
Сўнгги йилларда шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар Ўзбекистонда жиддий тарзда кўпаймоқда. Адлия вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, сўнгги уч йил ичида шахсий маълумотларни ошкор этиш ва шахсий ҳаётга аралашишга оид жиноятлар деярли 40 фоизга ошган.
Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Қиличев билдиришича, мазкур муаммо нафақат жиноий ҳолатлар, балки маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони ортиши билан ҳам янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Аниқ рақамларга кўра, охирги уч йил ичида шахсий маълумотлардан рухсатсиз фойдаланишга оид маъмурий ишлар сони 2,5 бараварга ошган.
Қонуний нуқтаи назардан, ҳар қандай шахснинг фото ва видео тасвирларидан фойдаланиш учун у кишининг шахсан ўз розилиги талаб этилади. Агар тасвирдаги шахс 16 ёшдан кичик бўлса, бу ҳолда унинг ота-онаси ёки қонуний вакилларининг розилиги шарт қилиб белгиланган. Бу талаб фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини таъминлаш ва уларни турли ноқулай ҳолатлардан ҳимоя қилишга қаратилган.
Шу билан бирга, айрим истисно ҳолатлар мавжуд бўлиб, уларда шахснинг розилигисиз ҳам тасвирлардан фойдаланишга рухсат берилади. Жумладан:
- Агар шахсга нисбатан расман қидирув эълон қилинган бўлса;
- Жамоат жойлари ёки оммавий тадбирларда тасвирга олинган бўлса;
- Маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят ҳақида жамоатчиликка хабар бериш мақсадида;
- Агар ушбу тасвир шахснинг ўзи томонидан Интернетда ёки бошқа очиқ манбаларда эълон қилинган бўлса;
- Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, тартибни назорат қилиш мақсадида видеокузатув тизимлари орқали олинган бўлса.
Қонунчиликда яна бир муҳим ўзгариш – давлат хизматчиларини уларнинг розилигисиз ҳам тасвирга олиш мумкинлиги аниқ белгилаб қўйилмоқда. Бу жамоат назоратини таъминлаш, шаффофликни кучайтириш ва давлат хизматларининг очиқлигини таъминлаш учун муҳим босқич саналади.
Шунингдек, жамиятда фуқароларнинг қадр-қиммати ва шахсий дахлсизлигига тааллуқли масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, одамлар қисман ёки тўлиқ кийимсиз бўладиган шахсий ҳудудлар – масалан, кийиниш хонаси, душхона, шифохона палата каби жойларда видеокузатув қурилмалари ўрнатилиши қатъиян тақиқланади.
Адлия вазирлиги бу борадаги тарғибот ишларини кучайтириш, фуқароларда ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш орқали шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлашни устувор вазифа сифатида белгилаган.
Ҳозирги кунда ҳар бир фуқаро ўз тасвири ва шахсий маълумотларига нисбатан масъуллик билан ёндашиши, айниқса ижтимоий тармоқларда бепарволикка йўл қўймаслиги лозим. Чунки интернетга жойлаштирилган ҳар қандай тасвир ўз эгасининг шахсий ҳаёти билан боғлиқ бўлиб, ундан фойдаланиш тегишли ҳуқуқий асосга эга бўлиши шарт. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар