
Ўзбекистон терма жамоаси сафида Ал Айн шаҳрида ўтаётган «Ал Айн Халқаро Кубоги-2025» мусобақасида ҳаракат қилаётган ҳужумчи Игорь Сергеев якунга етган ва кутилаётган беллашувлар ҳақида ўз фикрларини баҳам кўрди. Унинг таъкидлашича, мусобақа кичик форматда бўлса-да, рақиблар даражаси жиддий ва ҳар бир ўйинда максимал ғайрат талаб қилинади.
Сергеевнинг айтишича, икки ўйиндан ташкил топган бу мини-турнир жамоа учун муҳим тажриба бўлиб хизмат қилмоқда. «Мусобақа катта эмас, аммо рақиблар жуда кучли. Мисрни енгганимиз — меҳнатнинг натижаси. Энди олдимизда яна Эрон турибди. Ишончим комил, ўта кескин, рақобатли баҳс бўлади. Рақибнинг заиф жойларини излаймиз, курaшамиз, баримиз бир мақсад — ғалаба учун», — дейди у.
Футболчи Мисрга қарши ўйинни ҳам алоҳида эслади. Унинг таъкидлашича, ўйин бошида урилиш билан эришилган гол жамоага катта ишонч берди. «Биринчи таймдаёқ ҳисобни очишимиз бизга қувват бўлди. Кейин мураббий ҳужумни камайтира бориб, ҳимояни мустаҳкамлашни танлади — бу тўлиқ мантиқий қарор. Ҳисобни сақлаб қолишимиз керак эди, йигитлар ҳам буни яхши тушуниб туришган эди», — дея таъкидлади Сергеев.
Суҳбат давомида у жаҳон чемпионати ҳақида ҳам қисқа фикр билдирди. Унинг айтишича, ҳозир асосий эътибор — жамоанинг тўғри ритмда тайёргарлик олиши ва ҳар бир ўйинда бор кучини ишга солиши. «ЖЧ-2026 ҳақида ўйлаётганим йўқ. Бир томондан дунё даражасидаги жамоаларга қарши ўйнашни истайман, лекин бошқа тарафдан гуруҳимизда рақобат юракбўғар даражада кучли бўлишини ҳам истамайман. Кўрамиз, қуръа нимани тақдим этади. Жисмоний жиҳатдан тайёр бўламиз, руҳий томондан ҳам ўзимизни йиғиб оламиз. Энг муҳими — имконият берилса, бор кучимизни ишга соламиз», — деди ҳужумчи.
Эронга қарши финал — мураббийнинг ушбу жамоага қарши илк расмий синови бўлади. Сергеевнинг ўзи ва бутун жамоа ғалаба учун борини беришга тайёр экани айтиб ўтилди. Мухлислар эса навбатдаги кескин тўқнашувдан юқори кайфият ва таъсирли ўйин кутишмоқда.
Манба: championat.asia
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.