15:53 / 16.10.2022
1 384

Тадбиркорларга ижтимоий вазифа юклаш бу – орқага қараб юриш

Тадбиркорларга ижтимоий вазифа юклаш бу – орқага қараб юриш
“Фалон кластерга фалон иш ўрни яратиш юклатилди”, “фалон кластер фалон ижтимоий объектни барпо этди” – бундай сўзларни янгиликларда тез-тез эшитиб қоламиз. Хўш, тадбиркорлик субъектларига ижтимоий вазифаларни юклаш тўғрими – бозор тамойилларига мосми бу ҳаракат? Ва бунинг оқибатлари қандай бўляпти?

“Эркатойлар”

Аввало, ҳеч бир тадбиркор ижтимоий вазифани бекорга эгнига олмайди. Уни бунга кўндириш учун бир комплекс “қулайликлар” бериш керак.

Бошқача қилиб айтганда, тадбиркор фойдасини кўриши, ҳис қилиши керак, ўшандагина кўнади бунга. Ва бу табиий, ахир, у ўз номи билан – тадбиркор.

У бунга фақат битта ҳолатдагина рози бўлади – унга АЛОҲИДА мавқе берилса: солиқ имтиёзлари, “юқори кабинетларга кириш” имконияти, ҳокимлар, прокурорлар, ички ишлар ва бошқалар уларнинг хизматида бўлиши ва яна бир қанча “қулайликлар” берилгандагина улар бунга рози бўлишади.

“Қулайликлар”

Майли, қандини урсин, пул топсин ва ижтимоий вазифаларни бажарсин”, дейишингиз мумкин. Аммо ҳолат сиз ўйлагандай эмас.

Мавқе соҳибининг ёнини оламан деб прокурор ҳам, ҳоким ҳам, ички ишлар бошлиғи ҳам қонунларни бузишга мажбур бўлади. Буни кўрган бошқа – мавқега эга бўлмаган тадбиркорлар ҳайрон: “Нега қонунлар бузиляпти?

Оддий тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бузилади ва бу уларнинг фаолиятига салбий таъсир этади, баъзида умуман тўхтайди фаолият.

Ва бу ҳали энг ёмони эмас, энг ёмони – одамларда адолатга, қонунларга бўлган ишонч ўлади! Бу эса фожиа! Миллий миқёсдаги фожиа. Жойларда маънавий муҳит бузилади, кайфият тушади, тадбиркорлик қилиш иштиёқи пасайиб кетади, одамлар йўналишини йўқотиб қўяди: ахир улар ислоҳотларга, қонун ҳамма учун тенг бўлишига ишонаётган эди-да. Ҳаммаси ўша – кимгадир алоҳида мавқе берилгани сабабидан.

Арзийдими?

Алоҳида мавқе берилганлар ижтимоий вазифаларни нечоғлик бажаради ва бу биз айтган салбий оқибатларни қоплайдими?

Алоҳида мавқе қонунсизликни келтириб чиқаришини ва бунинг оқибатлари ҳақида гапирдик. Шунинг ўзи ҳамма ижобий натижаларни, шак-шубҳасиз, “ютиб юборади”.

Эркатойлар мавжуд бўлишининг бошқа жиҳатлари ҳақида гаплашамиз.

Қонун устуворлиги хусусий бизнесни жадал ривожлантирувчи омил. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бу эса, ўз навбатида, кўплаб ишчи ўринлари юзага келишига олиб келади. Ва бунда ишчи ўринларини ўша – саноқли “эркатойлар” эмас, минг-минглаб тадбиркорлар ўз манфаатини кўзлаб, ишчи ўринларни яратишади. Ҳеч ким топшириқ бермаса ҳам. Табиий жараён ўлароқ.

Ҳамма тенг бўлган муҳитда кўпроқ ишчи ўринлари яратиладими, ёки кабинетларга кира олиш ҳисобигами?” – деган саволга жавоб аниқ: қонун устуворлиги муҳитида минг-минглаб тадбиркорлар минглаб ишчи ўрин яратишади. Уларга ҳалиги – “комплекс қулайликлар” керак эмас. Ҳокимлар-у прокурорларга: “Буларга алоҳида ёрдам берасан” дейиш, бу билан носоғлом муҳитни яратиш керак бўлмайди. Ҳаммаси чиройли кечади.

Ўша, ҳозирда алоҳида мавқе берилганлар учун ҳам бу фойда аслида: рақобат шароитида улар ўз устида ишлайди. Бунда ишлар ҳам тоза бўлади, виждон ҳам тоза туради.

Масалан, ҳозир кластерлар қишлоқ хўжалиги кооперативлари фаолиятига бор имкониятларини ишга солиб, тўсқинлик қилишаётганини кузатяпмиз. Ва бу ҳайратланарли эмас, чунки улар айнан алоҳида мавқе бериш билан, “ижтимоий вазифаларни бажаради” деб тузилган тадбиркорлик субъектлари, ва рақобат шароитида ишлаши қийин бўлган субъектлардир. Ва, табиийки, улар алоҳида мақомларини сақлаб қолмоқчи бўлишяпти. Минг хил усулларни ишга солиб.

Нима қилиш керак?

Ечим оддий – ҳеч кимга алоҳида мақом берилмаслиги керак. Ҳеч бир тадбиркорлик субъекти бошқа тадбиркорлик субъектларидан устун бўлмаслиги керак. Ҳоким-у прокурорлар ҳаммага бирдек, қонунда белгиланган тартибда хизмат қилиши керак.

Масалан, кластерлар қишлоқ хўжалиги кооперативлари билан рақобат қилиб ишлайверишсин. Ким фермернинг кўнглини топа олса, фермер ўшанга боради. Бу ягона тўғри ва самара келтирувчи йўл. Давлат эса ҳаммага бир кўз билан қарасин, ҳаммага бирдек ёрдам берсин, ажратмасин ҳеч кимни.

Бошқа турдаги компаниялар ҳам худди шу – рақобат муҳитида ишлашсин. Фақатгина шундай муҳит самара келтиришини илмий тадқиқотлар исботлаб бўлган. Нега биз синалган тажрибаларга, илмий исботлаб бўлинган асосларга суянмаймиз? Балки самарасиз экани исботлаб бўлинган йўллардан юряпмиз? Фақатгина рақобат, қонун устуворлиги, тенглик бўлгандагина ривожланиш бўлади.

Муваффақият сирлари излаб топилган, тадқиқ этилган. Муваффақиятсизлик сабаблари ҳам топилган, бошлар ғурра бўлган. Нега биз яна бошимизни ғурра қиляпмиз?

***
Дунёдаги вазият бизни эскичасига – секин-аста эмас, зудлик билан ривожланишимизни талаб қиляпти. Хатолиги илмий исботланган йўллар эса бизни бир жойда топталиб туришимизнигина таъминлайди.

“Ҳар бир тадбиркор тенг!” деган шиор бизга ҳозир ҳаводек зарур. Шундагина минглаб тадбиркорларнинг иши юришади, иқтисодиётимиз ривожланади.

“Эркатойлар” эса бизни олдинга тортмайди, ижтимоий вазифаларни улар эмас, соғлом иқтисодиёт шароитида фаолият юритувчи минглаб тадбиркорлар бажариб беради. Топшириқларсиз, ўз манфаатини кўзлаб.

Шокир Шарипов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тадбиркорларга ижтимоий вазифа юклаш бу – орқага қараб юриш