
«Реал» футболчилари мавсум якунланиши билан қисқа дам олиш даврини бошлаб юборишди. Шанба куни Хаби Алонсо шогирдлари 2025 йилдаги сўнгги расмий учрашувда «Севилья»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди ва йилни ижобий руҳда якунлади.
Ушбу баҳсдан сўнг жамоа ҳужумчиси Винисиус Жуниор ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаси орқали Дубайга учганини маълум қилди. Бразилиялик футболчи сафар тафсилотларини очиқ айтмади, аммо манбаларга кўра, ушбу ташриф «Реал» клубининг Visit Dubai билан ҳамкорлик лойиҳалари доирасида амалга оширилиши мумкин.
Маълумки, «қироллик клуби» сўнгги йилларда Дубай билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Клуб футболчилари турли реклама ва маркетинг тадбирларида иштирок этиб, брендни халқаро майдонда янада кенг тарғиб қилаётгани сир эмас. Шу нуқтаи назардан, Винисиуснинг сафарини ҳам шунчаки таътил эмас, балки расмий ва имиджий вазифалар билан боғлиқ ташриф сифатида баҳолаш мумкин.
Шу билан бирга, Винисиус Жуниор охирги кунларда мухлислар билан боғлиқ вазият сабаб жамоатчилик диққати марказида бўлди. «Севилья»га қарши ўйиндан кейин ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида профил суратини ўзгартириб, «Реал» футболкасидаги фотосуратини олиб ташлади ва унинг ўрнига Бразилия миллий жамоаси либосидаги расмини жойлади. Бу ҳаракат айрим мухлислар томонидан турлича талқин қилинди.
Қайд этиш жоиз, бразилиялик ҳужумчи жорий мавсум давомида танқид ва қўллаб-қувватлаш ўртасида қолди. Айрим учрашувларда унинг ўйини мухлислар томонидан кескин баҳоланган бўлса-да, Винисиус жамоа учун муҳим футболчилардан бири бўлиб қолмоқда.
Айни пайтда эса футболчи диққатини майдондан ташқари ҳаётга қаратган кўринади. Дубай сафарининг унга руҳий жиҳатдан дам олиш, шунингдек, янги мавсум олдидан ўзини қайта тиклаб олиш имконини бериши кутилмоқда. «Реал» мухлислари эса Винисиуснинг майдонга янада кучли ва иштиёқ билан қайтишидан умидвор.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.