18:03 / 31.05.2017
8 666

Мухбирнинг тунги репортажи ёхуд «оммавий маданият» томирини озиқлантираётган гўшалар

Мухбирнинг тунги репортажи ёхуд «оммавий маданият» томирини озиқлантираётган гўшалар
Ярим тун. Манзилимга тезроқ етиб олиш учун таксига ўтирдим. Машинада икки аёл бор эди. Уларнинг суҳбатини эшитиб, «оббо, ҳазилкашлар-э…», дедим беихтиёр. Аста-секин бу ҳазиллар ўрнини куракда турмайдиган эҳтиросли сўзлар эгаллади. Эркаклардан андиша қилмай айтилаётган гаплар, оғзидан анқиётган ароқ ҳидидан уларнинг «шайтонлар макони» (тунги клуб)дан қайтаётганини сезиш қийин эмас эди.
Чамаси 23:45 да оила бағрида, балки ширин уйқуда бўлиш ўрнига, ўз шаънига доғ тушираётган бу аёллар ярим кечаси тунги клубларда нима қилиб юрибди? Ўзи тунги клублар кимлар учун? Шу каби саволлар пойтахтимизнинг баъзи гўшаларини кезишга, фаолиятини тонггача юритаётган «подвал»ларни қидириб топишга, кузатишга, умуман журналистик текширув олиб боришга ундади.

Биринчи манзил.
Спорт кийимида бўлмасангиз, бас!
24 апрел, соат 23:00 да «шайтонлар маконига»га йўл олдим. Соат 23:24 да Учтепа тумани «Чўпон ота» маҳалласи Лутфий кўчасида жойлашган «Пандора» тунги клубига етиб келдим. Кириш жойи кучли назорат остига олинганини эшик ёнида турган барзанги йигитнинг шижоатидан ҳам билса бўлади. Унга яқинлаша бошладим. Ичкарига кирмоқчи бўлгандим, у йўлимни тўсди:
– Ака, кимнинг олдига?
– Ҳеч кимнинг, бир ўзим дам олиш учун келдим.
– Сизни ичкарига қўёлмайман.
– Нима учун?
– Эгнингиздаги кийим тўғри келмайди. Бунга хўжайин рухсат бермаган, – дея мени ичкарига киргизмади. Эҳ, спорт кийимидалигим шу ерда панд берди. Кечаси турли кўнгилсиз ҳолатлар бўлиб қолиши мумкинлигини ҳисобга олиб, бунинг устига ўзим учун қулай кийим кийган эдимда.
– Клуб соат нечигача ишлайди?
– Соат 4:00 га қадар ёпилмайди (жиддий нигоҳда қарайди).
Эшик олдидаги соқчининг совуқ муомаласию жиддий нигоҳларидан мени барибир ичкарига йўлатмаслигига ишонч ҳосил қилганимдан сўнг бир четда туриб кириш эшигини кузатишга қарор қилдим. Клубга турли ёшдаги йигит-қизлар, аёл, эркаклар кириб-чиқиб турарди. Бемалол кириб-чиқиб юрганига қараганда, уларга уст-боши халақит бермаётган эди (!).

Саҳаргача бу ерда хоҳлаган кишингиз билан хоҳлаган ишингизни қилишингиз мумкин: ичиш, чекиш, ўйин-кулги, маишат, бу ёғи ўзингизга маълум. Хуллас, тун узоқ. Фақатгина бу ерга ташриф буюрганлар «dress cout», яъни тунги клуб белгилаб берган кийимда бўлса бас (!). Буни қарангки, биргина менинг спорт кийимда келганимга эътибор беришибдию, зир қатнаб турган йигит-қизларнинг ёши, вояга етган-этмагани уларни умуман қизиқтирмабди. Бу ёшлар ким ўзи? Кимнинг фарзанди? Катталар-чи, оила даврасида бўлиш ўрнига «тунги капалак»лар билан клубда нима қилиб юрибди? Шу каби саволлар ҳалиги барзангининг таъбири билан айтганда, «хўжайин»нинг хаёлига келмабди-да! Тўғри-да, ким ҳам бу кимсалар ортидан келаётган миллион-миллион даромад олдида бундай саволлар билан бошини оғритгиси келарди.
Энди бошқа бир кун клубга улар хоҳлаган кийимда келиб, ичкаридаги аҳволни ўз кўзим билан кўришни кўнглимга тугиб, у ердан узоқлашдим.

Иккинчи манзил.
Дунёнинг ажралган бўлаги

Шу куни соат 23:54. Биринчи манзилимдан унчалик узоқда бўлмаган масофада жойлашган, олий даргоҳнинг рўпарасидаги «JAGUAR» номли клубга келдим. У ерда ҳам «барзанги»лар кириш-чиқиш эшигини назорат қилиб турар эди. Хайриятки, бу гал киришимда ҳеч қандай муаммо туғилмади.

Ичкари кирар эканман, бу ердаги муҳитни кўриб кўйлагим ёқасини ушлаш учун қўл узатгандим, уни топа олмадим. Ахир, спорт кийимидаман-ку! Клуб ичи шинам, турли Европа мусиқалари қулоқни батанг қиладиган даражада янграб турибди, турфа хил рангли чироқлар чақмоқдек ўчиб ёнаётир, кимдир ичган, кимдир чилимкашлик қилган, яна кимлардир маймунга ўхшаш ҳаракатлар билан рақс учун ажратилган жойда сакрарди. Турли ҳид ва тутунлар димоғингизга урилаверишидан маст бўлаёзасиз. Хуллас, бу ерда тоза ҳавонинг ўзи йўқ. Кўзим билан кўриб турган муҳитнинг аҳволи кишини эсидан оғдирар даражада. Бу ерни дунёнинг ажралган бир бўлаги деб тасаввур қилаверасиз.

Ҳайратдан қотиб қолганимни кўрган официант қиз столга ўтиришни таклиф қилиб, буюртмалар дафтарини ёнимга қўйиб кетди. Озиқ-овқатлар, ичимликларга қўйилган нархлар ҳам эсингизни чиқарадиган даражада қиммат. Мисол учун 1 литр кола ичимлиги 10.000 сўм, биринчи иккинчи таомлар нархи 35.000 сўмгача, балки ундан ҳам зиёд. Бу энди хоҳишингизга боғлиқ. Энг арзон салат 5.000 сўм. Хоҳлайсизми-йўқми, столни банд қилганингиздан сўнг қиймати 40-50.000 сўмлик мевалар ёки шунга ўхшаш маҳсулотларни олдингизга мажбурий олиб келиб қўйишади. Уч-тўрт киши «маза» қилиб дам оламан десангиз, ўртача 200.000 сўмдан зиёд пул сарф қиласиз. Мана сизга дам олишу ана сизга пул совуришнинг йўли! Буларни кўриб, қизиқчи Аваз Охуннинг «У вас ест инсоф?» деган гапи ёдимга тушди.

Нарх-навони кўрган бўлиб клубни кузатишда давом этдим. Клубнинг аксар қисмини йигит-қизлар (баъзилари вояга етмаганлар) ташкил қиларкан. Бировни камситиш ниятим йўғу, лекин улар кўзимга манқурт бўлиб кўринарди. Қилаётган амаллари ақлга сиғмас даражада хунук бўлган бу йигит-қизларни шу соатгача эслайдиган, сўраб-суриштирадиган кишиси топилмаганига ҳайронман. Булар ҳам кимнингдир фарзанди, суюкли боласи бўлса керак? Уларни бундай жойларда тентираб юришлари учун кундузни кундуз демай, кечани кеча демай, минг бир азобларни чеккан ота-она меҳнатининг қадри шу бўлдими?! Боласининг бундай хулқ эгаси бўлиб вояга етишида нималар сабаб бўлди экан? Йигитларни-ку, майли йигитчиликка йўярсиз, аммо, бизнинг наздимизда иболи-ҳаёли, ор-номусли, иффатли ўзбек қизи ярим тунда бегона эркаклар орасида, ярим-яланғоч кийимда, минг хил нозу карашмалар қилиб, бир унинг, бир бунинг елкасига осилиб, иффат пардасига тупуриб, қилаётган ишини қандай изоҳлаш мумкин? Мен «астаҳфуруллоҳ»дан бошқа сўз тополмадим. Улар орасида бир қизни кузатиб туриб кўнглим бузилди. Тан олиш керакки, у жуда чиройли, қадду қомати келишган эди. Ҳайф сенга шундай гўзаллик, дедим беихтиёр.

