14:53 / 14.05.2024
379

Ўзбекистонда қимор ўйинларига нега қонуний рухсат берилгани тушунтирилди

Ўзбекистонда қимор ўйинларига нега қонуний рухсат берилгани тушунтирилди
Тошкент шаҳрида 2024 йил 19 апрелдаги “Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора–тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони ижроси юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дарё” хабар берди.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан Ўзбекистонда таваккалчиликка асосланган ўйинларни онлайн ўтказишга ҳамда букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берилади. Матбуот анжуманида Адлия вазирлиги ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги вакиллари мавзу юзасидан журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Қиморга нега рухсат берилди?

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги бошқарма бошлиғи Нодир Жўраевнинг айтишича, таваккалчиликка асосланган ўйинларга рухсат берилишидан асосий мақсад фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.

Ноқонуний қимор ўйинларида қатнашиб, ўз жонига қасд қилган шахслар ҳақида кўп эшитганмиз. Бундай ҳолатлар уларнинг ҳуқуқлари таъминланмагани учун юз берган. Афсуски, одамларда қиморбозликка қарамлик бор. Уларнинг эҳтиёжини қонунчилик қондирмагач, чет эл платформаларига мурожаат қилмоқда. Ҳозир ҳар қандай мобил ўйинни очсангиз, ҳар иккинчи рекламасида казино ёки бошқа қимор ўйинлари чиқади. Улар одамни ўзига жалб қилаверади. Хорижий платформаларда қимор ўйнаётганлардан бир қисми бўлса-да, қонуний йўл билан ташкил этилган, фуқаро ҳуқуқи ҳимояланган жойга боришига ишоняпмиз. Уларда “мен шу ерда ўйнаяпман, давлат мени ҳимоя қилади, мени алдаб кетмайди, пулимни қайтариб беради”, деган ўй бўлади. Ҳозир кўпгина одамлар хорижий платформалардаги қимор ўйинларида ўйнаб, ютгандек бўлади, лекин пулини ололмайди. Бу оғир оқибатларга олиб келмоқда”, — деди агентлик масъули.

Қиморга тикиладиган пул миқдори чекланади

Мулоқотда Нодир Жўраев жорий қилинаётган янги тизимда қимор ўйинларига тикиладиган пул миқдори чекланишини айтди.

Мисол учун, фуқаро қиморга бир ойда 10 миллион сўм пул қўйиши мумкин. У пулини ютқазди дейлик. Иккинчи ўйин ташкилотчисига борса, у ўйинга қабул қилмайди. Ташкилотчи: “кеча 10 миллион сўм ютқазган экансиз, сизга бундан ортиғи мумкин эмас”, дейди. Бунда одамлар кўп пул ютқизмаслиги мақсад қилинган”, — деди агентлик вакили.

Фармонга кўра, таваккалчиликка асосланган ўйинларни интернетда (онлайн) амалга ошириш йўлга қўйилади. Барча тўловлар банк орқали қабул қилинади.

Ўйинларни кимлар ташкил қилади?

Таваккалчиликка асосланган ўйинларни махсус лицензия олган юридик шахслар ташкил этишига рухсат берилади. Агар ўйин ташкилотчиси қоидаларни бузса, унинг лицензияси бекор қилиниши мумкин. Масалан, вояга етмаганларни (18 ёшгача бўлган шахслар) ўйинда иштирок этишига йўл қўйса, ташкилот жавобгарликка тортилади.

Фармон билан лицензия олган юридик шахслар тўрт фоиз миқдорида айланмадан олинадиган солиқ тўлайди. Бироқ ўйинда иштирок этувчи жисмоний шахслар солиқдан озод қилинган.

Бундан мақсад — фуқароларни ноқонуний ўйинларда эмас, қонунийларида иштирок этишини таъминлашдан иборат”, — дейди Нодир Жўраев.

Масъулларнинг маълум қилишича, қимор ўйинларини ўтказувчи ташкилотлар ҳар бир ўйинчи шахсини идентификация қилади. Бу шахсни тасдиқловчи ҳужжат асосида амалга оширилади. Ташкилотчи маблағлари банк ҳисоб рақамида сақланади.

Қимор сабаб четга қанча пул чиқиб кетяпти?

Нодир Жўраев қимор ўйинларига рухсат берилишига яна бир сабаб сифатида фуқаролар пулларини хорижга чиқиб кетишини олдини олиш эканини айтди. Яъни Ўзбекистонда қиморга тақиқ бўлгани учун одамлар ўйинни чет эл платформаларида ўйнамоқда ва ютқазилган пуллар хорижга чиқиб кетмоқда.

Чет элга қанча маблағ чиқиб кетиши бўйича аниқ рақамлар йўқ. Лекин маълум қоидалар асосида ҳисоблаб чиқса бўлади. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бир йилда қимор ўйинларига Ўзбекистондан 300 миллион доллардан 1 миллиард долларгача бўлган маблағ чет элга чиқиб кетяпти”, — деди у.

“Қимор ўйнашга ҳеч ким мажбурланмаяпти”

Масъулларга берилган саволлардан бири жамоатчилик қимор ўйнашга рухсат берилгач, мамлакатда уни ўйновчилар кўпайиб кетиши, оқибатда кўплаб муаммолар келиб чиқиши мумкинлигидан хавотир билдираётгани тўғрисида бўлди. Нодир Жўраевнинг айтишича, ўйинга рухсат берилиши одамларни мажбурлаш дегани эмас.

Бу фармон билан қимор ўйинларига рухсат бериляпти. Аммо уни ўйнашга ҳеч ким мажбур қилинмаяпти. Фармоннинг асосий мақсади чекловлар қўйишдан иборат. Мисол учун, фармон чиққанида сиз билан мен тезда қимор ўйнашни бошлаганимиз йўқ. Ўйнаётган одам ҳозир ҳам ўйнаяпти. У биринчи январни кутиб ўтирмайди”, — дея саволга жавоб қайтарди агентлик масъули.

Агентлик вакилининг қўшимча қилишича, ҳозиргача 300 тадан зиёд қимор ўйинлари ўтказаётган сайтларни блоклаш белгиланган.

Аммо эртага ўша сайтнинг 2–3 та сўзини ўзгартириб, яна янги очишади. Онлайн қимор ўйинларига қарши курашиш жуда қийин”,— деди Нодир Жўраев.

Амалдаги “Реклама тўғрисидаги қонун”га асосан, таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш тақиқланган. Президент фармонида мазкур қонунга ўзгартириш киритиш ҳам назарда тутилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда қимор ўйинларига нега қонуний рухсат берилгани тушунтирилди