13:20 / 05.05.2023
426

Шубҳали “М”: афғонларнинг “анор шарбати” операцияси ўхшамади

Шубҳали “М”: афғонларнинг “анор шарбати” операцияси ўхшамади

Сурхондарё вилоятидаги “Айритом” чегара божхона постида Афғонистондан олиб ўтилаётган кўп миқдордаги синтетик гиёҳванд воситаси фош этилди. Мазкур гиёҳванд воситаси қадоқланган анор шарбатлари таркибида бўлган.

Гиёҳванд воситаларининг ноқонуний айланмаси ва муомаласига доир навбатдаги қонунбузарлик ҳолати фош қилинди. Бу ҳақда Kun.uz’га Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона пости орқали Афғонистондан кириб келган юк машинаси божхоначиларда шубҳа уйғотган. Ҳужжатларга кўра, мазкур юк машинасига 9 минг дона пластик идишга қадоқланган 18 тонна анор шарбати ортилган бўлиб, юк пойтахтдаги МЧЖлардан бирининг номига юборилган. Аммо божхона органлари фаолиятига жорий қилинган “Хавфларни бошқариш” тизимида юклар “қизил” йўлакка йўналтирилади. Сабаби, нимадир шубҳали эди.

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан ДХХ, ички ишлар идоралари ва чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда юк машинаси божхона кўригидан ўтказилган. Кўрик давомида айрим анор шарбати идишларига “М” ҳарфи белгиси туширилгани ҳамда айнан шу идишлардаги шарбатнинг ранги ҳам бошқаларидан бироз фарқ қилиши шубҳаларни янада оширади. Қолаверса, айнан шу идишларнинг оғзидаги ҳимоя қатламлари ҳам аввал очиб кўрилгани маълум бўлади. 

Шарбат текшириб кўрилганида, унинг таркибида метамфетамин синтетик гиёҳванд воситаси борлиги аниқланган. Одатда кристаллсимон кўринишда бўладиган метамфетаминни қонунбузарлар кейинчалик лаборатория ёки оддий уй шароитида шарбат таркибидан ажратиб олишни режалаштиришган.

Айнан “М” ҳарфи туширилган шарбатлар сони 48 дона бўлиб, идиши билан ҳисоблаганда уларнинг умумий оғирлиги 103 кгни ташкил қилган. Дунё бўйлаб қора бозорда метамфетаминнинг 1 грамми ҳатокки 700 АҚШ долларигача кўтарилгани инобатга олинса, мазкур ҳолатда тўхтатиб қолинган ушбу модданинг умумий қиймати бир неча ўн миллион долларга етади.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот учун, божхоначилар томонидан 2022 йилда 41 та ҳолатда 109.3 кг, 2023 йилнинг 1 чорагида эса 10 та ҳолатда 103,3 кг оғирликдаги синтетик гиёҳванд воситаларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйилган.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият