22:11 / 04.11.2023
114

Ўзбекистон-Франция алоқалари қай ҳолатда? Минтақа учун ушбу давлатнинг аҳамияти нимада?

Ўзбекистон-Франция алоқалари қай ҳолатда? Минтақа учун ушбу давлатнинг аҳамияти нимада?

2 ноябр куни Франция президенти Эммануэл Макрон Самарқандга келди. Унга каттагина делегация ҳамроҳлик қилди.

Шавкат Мирзиёев ва Макрон учрашувида икки мамлакат муносабатларини кейинги босқичга олиб чиқиш борасида кўплаб қадамлар ташланди, делегациялар саккизта келишув имзолади. Жумладан, Ўзбекистон-Франция савдо палатаси ишга туширилди ва Business France агентлиги офисини очиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонва Франция ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалар жуда салмоқли. Ўзбекистоннинг Франция билан муносабатлари ҳар доим Европанинг бошқа давлатларига нисбатан юқорироқ бўлган. Мисол учун, 2016 йилда Ўзбекистонда президент ўзгаргандан сўнг Шавкат Мирзиёев Европа Иттифоқи давлатларига биринчи ташрифини айнан Франциядан бошлаган эди. 2018 йилнинг 8-9 октябр кунлари Эммануэл Макроннинг таклифига кўра Мирзиёев бошчилигидаги делегация Парижда бўлган, икки тарафлама ўн ҳужжат имзоланган эди. Хўш, Франция Ўзбекистон учун нимаси билан аҳамиятли? Нега бу давлат билан ўзаро алоқалар муҳим?

Франция «Катта еттилик»ка кирувчи давлат, унинг дунё сиёсати, геосиёсати ва иқтисодиётидаги улуши жуда салмоқли. Франциянинг ялпи ички маҳсулот ҳажми тахминан 3,7 триллион доллар билан дунёда биринчи ўнликка киради. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий беш аъзосидан бири.

Коллектив ғарб ҳеч қачон бир таркибли ва бир қарашли бўлмаган. Франция «коллектив ғарб»даги бир неча фракциялардан «континентал Европа» фракцияси лидери. Францияда «голлизм» геосиёсий қараши тарафдорлари ҳар доим кучли. Голлизмга кўра, Франция англосаксонлар фракциясидан, энг аввало, АҚШдан маълум масофа сақлаши ва геосиёсий мустақил бўлиши керак деган доктрина мавжуд. Шунинг учун ҳам Европа Иттифоқи билан ишончли муносабатлар шакллантириш учун энг аввало Франция билан ижобий алоқалар юқори бўлиши назарда тутилади.

Франция айни пайтда ғоялар, қадриятлар, цивилизациялар ўзаро тўқнашадиган, муносабат ва мувозанатга киришадиган катта «ўчоқ»ни эслатади. Бир томондан либерал, демократик қадриятлар ва ғоялар, бошқа томондан диний, этник, миллий қараш ва қадриятлар ҳам француз жамиятида жуда кучли. Ғарб давлатлари ичида айнан Францияда энг катта мусулмон ва яҳудий жамоалари яшайди. Агар Франция аҳолиси 67 миллиондан ошса, ундан камида 7 миллиони – мусулмонлардир.

Оддий одамлар нигоҳида Франция мусулмонлар учун ноқулай давлат бўлиб кўриниши мумкин, лекин аслида вазият анча мураккаб. Францияда диний эркинликлар таъминланган, давлат – ҳуқуқий ўзандан чиқиб кетмайди, суд ҳокимияти мустақил ва айни пайтда, жамиятнинг маълум қатламларида ислом ва мусулмонларга салбий қараш ҳам йўқ эмас.

Яқинда БМТ Бош Ассамблеясида дунё давлатлари Фаластиннинг Ғазо секторидаги вазият бўйича овоз берди. Унда Ўзбекистон «уруш сўзсиз тўхтатилсин» деган позицияда турди. Исроил, АҚШ, Англия ва ғарбнинг яна бир қанча давлатлари Исроилнинг Ғазога хужум қилиш ҳуқуқини ҳимоя қилиб овоз берди. Лекин Франция бошқа ғарб давлатларидан фарқланиб, Ўзбекистон каби позицияда туриб, Ғазода уруш тўхтатилиши учун овоз берди.

Макроннинг Ўзбекистон ва Қозоғистонга келишининг геоиқтисодий ва геосиёсий сабаблари бор. Агар Россия ОАВ ва экспертларига эътибор қаратилса, «Франция Африкадан қувилмоқда, шунинг учун Марказий Осиёга уран сотувчи янги ҳамкорлар излаб келди» деган фикрда. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев икки марта Францияга борган бўлса, икки сафар ҳам Макрон жавоб ташрифи ҳақида ваъда берганди. Унинг ушбу ташрифи сўнгги бир ярим йил давомида режаланаётган эди. Африканинг Нигер давлатидаги вазият, фақат кейинги ярим йилда нисбатан қалтислашди. Иқтисодий ҳамкорлик Ўзбекистон учун ҳам, Франция учун ҳам жуда манфаатли ва олдиндан режаланган жараён.

Нега Россия Макроннинг Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташрифига рашк билан қарайди? Мотив – геосиёсий. Россия Марказий Осиёни «яқин хориж» деб, ўз таъсир доирасидаги ҳудуд сифатида кўради. Украинага бостириб кирганидан кейин ғарб давлатлари Россияга қарши санкциялар жорий қилганди.

Бошқа томондан, коллектив ғарбнинг Хитой Халқ Республикаси билан тирашуви стратегик аҳамият касб этмоқда. Мана шу фонда ғарб давлатларининг Марказий Осиёга эътибори ошмоқда. Минтақа давлатларининг биринчи ва иккинчи савдо-иқтисодий ҳамкорлари – РФ ва ХХР ҳисобланади. Иқтисодий муносабатлар эса ўз ўрнида геосиёсий алоқа ва ҳамкорликни белгилаб беради. Айнан шунинг учун ҳам ғарб давлатлари, жумладан, Франция Ўзбекистон ва Қозоғистон билан иқтисодий алоқаларини кучайтимоқда.

Ҳар бир минтақа ва давлатнинг ўз геосиёсий қарашлари ва манфаатлари бўлади. агар Францияга Озарбойжон еки Туркиядан туриб қарасангиз, салбий оҳанглар мавжуд. Сабаби Озарбойжоннинг назарида Франция Арманистон тарафда. Туркия учун ҳам Франция ноқулай давлат. Лекин Ўзбекистон ва Қозоғистон олдида турган геосиёсий ва сиёсий вазифа шундан иборатки, Марказий Осиё минтақаси ва давлатлари Россия ва Хитойнинг таъсирини юмшатиш ҳамда ғарб билан алоқаларни ривожлантириш ҳисобига мувозанатни кучайтириши керак бўлади.

«Катта еттилик» ва коллектив ғарбдаги фракция лидерларидан бири бўлган Франция президентининг Ўзбекистонга келиши – давлатимизнинг глобал мавқейи ошишига, геоиқтисодий ва геосиёсий мустақиллик мустаҳкам бўлишига хизмат қилади. Бугун Марказий Осиё – дунё геосиёсатидаги қудрат брокерларидан бирига айланиб бўлди. Ўзбекистон эса ушбу минтақанинг марказий давлатидир.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият