17:27 / 05.07.2023
101

Бугун Халқаро ишпарастлар куни

Бугун Халқаро ишпарастлар куни

«Трудоголик» сўзи оғзаки сўзлашувимизга кириб келганига анча бўлди. Чойхона, гап, сайр-саёҳат ва турли оилавий йиғинларга ҳам бормай, ишдан бошини кўтармайдиган танишларни ҳазиллашиб «трудоголик» деймиз. Ўзбекчада буни «ишпараст» дейиш мумкин.

Ҳар йил 5 июл Халқаро ишпарастлар куни (Workaholics Day) сифатида нишонланади. Бу сана уй-оила, дўстлар ва иш ўртасида яхши мувозанатни топиш зарурлигини эслатиш учун мўлжалланган.

Бир қарашда бугунги жамиятимизда ишпараст ходимлар деярли йўқдек кўриниши мумкин. Лекин касалликнинг барча элементларини ўрганиб чиқсак, атрофимизда анча-мунча ишпарастлар борлигини кўрамиз. Аввало шуни эслатиш керакки, «ишпараст» атамаси ҳар доим ҳам ўз соҳасининг устаси бўлган самарали ходимга нисбатан ишлатилмайди.

Тўғри, ишпарастлар ишни биринчи ўринга қўяди. Бунинг учун оила, дўстлар ва ҳатто соғлиғидан ҳам узоқлашади. Натижада бу ишпараст ҳаётининг кўплаб томонларига салбий таъсир кўрсатади: нотинч оила, дўст-биродарлардан узоқлашиш, соғлиқдаги муаммолар иш самарадорлигини яхшигина пасайтиради.

Стрессли вазиятлардан чиқиб олиш учун ишга шўнғиш қисқа муддатда ёрдам бериши мумкин. Аммо бунинг узоқ ва давомли бўлиши ишпарастликка айланиши мумкин. «Xabar.uz» сана муносабати билан ўзингиз ёки яқинларингиздаги меҳнатсеварлик ва ишга қарамликни қандай фарқлаш, бу нима учун хавфли экани ва ишпарастларга қандай ёрдам бериш ҳақида фойдали маълумотлар билан ўртоқлашади.

Тиббиётда «ишпараст» деган ташхис йўқ, аммо…

Аммо ўзингизнинг ҳолатингизни таҳлил қилиб, иш билан боғлиқ муаммоларингиз борлигини англашингиз мумкин. Ишпарастлик атамаси биринчи марта 1971 йилда америкалик психолог Уэйн Оутс томонидан ишлатилган. У ишпарастликни «Ўзини доимий ишлашга мажбурлаш ёки назорат қилиб бўлмайдиган даражада ишга қарамлик» деб таърифлаган.

Шундан буён тадқиқотчилар ишпарастлик нима эканлиги ҳақида баҳслашмоқда. Америка Психологлар Ассоциацияси (АПА) сайтида ишпарастлик ҳаддан ташқари кўп ишлашга бўлган эҳтиёж ва ишлашга қарамлик сифатида таърифланади. 

«Ишга муккасидан кетиш кўпинча стресс, мулоқотдаги қийинчиликлар ва соғлиқдаги муаммолар манбаи бўлади», дейилади ташкилот сайтида.

Тиббиётда ишпарастлик деган ташхис йўқ, бу ижтимоий-психологик ҳодиса. Касалликларнинг халқаро таснифи рўйхатида ҳам ишлашга қарамлик йўқ.

Аммо ушбу рўйхатда ишпарастликка олиб келиши мумкин бўлган синдромлар мавжуд.

Ишга қарамлик белгилари:

  • ички босим туфайли ишлашга мажбур эканлигингизни ҳис қилиш;
  • ишдан ташқари вақтларда ҳам доимий иш ҳақида ўйлаш;
  • кўпроқ пул топиш, тезроқ карьера қилиш мақсадисиз белгиланганидан ортиқча ишлаш;
  • берилган топшириқни осон ва самарали бажариш йўлларини изламай, уни айтилганидек қилиш;
  • энг асосий белги эса – ишпараст ишини бошқармайди. Уни иш бошқаради. Ишпараст ходим иш ҳажмини назорат қила олмайди ва иш унинг бутун ҳаётини ўзига бўйсундира бошлайди;
  • бундан ташқари, ишпарастлар ўзини фақат ходим сифатида қабул қилади. Агар сиз улар билан суҳбатлашсангиз, мавзу фақат ва фақат иш ҳақида бўлади.

Ишпарастлик ва меҳнатсеварликнинг катта фарқи бор

Лекин шунга қарамай, бу икки тушунчани кўпинча аралаштириб юборамиз. Чунки ишпараст ва меҳнатсевар ходимларнинг хатти-ҳаракатларида ўхшашликлар кўп. Масалан, ҳар иккиси ҳам бошқаларга қараганда кўпроқ ишлайди.

Аммо шу билан бирга, улар орасидаги асосий ва ҳал қилувчи фарқ ҳам бор: меҳнатсевар учун ишлаш ёқимли жараён, яхши натижа унга завқ беради. Бир муҳим вазифани мукаммал бажаргач, ўзига дам беришни билади. Ишпараст эса қоида тариқасида, «керак» деб ҳисоблагани учун ишлайди. Унинг доимий ишлаш истаги ўз соҳасида кўтарилиш, кўпроқ пул топиш билан боғлиқ эмас. Меҳнатсевар кўп ва яхши ишлагани учун кўтаринки кайфиятда, ўзига ишонч билан юрса, ишпараст ходимни эса доимий айбдорлик ҳисси, руҳий тушкунлик ва чарчоқ қийнайди. Энг ёмон томони – салбий эмоциялар жамоага ҳам, оила ва дўстлар даврасига ҳам ёмон таъсирини ўтказади.

Ишпарастлик туғма нуқсон эмас, ундан қутулиш мумкин

Тўғри, шифокор лаборатория таҳлилларини ўтказиб, Сизга  «ишпараст» деган ташхис қўймаслиги аниқ. Ишпарастликни даволовчи дорилар ҳам мавжуд эмас. Лекин ўз руҳий ҳолатини таҳлил қилиб, бу муаммодан қутилиш мумкин.

Шундай қилиб, Сиз ўзингизда ишпарастликнинг барча белгиларини кўряпсиз ва бу нарса шахсий ҳаётингизга ҳам таъсир қиляптими? Қуйидагиларни бажариб кўринг:

  • меҳнат таътили олинг;
  • таътилда ишдан узилиб, ростдан ҳам дам олинг. Яхши дам меҳнатга ҳамдам деб, ота-боболаримиз бекорга айтмаган, замонавий психологлар ҳам буни тасдиқлаган;
  • дам олиш кунларини оила ва дўстлар билан ўтказишга ҳаракат қилинг;
  • иш вақти тугагач, диққатингизни бошқа нарсаларга қаратинг, масалан, бирор севимли машғулот, оилавий сайр, кино ёки китоб…
  • берилган топшириқларни иш вақтида бажаришга одатланинг;
  • бир кунда 3-4 та вазифани эмас, битта топшириқни мукаммал уддалаш ва натижасидан роҳатланишни ўрганинг;
  • ишни таҳлил қилиб бажаришга одатланинг, масалан, тез ва самарали йўлни излаш, яхшироқ натижага интилиш каби;
  • бирор топшириқни мукаммал уддалагач, ўзингизни рағбатлантиришни ҳам унутманг.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бугун Халқаро ишпарастлар куни
ePN