date
views 319

Ўғли нашавандлик ортидан вафот этган аёл: «Пулим кўпайганда боламнинг тарбиясига бефарқ бўлдим»

Ўғли нашавандлик ортидан вафот этган аёл: «Пулим кўпайганда боламнинг тарбиясига бефарқ бўлдим»

«Ҳаётий ҳикоялар» рукнида берилаётган навбатдаги ҳикоя қаҳрамони бўлган опа билан тасодифан гурунглашиб қолдик.

У бир пайтлар турмуш ўртоғи билан тадбиркорлик қилган ва Россияга турли маҳсулот олиб бориб сотган экан.

Опа эътиборсизлиги ортидан ўғлининг нашаванд бўлиб қолиши ва уни йўқотишини айтиб берар экан, ушбу ҳикояни сизларга ҳавола этишга қарор қилдик.

«Турмушга чиққан вақтимда эрим ички ишлар соҳасида ишларди. Бирин-кетин икки нафар ўғил фарзандли бўлдик. Йиллар ўтар экан, эримнинг лавозими ошиб, туманимизда ГАИларнинг бошлиғи даражасигача кўтарилди

Ўша пайтларда мен ҳеч қаерда ишламасдим. Кунларнинг бирида дугоналар йиғилиб қолдик. Шунда улардан бири Россияга ўзимизда тайёрланадиган, пахтадан тайёрланадиган ич кийимлар, сочиқлар, кўрпа-ёстиқ жилдлари олиб бориб сотиб келишини айтиб қолди.

Давра сўнгида у менга, «Сен ҳам юр, мен билан бирга бориб келаверасан. Пахтадан тайёрланган нарсаларга талаб жуда юқори» деди.

Уйга боргач эрим билан маслаҳатлашдим. У бир ўзимни кетишимни хоҳламади. «Шошмай тур, яқинда меҳнат таътили оламан, шунда бирга бориб келамиз» деди.

Дугонамдан нима олишни аниқлаб олдим ва унинг маслаҳати билан сотиладиган нарсаларни тахлаб қўйдим.

Новосибирскда ҳақиқатан пахтадан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга талаб кучли экан. Олиб борган нарсаларимизни кўтарасига олишди ва пулимизни санаб беришди.

Эрим билан унинг таътили тугагунча уч марта бориб келдик. Ҳисоблаб кўрсак, эрим бир йилда оладиган маошга тенг фойда қилибмиз.

Шундан сўнг сўнг эрим ишдан бўшашга қарор қилди. Унинг асаб кўп бузиладиган жойда ишлаб, соғлигини йўқотишидан кўра, ёнимда бўлиб, ёрдамлашгани яхши эди.

Кейинчалик бу қарор нотўғри бўлганини иккаламиз ҳам англаб етдик. Бироқ унда кеч бўлганди.

Эрим билан тадбиркорликни бошлаганимизда катта ўғлим 12-13 ёшларда эди. Биз Россияга кетганимизда болаларни қариндошларга қолдирардик. Кейин билсак улар қаровсиз қолиб кетаркан.

Кўп ўтмай ишларимиз юришиб кетди. Фирма очдик ва пахтадан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Россияга вагонлаб олиб борадиган бўлдик. У ёқдан ёғоч, турли металл маҳсулотлари олиб келардик ва улгуржи сотувчиларга топширардик.

Туман марказидан ер олиб, данғиллама участка қурдик ва ўша ёққа кўчиб ўтдик. Шу зайлда йиллар ўта бошлади.

Катта ўғлим 17 ёшларда эди, негадир бурнидан тез-тез нафас оладиган бўлиб қолди. У нафасни тўғри олмасди, ҳавони бурни билан сўриб тортарди. Ўша пайтда унинг нега бунақа қилишини билмаганмиз.

Ўғлимнинг гиёҳванд моддаларга ружу қўйганини билганимда у 18 ёшда эди. Янги қурган ҳовлимизда кичик омборхона бор эди. Бир-икки марта кирганимда у ерда қўланса ҳид сездим. Сичқон ёки каламуш ўлиб қолган бўлса бунақа ҳид чиқармайди. Қолаверса ҳамма ёғи бетон, кемирувчилар йўқ эди.

Бир кун нимадир қидириб кирсам ўғлим қоронғида ўтириб олиб нимадир қиларди. Кўнглимга ғулғула тушди. Яқинроқ бориб қарасам, унинг бир қўлида куймайдиган ялтироқ қоғозда қандайдир оқ кукун, иккинчи қўлида ёндиргич.

У ёндиргични ёқиб, оловни куймайдиган қоғоз остига тутяпти. Қоғоздаги оқ кукун куйганда ундан чиққан қўланса ҳидли тутунни бурни билан тортарди. Ана шунда унинг нега тез-тез бурнини тортиб қўйиши сабабини тушунгандай бўлдим.

Дарҳол ўғлимни сўроққа тутдим. Айтишича гиёҳванд модда истеъмол қилишни отаси билан мен Россияда узоқроқ қолиб кета бошлаган кезларда ўртоқлари ўргатишган.

«Аввалига болалар билан ўт чекдик. Сўнг қорадори тутата бошладим. У ҳам кайф бермай қўйгач героинга ўтдим. Менга «дори»ни топиб бераётган одамнинг кимлигини билмайман. Билганимда ҳам айта олмасдим. Ундай одамларни сотганларни кечиришмайди», деди ўғлим.

Шунда қаттиқ жаҳлим чиқди ва бақира бошладим: «Нима қилади, сени ё бизни ўлдириб юборишадими?»

«Йўқ, улар ҳеч кимни ўлдирмайди. Агар таъминотчини сотсам кейин менга умуман дори бермай қўйишади. Мен эса дорисиз яшай олмайман, ўламан», деди у.

«Шундоқ ҳам ўлиб бўлибсан-ку. Бундан ортиқ қандай ўлиш мумкин?!» дедим ва уни тўғри таниш докторнинг олдига олиб бордим.

Врач мени анча юпатди ва ўғлимни даволаш мумкинлигини айтди:

«Жиян бор-йўғи бир ой-қирқ кун сабр қилса бу нарсадан қутулади. Гиёҳванд моддадан бирданига қутулиб бўлмайди. Унинг истеъмолини ҳар куни оз-оздан камайтириб бориб, мақсадга эришиш мумкин. Бу учун ўғлингизда ҳам қаттиқ хоҳиш бўлиши керак. Акс ҳолда нафи бўлмайди», деди.

Врач ўғлимни ташқарига чиқариб юборди ва менга даҳшатли гапларни гапирди:

«Опа, шу пайтгача гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишга қаттиқ ружу қўйганларнинг даволангани ва шу заҳри қотилдан батамом қутулгани ҳақида эшитмаганман. Ўғлингиз олдида бу гапларни гапира олмасдим, шунинг учун ўзингизга айтяпман. Аслида боя унинг олдида гапирган гапларим ҳам нотўғри эмас. Агар инсонда кучли хоҳиш бўлса оз-оздан камайтириб бориб, гиёҳванд моддалардан қутулса бўлади. Лекин аксарият ҳолларда героин истеъмолигача етиб борганларда бунга хоҳиш бўлмайди. Чунки «ломка» тутса уларнинг танаси жуда қаттиқ оғрийди ва шундай пайтда жонидан кечиб бўлса ҳам дори топишга уринади. Шу сабабли гиёҳванд моддалардан қутулиш қийин деяпман. Сизни қўрқитмоқчи эмасман. Бироқ энг ёмон сценарийга тайёр тураверинг. Ўғлингизни эса, хоҳласа ҳозир олиб қоламан ва муолажани бошлайман».

Ташқарига чиқиб ўғлимга вазиятни тушунтиргандим, у қолишни хоҳламади. Врач эса эртага кутишини айтиб, жавоб берди.

Ўша куни тонггача ухлай олмадим. Пул деса бор, уй-жой қуриб қўйганмиз. Ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаса ҳам тагида қиммат машина. Унга нима етмайди?

Ўшанда ўғлимга ота-она тарбияси ва қарови етмаганини, унинг нашаванд бўлиб кетишига отаси ва мен айбдор эканимизни тан олгим келмасди.

Эрталаб нонушта қилар эканман, ўғлим ҳадеганда чиқавермади. Уйғотай деб хонасига қарасам у ерда ҳеч ким йўқ экан. Шу пайтда миямга урди, у уйдан қочиб кетган.

Дарҳол қўнғироқ қилдим. Хайрият жавоб берди.

Кейин ўртамизда қуйидагича суҳбат бўлди:

– Она, мен шифохонага боришни хоҳламайман.

– Нега хоҳламайсан? Сен даволанишинг керак. Акс ҳолда жувонмарг бўлиб кетасан.

– Энди менга нима бўлиши аҳамиятсиз. Дори топилиб турса бўлди.

Шунда тушуниб етдимки, вазият мен ўйлагандан ҳам оғир. Ўғлимга уйга келаверишини, хоҳламаса шифохонага бормаслигини айтдим. У уйга қайтиб келди.

Шу ҳолда яна бир-икки йил ўтиб кетди. Ўғлим мактабни битиргач «эркин қуш»га айланиб, саёқ юришлари кўпайди. У 20 ёшга тўлгач яна бир хатога йўл қўйдим. Эрим билан маслаҳатлашиб, ўғлимни уйлантириб қўйишга қарор қилдик. Унинг нашавандлигини яшириб, қиз қидира бошладик.

Ўшанда билатуриб бировнинг оқу-қораси бўлган қизни бахтсиз қилиб қўйишимизни ўйламадик. Ўғлимни уйлантириб қўйсак шу билан чалғийди ва героин истеъмол қилишни камайтиради деган хаёлга бордим.

Яхши бир оила билан қуда бўлдик. Тўйдан олдин ўғлимга нашавандлигини келинга билдирмаслигини қаттиқ тайинладик. Билса аразлаб кетиб қолади деган хавотир бор эди. Тўй ҳам бўлиб ўтди, лекин ундай бўлмади.

Ўғлим тўйдан кейин ҳам «дори» истеъмолини камайтирмади. Эрим билан кўп вақтимиз Россияда ўтар, уйга қайтганда ҳам ишлардан ортмасдик. Ўғлим эса билганича юрар, кунлар шу тарзда ўтарди.

Шундан сўнг эр-хотин маслаҳатлашиб, унга пул бермасликка қарор қилдик. Унга яшаши учун ўзи пул топиши кераклигини айтдик. Индамай эшитди. Эътироз билдирмади.

Россияга бир бориб келсак ўғлим миниб юрган машина кўринмади. Сўрасак устада деди. Шу билан қайтиб ўша машинани кўрмадик. Қачон сўрасак устада деб юраверди. Кейин билсак «дори»дан қарз бўлган экан, ҳисоблаб бериб юборибди.

Кейинроқ ўғлимга деб олиб қўйилган уч хонали квартира шу тарзда йўқ бўлди. Вақтида эътиборсизлик қилганимиз учун барчасига чидашга мажбур эдик.

Бу орада келин отасиникига кетиб қолди. Ортидан борсам олдимга чиқмади. Қуда аёл эса менга нима деса деди:

«Эрингиз туманда ҳурматли одам, оилангизни ҳам яхши деб қиз бергандик. Виждонсиз экансизлар. Ўғлингизнинг нашаванд эканини яшириб, гулдай қизимнинг ҳаётини барбод қилдинглар. Нашаванд ўғлингиз эрликка ярамаса қизим нима қилади ёш умрини жувонмарг қилиб, вақт ўтказиб? Ундан кўра тенгини топиб оила қургани яхши. Қизим энди қайтиб бормайди. Ажрашишга ариза бериб келди. Қайтиб бу остонага қадам босманг. Акс ҳолда хафа қиламан».

Қуда аёлга ҳеч нарса дея олмадим. У тўғри гапираётганди. Кўп ўтмай ўғлим хотини билан ажрашди.

Ўғлимнинг ҳолини кўриб эрим ва мен кўп асабийлашдик, соғлигимизни йўқота бошладик. Бироқ уни қандай «одам қилиш»ни билмасдик. Бир неча марта мажбурлаб шифохонага ётқиздик. Бироқ нафи тегмади.

Кунларнинг бирида ўғлим тушгача кўринмади. Аввалига ҳали ухлаётгандир деб бемалол бўлдим. Хонасига қарасам, йўқ. Қачон ўрнидан турган, қаерга чиқиб кетган, билолмай қолдим.

Тушдан сўнг кечроқ ҳовлида хизматкор аёлнинг бақирган овози эшитилди. Кўнглим нимадир ёмон иш бўлганини сезди ва дарҳол ҳовлига чиқдим. Хизматкор аёл омборхона тарафни кўрсатарди. Ўша ёққа югурдим.

Ичкарига кирсам ўғлим букчайиб ётар ва хирилларди. Бориб бошини кўтардим. Қарасам оғзи тўла қон. Нашавандларнинг тили тортади деб эшитгандим. Дарҳол бармоғимни оғзига тиқдим.

Ўғлимнинг тили буралиб томоғига кириб кетганди. Ҳарчанд уринмай уни тортиб чиқара олмасдим. Кичик ўғлим ва хизматкор аёлни чақирдим ва ўғлимни машинага олиб чиқдик.

Йўлда кетаётганда тинимсиз унинг тилини чиқаришга уриндим, бироқ бунинг иложи бўлмади. Ўғлим нафас ололмай хириллар, кучаниб бармоқларимни тишлаб қонатиб юборди. Лекин буралиб қолган тилни қўзғатиб бўлмади.

Шифохонага кетарканмиз, бир пайт хириллаш ҳам, кучаниб титраш ҳам тўхтади ва тил бўшашди. Юрагим шув этиб кетди. Шунда ўғлимнинг юзига эътибор бердим, у қорайиб кетганди.

Шифохонага етиб борганимиздан сўнг врачлар зудлик билан уни жонлантириш хонасига олиб киришди. Сунъий нафас улашди. Муолажа қила бошлашди.

Мен сал енгил нафас олиб ташқарига чиқдим. Назаримда ҳозир шифокорлар ўғлимни ўзига келтиришади. Бироқ ундай бўлмади. Кўп ўтмай шифокорлардан бири олдимга чиқди ва менга сабр тилади. Шунда ўғлимдан айрилганимни тушундим.

«Опа, боя машинадан тушираётгандаёқ ўғлингизнинг томирини ушлаб кўриб, у жон бериб бўлганини билгандим. «Передозировка» туфайли унинг тили тортиб кетган. Нафас йўли ёпилиб қолиб, вафот этган. Бундай пайтларда тил томоққа тиқилиб қотиб қолади ва уни қўл билан чиқаришнинг умуман иложи йўқ. Фақат қошиқнинг дастаси билан буралиб қолган тилни кўтариб, ўпкага озроқ ҳаво ўтказса бўлади. Сизга сабр тилайман».

Ўғлимнинг вафотидан сўнг ҳеч нарсага қизиқиш қолмади. Барчаси учун ўзимни айблардим. Агар ўшанда ўғлимни назорат қила олганимда бундай бўлмасмиди?

Иккинчи ўғлимни уйлантирганман. Ҳозир набираларим бор, улар билан овунаман. Бироқ ҳанузгача катта ўғлимнинг ўлимида ўзимни айблайман. Ота-оналардан иложи борича болаларини қаровсиз қолдирмасликларини сўрайман».

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўғли нашавандлик ортидан вафот этган аёл: «Пулим кўпайганда боламнинг тарбиясига бефарқ бўлдим»