Россия Давлат Думаси интернетда ҳақоратли сўзлар ишлатилишини тўлиқ тақиқловчи қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Ҳужжат қабул қилинса, у барча ижтимоий тармоқлар ва онлайн платформаларга тааллуқли бўлади.
Лойиҳа муаллифи — Давлат Думасининг ахборот сиёсати қўмитаси аъзоси Андрей Свинцовнинг сўзларига кўра, кўчадаги каби интернетда ҳам сўкинганлик жамоат тартибини бузиш деб баҳоланиши лозим. «Метро бекати ёки ресторан ёнида ҳақоратли сўз ишлатсангиз, бу майда безорилик ҳисобланади. Шу қоида онлайн маконга ҳам татбиқ этилиши шарт», — деди депутат.
Свинцов қонунни амалга ошириш учун «Роскомнадзор»га махсус ваколат беришни таклиф қилди. Яъни, тармоқда сўкинганлик аниқланса, бу каби контентни ҳуқуқ-тартибот идораларини қўшимча ишга тортмасдан автоматик тарзда блоклаш назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, август ойида депутат Свинцов бепарда иборалар мавжуд материалларни чекловчи қонун лойиҳасини Давлат Думасига киритган эди. Унга кўра, ижтимоий тармоқларда ҳақоратли сўзлар ишлатилган постлар ёки таҳрир қилиниши, ёки махсус белгилар билан ниқобланиши шарт бўлади.
Тақиқланганлар қаторига “х”, “п”, “е”, “б” ҳарфлари билан бошланадиган қатор сўзлар ва уларнинг шакллари киради. Агар бу каби материаллар белгиланмаган ҳолда тарқатилса, улар ўчирилади ёки «Роскомнадзор» томонидан ресурсларга кириш чекланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!