
Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида жойлашган 39-сонли умумий ўрта таълим мактабида нохуш воқеа юз берди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода мактабнинг собиқ директори ўз танасига ёнилғи қуйиб, ўзини ёқишга урингани акс этган. Бу ҳолат жамоатчиликда катта баҳсларга сабаб бўлди.
Маълум қилинишича, ушбу мактабда 2010 йилдан бери раҳбарлик қилиб келган З.А. жорий йил 16 сентябрда лавозимидан озод этилган. Бу қарор Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси буйруғи асосида, Меҳнат кодексининг 157-моддасига мувофиқ қабул қилинган.
Бироқ собиқ директор ишдан бўшатилиш билан рози бўлмаган. 13 октябрь куни янги директор Э.А. расман фаолиятини бошлаётган пайтда З.А. қаршилик кўрсатган ва мактабда шовқин-сурон юз берган. Бошқарма маълумотига кўра, воқеа чоғида ҳеч ким тан жароҳати олмаган, вазият тезда барқарорлаштирилган.
Бошқарма расмий баёнотида таъкидланишича, ҳозирда мактабда дарс жараёни изчил давом этмоқда, ўқувчилар ва педагоглар фаолиятида узилиш йўқ.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги ойларда таълим муассасаларида мансабдорлар ўртасида низолар сони ортган. Хусусан, Сирдарё вилояти Ховос туманидаги мусиқа ва санъат мактабида ўқитувчи ва директор ўринбосари ўртасида тортишув бўлгани, шунингдек, Оҳангарон туманида мактабгача таълим бўлими раҳбари ва боғча директори ўртасида жанжал келиб чиққанлиги ҳақида ҳам хабар берилган эди.
Бу воқеалар таълим тизимида инсон омили ва раҳбарлар ўртасидаги муносабат маданияти масаласи яна кун тартибига чиқиши лозимлигини кўрсатмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!