11:22 / 30.06.2023
344

Қутуриш одамдан одамга юқадими, аломатлари ва давоси қандай?

Фото: Kun.uz
Бугун дунё бўйлаб йилига 59минг киши қутуришдан вафот этади.  Ва бунинг аксари Африка ва Осиё мамлакатларига тўғри келади. Замонавий тиббиёт бўлишига қарамай, нега ҳамон қутуришдан қурбонлар бор? Қутуришнинг олдини олиш мумкинми, касаллик одамларга қандай юқади, белгилари қандай ва бирор ҳайвон тишлаганда нима қилиш керак?

Бугун ўзбекистонликлар орасида жонивор боқадиганлар кўпайган. Айниқса ёз кунларида кўчада сайр қилиб юрган ит ёки мушуклар ҳам талайгина. Ва улар қутуриш касаллигининг асосий тарқатувчиси ҳисобланади. Бу касалликдан қандай ҳимояланиш ва давоси ҳақида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси мутахассиси Клара Ражаббоева Кun.uz’га интервью берди.

– Қутуриш билан касалланиш бугунги кунда қанчалик кўп учрайди?

– Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳар йили дунёда 59минг одам қутуришдан вафот этади. Ўлимларнинг 95 фоизи Африка ва Осиё давлатларида содир бўлади. Албатта, уларнинг орасида Ўзбекистон ҳам бор.  Ўзбекистон қутуриш касаллиги бўйича табиий ўчоқли ҳудуд ҳисобланади. Республикада касаллик ҳар йили, ўз вақтида антирабик ёрдам учун тиббиёт муассасаларига мурожаат қилмаслик оқибатида ва саноқли сонларда қайд этилади.

– Қутуриш қанақа касаллик ва қандай йўллар билан юқади?

– Қутуриш (гидрофобия) – иссиққонли ҳайвонларда учрайдиган, нейротроп вирус қўзғатадиган, касалланган ҳайвоннинг сўлаги билан мулоқот натижасида (тишлаши, тирнаши, сўлаклаши ва бошқа мулоқотлар) юқадиган, марказий асаб тизимининг чуқур шикастланиши билан кечадиган ва бугунги кунда ўлим билан якун топадиган оғир зооантиропоноз, табиий ўчоқли ўта хавфли юқумли касалликдир.

Бу касаллик ҳатто кемирувчилар ва кўршапалаклардан ҳам тарқалиши мумкин. Касаллик ҳайвонлардан ҳайвонларга ва ҳайвонлардан одамларга юқади. Одамдан одамга ва одамлардан ҳайвонларга юқмайди.

– Қутуриш касаллигининг белгилари қанақа, ривожланиш босқичлари қандай кечади, бундай беморда қандай аломатлар кузатилади?

– Қутуриш клиникасининг кечишига қараб, уч даврга бўлинади: бошланғич, қўзғалиш ва фалаж даврлари.

Касалликнинг бошланғич даври 1-3 кун давом этади.

Аломатлари:

  • Тишланган жой қичийди, тортишиб оғрийди, битган жароҳат ва чандиқ такроран яллиғланади.
  • Бемор тушкунликка тушади, одамлар билан мулоқотдан қочади, уйқуси бузилиб, иштаҳаси бўғилади, унда қўрқув ҳисси пайдо бўлади, кайфияти ўзгариб туради, атрофга лоқайд бўлади.
  • Тана ҳарорати субфебрил бўлади, эшитиш ва кўриш қўзғатувчиларига нисбатан сезгирлик ошади.

Касаллик бошлангандан 2-3 кун ўтгач, беморда қўзғалиш, яъни касалликнинг авж олиш даври бошланади.

Белгилари:

  • Беморнинг тана ҳарорати кўтарилади, қон томирларининг уриши тезлашади, сувни кўрганда, ҳаттоки сув тўғрисида эшитганда ютиш мускуллари тортишиб, қисқариб, қаттиқ оғрийди, яъни беморда гидрофобия аломати пайдо бўлади.
  • Шундан кейин беморда ҳаводан қўрқиш (аэрофобия) аломати қўшилади. Ҳаво ҳаракати ёки беморни бирор-бир нарса билан елпиганда (сочиқ, қоғоз ва ҳ.), бемор бўғилади, талвасага тушади. Хуруж ёруғликдан (фотофобия), баланд овоз ва шовқиндан ҳам (акустофобия) вужудга келади.
  • Беморнинг ҳарорати +38ºСгача кўтарилади, овози бўғилади, бадани терлаб, сўлаги оқади, ҳиқичоқ тутади, кўз қорачиғи кенгаяди, оёқ-қўллари оғрийди. Кўзлари бир нарсадан қўрққандек кўринади. Томирнинг тез-тез уриши давом этади (тахикардия), нафас олиш юзаки ва тартибсиз бўлади, вақти-вақти билан бемор чуқур нафас олади. Мускуллари тортишиб, талвасаланиш нафас ва ютиш мускулларидан бошланиб, кейин барча мускулларга тарқалади.
  • Беморнинг уйқуси бузилади, ўз-ўзини тишлайди. Эс-ҳуши кирди-чиқди бўлиб қолади, кейинчалик беморнинг кўзига йўқ нарсалар кўринади (галлюцинация), у алаҳсирайди.

Бу давр 2-3 кундан 5-6 кунгача давом этиши мумкин. Қўзғалиш даври одатда 2-3 кун давом этади. Касалликдаги ёрқин гидрофобия, аэрофобия, фотофобия, акустофобия аломатлари бошқа касалликларда учрамайди ва бу аломатлар муҳим ташхисий аҳамиятга эга.

