
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги иқтисодий алоқалар янги босқичга чиқмоқда. Яқинда икки давлатнинг божхона соҳаси раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган муҳим учрашувда қатор келишувларга эришилди. Бу эса чегара пунктларидаги тирбандликни камайтириш, савдо ҳажмини ошириш ва икки давлат иқтисодиёти учун янги имкониятларни яратишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрига ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг молия вазирлиги давлат даромадлари қўмитаси раиси билан икки томонлама учрашув ўтказди. Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро савдо айланмасини янада ривожлантириш, ташқи савдо ҳажмини 2030 йилга бориб 10 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича режалар муҳокама қилинди.
Бу катта мақсад икки мамлакат божхона идоралари олдига бир қатор янги вазифаларни қўяди. Жумладан, чегара пунктларида транспорт воситалари ҳаракатини самарали бошқариш, хусусан юк автомобиллари учун навбатлар тизимини тартибга солиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт ва импорт жараёнини осонлаштириш учун махсус соддалаштирилган “яшил йўлак” режими жорий этилади.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда июнь ойидан бошлаб “Электрон навбат” тизими босқичма-босқич амалиётга татбиқ қилина бошланади. Ушбу инновацион тизим илк бор айнан Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида жойлашган “Навоий” божхона постида ишга туширилади. Бу янгилик навбатда кутиш вақтларини қисқартиради, юк ташиш жараёнини тезлаштиради ҳамда тадбиркорларга катта қулайлик яратади.
Шунингдек, икки давлат божхона хизматлари ўртасидаги ахборот алмашиш жараёнини такомиллаштириш масаласи ҳам алоҳида муҳокама қилинди. Хусусан, йирик инспексион қурилмалардан олинган сканер тасвирларини ўзаро алмашиш имкониятлари кўриб чиқилди. Бу, ўз навбатида, товарларни текшириш жараёнини тезлаштириб, контрабанда ва бошқа қонунбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширади.
Қолаверса, икки давлат ўртасидаги “Оқ олтин”—“Селиннй” ҳамда “Малик”—“Сирдарё” чегара божхона постлари орқали бўш юк автотранспортлари ва кичик габаритли юкларни ўтказиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу ўзгаришлар Ўзбекистоннинг “Яллама”, “Нажимов” ва “Сирдарё” каби муҳим чегара постларидаги тирбандлик ва юкламани анча қисқартиришга хизмат қилади.
Учрашув доирасида, шунингдек, икки давлатда божхона хизмати вакилларини таъсис этиш бўйича келишувлар муҳокама қилинди. Ушбу вакиллар савдо муносабатларини самарали бошқариш, муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш ҳамда божхона назоратини такомиллаштиришга ёрдам беради.
Қайд этилишича, икки мамлакат ўртасидаги чегара постларини реконструкция қилиш ишлари ҳам фаол давом эттирилади. Ҳозирги вақтда “Ғишткўприк” ва “Довуд ота” постларида қурилиш ишлари охирги босқичга етказилмоқда. Шунингдек, “Сирдарё” постида ҳам кенг кўламли қайта қуриш ишлари режалаштирилган.
Ўзаро савдо муносабатларида учрайдиган турли статистик номувофиқликларнинг олдини олиш бўйича ҳам ҳамкорликни кучайтиришга келишилди. Божхона статистикасида аниқликни таъминлаш икки давлат иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида қайд этилди.
Қолаверса, учрашув давомида икки давлатнинг божхона лабораториялари ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда кадрлар малакасини ошириш бўйича ҳам келишувларга эришилди. Бу борада илғор тажрибалар билан алмашиш, тренинглар ўтказиш ҳамда янги методикаларни жорий этиш кўзда тутилган.
Учрашув якунида икки мамлакат божхона хизматлари раҳбарлари ҳамкорликни янги босқичга кўтарувчи 3 та муҳим ҳужжатни имзолади. Бу келишувлар нафақат икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга, балки бизнес ва тадбиркорларга ҳам катта имкониятлар очиб беришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги “Тажен”—“Довут ота” чегара пункти орқали енгил автомобиллар, автобуслар ҳамда юк кўтариш қуввати 3,5 тоннагача бўлган транспорт воситалари ҳаракати 2025 йилнинг 1 февралидан бошлаб реконструкция ишлари тугатилгунча вақтинчалик тўхтатилди.
Янги келишувлар, албатта, икки қўшни мамлакат ўртасидаги савдо алоқаларини янада мустаҳкамлаш билан бирга, минтақавий иқтисодий ўсишга ҳам катта туртки беради. Бу, ўз навбатида, икки халқ учун янада фаровон келажакка эришиш йўлидаги муҳим қадамдир. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар