак, бу шарт. Ҳозир шаҳар аҳолисининг 30 фоизида машина бор деб тасаввур қилсак, божлар олиб ташланса, 70 фоизида машина бўлади дейлик – Жакартанинг тақдирини тўлалигича такрорлаймиз”, – дейди у.

Қобилов Ҳошимовнинг фикрларини давом эттирар экан, шаҳар инфратузилмаси борасида ёзган мақолаларининг бирида “Тошкент Дубай бўлишини хоҳлайсизларми?” дея саволни ўртага ташлаганини эслайди. “Демак, ҳақиқатан шаҳарни Дубай қилишмоқчи, агар мақсад шу бўлса, охирги гаплардан кейин тўғри йўлда экансиз, деб қўйдим”, дейди у.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Бу кетишда Тошкент Жакартанинг ҳолига тушади” — Беҳзод Ҳошимов