Касалликнинг учинчи, яъни фалаж даврида сувдан, ҳаводан, шовқиндан ва ёруғликдан қўрқиш аломатлари анча камайиб, бемор тинчланади, суюқлик ича бошлайди, овқатлангиси келади. Лекин тана ҳарорати юқори бўлиб қолаверади, сўзларни аниқ ва тиниқ айта олмайди. Шундан кейин оёқлар фалажи бошланади (параплегия). Орадан 15-20 соат вақт ўтгач, тананинг бошқа мускуллари ҳам фалаж бўла бошлайди. Бемордан кўп сўлак оқиши давом этади, тана ҳарорати яна кўтарилади.

Шу ҳолатлар давом этиб, бемор юрак-томир фаолияти етишмаслиги ёки нафас марказининг фалажи оқибатида ўлади.

– Қутуриш касаллигининг белгилари қанча муддатда намоён бўлишни бошлайди?

– Одамларда қутуриш касаллигининг яширин даври 7 кундан 1 йилгача чўзилиши мумкин. Аксарият ҳолларда касалликнинг ўртача яширин даври 10-14 кун бўлади, баъзи бир ҳолларда 30-90 кун давом этиши мумкин.  Бу даврнинг қисқа ёки узоқ давом этиши вируснинг хусусиятларига, одамнинг касалликлар билан курашиш қобилиятига, тишлаган ҳайвоннинг турига, жароҳатнинг қаерда жойлашганлигига, катта-кичиклигига ва чуқур-юзакилигига боғлиқ бўлади. Қутуриш касаллиги жуда оғир кечиб, касаллик 100 фоиз ўлим билан тугайди.

– Қутуриш қандай аниқланади ва даволаниш йўллари ҳақида маълумот бера оласизми?

– Бугунги кунгача бу даҳшатли касалликнинг самарали даволаш усуллари ишлаб чиқилмаган. Шу боис ҳам биз кўпроқ қутуриш касаллигидан сақланиш, унинг олдини олиш тўғрисида ўйлашимиз керак. Касалликнинг олдини олишнинг олтин қоидаси бор: ҳайвон тишлашидан сақланиш, борди-ю тишланиш содир бўлса, шу заҳотиёқ тегишли тиббиёт муассасасига мурожаат қилиб, қутуришга қарши эмлаш олиш.

Қутуриш бу аввало ҳайвонлар касаллиги ва одамга касаллик фақат ҳайвонлардан юқади. Шу сабабли қутуриш касаллигининг биринчи навбатда ҳайвонлар ўртасида қайд этилишига йўл қўймаслик керак.

– Қутуриш юққани кеч аниқланса ҳам уни даволаш мумкинми, агар акси бўлса беморни қандай тақдир кутади?

– Қутуриш юққани эрта ёки кеч аниқланса ҳам касаллик албатта ўлим билан тугайди, яъни бу касалликда ўлим муқаррар, чунки бугунги кунгача бу даҳшатли касалликнинг самарали даволаш усуллари ишлаб чиқилмаган, шунга қарамасдан беморларга шифокорлар томонидан тинчлантирувчи ва бошқа симптоматик даво усуллари қўлланади.

– Ўзбекистон ҳудудида қутуриш қайси ҳайвонларда учрайди, қутурган ҳайвонлар қандай аниқланади?

– Бу касаллик билан асосан итлар ва мушуклар, шунингдек, ёввойи ҳайвонлар (бўри, чиябўри, тулки ва бошқалар) касалланади.

Республикамизда одам учун касалликнинг етакчи манбаи – итлар ҳисобланади. Охирги йилларда қутуриш касаллигига чалинган одамларнинг 95 фоизида итлар ва 5 фоизида эса бошқа ҳайвонлар касаллик манбаи бўлган.

Вирус қутуришга чалинган ҳайвонларнинг сўлаги билан ажралади. Вирус касалликнинг инкубацион даврининг охирги 10 кунида ва бутун касаллик даври мобайнида ажралади ҳамда тишлаш, сўлаклаш натижасида касаллик соғлом ҳайвонларга тери ва шиллиқ қаватлар орқали юқади.

Қутуриш касаллигига гумон қилиниб, ўлган итлар бош мия бўлакчалари лаборатория усулида ветеринария хизматига қарашли лабораторияларида текширилади.

Қутуриш касаллигининг лаборатория диагностикаси миядан тайёрланган суртмада Бабеш-Негри киритмаларини оддий ёруғлик микроскопида, люминесцент микроскопида иммунофлуоресценция реакцияси, иммунофермент таҳлили усулида ёки иммунодиффузия реакциясида вирус антигенини кўришга ҳамда албатта ёш оқ сичқонларда биосинов қўйишга асосланган. 

– Бу касалликдан ҳимояланиш йўллари ҳақида маълумот бера оласизми?

Жавоб оддий, фақат ҳар бир фуқаро қутуриш касаллигининг олдини олиш бўйича қуйидаги “олтин қоидалар”га амал қилса бас:

- ит сақлаш қоидаларига пухта ва мунтазам амал қилиш;

- итларни ҳудудий ветеринария хизмати идорасига ўз вақтида ҳисобга қўйиб, қутуришга қарши эмлатиш;

- эгасиз, дайди итларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик;

- имкони борича ит ва бошқа ҳайвонлар тишлашидан сақланиш чораларини кўриш, борди-ю бирор-бир ҳайвон тишласа, зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат этиш ва мутахассис врачнинг тавсиясига кўра қутуриш касаллигига қарши эмлатиш.

Юқорида айтилган тавсияларга амал қилинган тақдирдагина, биз даҳшатли, ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланган қутуришдан ўзимизни асраган бўламиз.

Зуҳра Абуҳалимова суҳбатлашди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қутуриш одамдан одамга юқадими, аломатлари ва давоси қандай?
ePN