18:00 / 31.03.2023
185

Демократия учун саммитнинг мақсади нима? Ўзбекистон қачон қатнаша олади?

Демократия учун саммитнинг мақсади нима? Ўзбекистон қачон қатнаша олади?

СССР ва социалистик лагер қулагач, ғоялар курашида либерал демократия тўлиқ ғалаба қозонгани эълон қилинганди. Лекин орадан 30 йил ўтиб, АҚШнинг хатолари ва Хитойнинг фавқулодда тараққиёти ортидан, дунё яна демократия ва авторитаризм ўртасида катта курашга гувоҳ бўлмоқда.

28-30 март кунлари “Демократия учун Саммит” бўлиб ўтди. Саммит ишида 120 та давлат раҳбарлари онлайн иштирок этишди. Саммитга АҚШ президенти Жо Байден ва давлат котиби Энтони Блинкен мезбонлик қилди.

Бу – Демократия учун саммитнинг иккинчи чақирилиши ҳисобланади. Биринчи саммит 2021 йилнинг декабрида бўлиб ўтганди. Унга ҳам юздан ортиқ давлат раҳбарлари таклиф қилинган эди.

Бу сафарги саммитга ҳам Туркия, Венгрия таклиф қилинмаган. Покистон эса, таклиф қилинса-да, иштирок этмаган. Пост-совет ҳудудидан бу саммитга Болтиқбўйи республикалари, яъни Латвия, Литва, Эстония, Кавказдан Арманистон ва Грузия, ҳамда Украина таклиф қилинган. Марказий Осиёдан, ҳеч ким таклиф қилинмаган.

Демократия учун саммит – Байденнинг ҳалқаро сиёсат борасидаги энг йирик лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Унга қадар, АҚШ президентлари бўлмиш Клинтон, Буш, Обама ёки Трамплар бу каби демократик форумлар чақиришмаган эди.

Байденнинг позицияси шундайки, дунёда авторитар давлатларнинг сони ва улар ўртасидаги коалициялар кўпайиб, мустаҳкамланиб боряпти. Шунинг учун АҚШ ва бошқа демократик давлатлар дунёда авторитаризмга қарши бирлашган ҳолда курашишлари керак бўлади.

Бу сафарги Демократия учун саммитда, Байден маъмурияти 700 миллион долларга яқин маблағ ажратган. Ушбу маблағлар коррупцияга қарши курашиш, ҳукуматларни янада демократлаштириш, демократик институтлар ва жараёнларни қўллаб-қувватлаш мақсадида сарфланиши керак.

Хўш, нима учун собиқ СССР ва социалистик лагер қулаганидан 30 йил ўтиб, АҚШ яна демократия ҳақида гапириб бошлади? Иттифоқ қулагач, АҚШ ва ғарб давлатлари “тарих тугади”, яъни “ғоялар курашида либерал-демократия тўлиқ ғалаба қилди”, “демократияга қарши чиқа оладиган мафкура ёки ғоя қолмади” дейишди. Ҳалқаро сиёсатда инсон ҳуқуқлари ва демократия инструментлашиб, босим воситаси сифатида ишлатила борди.

Орадан уч ўн йиллик ўтиб, дунёда янги вазият шаклланди. Хитой Халқ Республикасининг мисли кўрилмаган даражадаги иқтисодий ўсиши, Пекин дипломатиясининг анча вазминлиги, “Хитойнинг авторитар модели – анча самарали” деган қарашларни кучайтирди. Шу фонда, АҚШнинг ўзи кўплаб жиддий стратегик хатолар қилди. Ироқда оммавий қирғин қуроли йўқ экан, лекин бу давлатга бостириб кирди ва вазиятни издан чиқарди.

Афғонистонга 2001 йилда кириб, ўз олдига қўйган вазифаларни тўлиқ бажара олмасдан, 2021 йилда чиқиб кетди. Мусулмон дунёсида АҚШ ва демократияга нисбатан ишончсизликнинг асосий сабабларидан бири, бу – Вашингтон томонидан Исроилнинг бир ёқлама қўллаб-қувватланиши ва Фаластинга нисбатан тарихий адолатсизлик бўлди.

Бугун дунёдаги йирик авторитар давлатлар ўзаро ҳамкорлик иттифоқларини тузиш жараёни кетмоқда. ХХР, Россия, Эрон ва бошқа аксилғарб авторитар давлатлар ўзаро мувофиқлашувини оширмоқда.

Вашингтон яхши тушунадики, 21-асрнинг энг катта кураши, бу АҚШ ва ХХР ўртасида кечади. Бу курашнинг замирида эса, оддий ва тушунарли образлар, ғоялар туради. Шунинг учун ҳам Вашингтон худди совуқ уруш давридаги каби инсонлар учун универсал бўлган қадриятларга, яъни эркинлик, ҳуқуқий давлатчилик, демократия, инсон ҳуқуқлари ва қадр-қиммати ғояларига мурожаат қилмоқда.

Демократия учун саммитга Марказий Осиёдан бирон бир давлат таклиф қилинмаган. Агар қачондир Ўзбекистон бу саммитга таклиф қилинса, бу расмий Тошкентнинг муҳим тарихий ютуғи ҳисобланар эди. Ҳозирча, минтақадаги барча давлатлар каби, Ўзбекистон ҳам авторитар деб тан олинади. Аслида, икки йирик авторитар давлатлар бўлмиш ХХР ва Россия Федерацияси ўртасида жойлашган МО минтақаси, хусусан Ўзбекистон учун, ўзликни сақлаб қолиш, иқтисодий ривожланиш ва сиёсий мустақилликни ҳимоя қилиш борасида, айнан демократик механизмлар ўта зарур ҳисобланади.

МО давлатларининг қудратли давлатлар томонидан ютилмаслик учун ҳам, халқ, жамият ва ҳар бир инсонда тўлиқ эркинликлар бўлиши керакки, бу эркинликлар ўзликни сақлашга ва кучли бўлишга ёрдам беради.

Глобаллашган дунёда Ўзбекистоннинг яшовчанлигини таъминловчи ягона йўл – бу кучли ватандошлик жамиятига асосланган ҳуқуқий, демократик давлат бўлишдир. Бошқача қилиб айтганда, Ўзбекистон албатта Демократия учун саммитда иштирок этиши керак. Қанча тез бўлса, шунча яхши.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият