date

ОИТС ҳақидаги ёлғон видео ортидан икки йигит жазоланди

ОИТС ҳақидаги ёлғон видео ортидан икки йигит жазоланди

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган “ОИТС билан касалланганлар ўриндиқларга игна қўйиб кетмоқда” мазмунидаги видео жамиятда хавотир уйғотди. Аммо Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси текширувларидан сўнг маълум бўлдики, бу маълумот мутлақо асоссиз ва тўқиб чиқарилган.

Суриштирув натижасида мазкур видеони ўйлаб топиб, ижтимоий тармоқларда тарқатган икки ёш йигит қўлга олинди. Улар айбини тўлиқ тан олган ҳолда, буни “лайк” ва кўришлар сонини ошириш учун қилганини айтишди.

“Ўртоғим ‘СПИД ҳақида видео олайлик’ деди. Бу даражада оммалашишини ўйламагандим. Халқдан чин дилдан узр сўрайман”, — деди видеонинг муаллифларидан бири.

Иккинчи йигит эса: “Instagram’да шундай видео кўриб, биз ҳам шунга ўхшаш контент тайёрладик. ‘Просмотр’ учун қилгандим. Энди қилган ишимдан жуда афсусдаман”, — деб изоҳ берди.

Мазкур воқеага муносабат билдирган Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш маркази бўлим мудири Анварбек Жабборов таъкидлашича, ОИВ инфекцияси фақат уч йўл билан юқиши мумкин: ҳимоясиз жинсий алоқа орқали, ностерил тиббий асбоблар ёки шприцлар орқали, шунингдек, касал онадан болага.

“Ўриндиқ ёки стул орқали ОИВ юқиши мумкинлиги ҳақидаги гаплар мутлақо илмий асосга эга эмас. Вирус ташқи муҳитда тез ҳалок бўлади. Қонли игна орқали юқиш эҳтимоли бўлган тақдирда ҳам фуқаро 2 соатдан 72 соат ичида ОИТС марказига мурожаат қилса, инфекцияни олдини олиш 100 фоиз таъминланади”, — деди мутахассис.

Қонунбузарлик содир этган йигитлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2-моддаси (“Интернет орқали ёлғон ахборот тарқатиш”) билан жавобгарликка тортилди.

Бу моддага кўра, ёлғон маълумотни жамоатга тарқатган шахс 50 дан 100 бараваргача базавий ҳисоблаш миқдорида жарима тўлайди. Бу 20,6 миллиондан 41,2 миллион сўмгача бўлиши мумкин.

Мутасаддилар аҳолини интернетдаги ҳар қандай сенсацион видеоларга ишонмасликка, текширилмаган маълумотни тарқатмасликка ва фуқаролар ўртасида асоссиз хавотир уйғотмасликка чақирди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » ОИТС ҳақидаги ёлғон видео ортидан икки йигит жазоланди