Бу жиннилар маконида бундан ҳам даҳшатлироқ манзаралар бор экан. Бир томонда фаҳш ботқоғига ботган эркак-аёллар, бир томонда бутун бир оила: эр-хотин, дўст-ёрлар билан бирга ҳали дунё юзини кўрганига кўп бўлмаган гўдакнинг ҳам шулар сафида эканига нима дейсиз? Ўзбек боласи «шайтонлар макони»да катта бўлса-я!!!
Ақалли боғча нималагини билмаган гўдак айни уйқу пайтида ақлини йўқотадиган мусиқа жаранги остида қулоғи битиб улғайса, у эртага ким бўлиб етишади? Ўзи тарбия нима эканлигини англамай, эртага у «тарбиялаган» фарзанд ким бўлади?

Бунга ҳам майли кўз юминг, ҳали тириклигинида англамаган чақалоқнинг ҳар кимнинг қўлида жовдираб, ўйинчоқ бўлаётганини қандай изоҳлайсиз? Қулоғидан ҳали азон жаранги кетмаган (агарда айтилган бўлса, албатта) гўдакни мана шу даврага олиб келган «она»га ким дея таъриф берасиз?! Уни шу пайтга қадар сўрамаган, буви ё буваларигачи, қирққа кирганда ҳам қуюлмай кечки давраларда ўзини соллаган «кампирлар»га-чи?

Четдан қараганда, бу ерда ҳамманинг кайфи чоғ, кўнгил қўшиғу рақсдан бошқасига кўнмайди. Ким куйлаган, ким сакраган, ким ўйнаган, ким ичган, ким яна нима балолар қилган, ўзи билади… Хуллас, ҳамма ўзича еттинчи осмонда. Қўшиқларнинг жарангидан қулоқ тугул, мия ларзага келади. Одам ҳар ўн дақиқада бир кўчага чиқмаса, қолган ўн дақиқа ичида луғатингиз бутун умрга етадиган сўз «санъати» билан бойиши ҳеч гап эмас.

Бундай даврадаги «ўйин-кулги», «рақс»у «қувонч» деб баҳоланган қилиқлар аслида овозсиз тасвирда томоша қилинса борми, кўргани кўзи чўчийди кишининг. Дунёда қанча бачкана қилиқ борки, уларнинг бари шунда мужассам гўё. Ҳамма жазавада, кўзлар ола-кула, ким нима қилиқ қилаётгани, нима деяётганию, қандай мусиқага ўйнаётганини буткул унутган. Худдики, бутун дунё клуб эшиклари сиртида қолгану, бу ерда жамики, ҳаракатлар ақл ихтёридан буткул соқит…

Сиз дунёда энг гўзал ва энг маъсума деб билган қизлар, рангдор чироқлар ёруғида чақалоқларнинг тушига кириб қўрқитиб чиқадиган алвасти қилиқларини қилиб рақсга тушиб турсаю, унга яна сизнида чорласа, ўзингизни ғалати ҳис қилар экансиз…
Мендан бошқа ҳамманинг кайфи тароқ, қилаётган ишларидан мамнун ва хурсанд. Ҳеч нарсадан хавотирга тушаётгани ҳам йўқ. Буларга қўйиб берсанг, кўнгилни кенг қилиб эрталабгача шу муҳит денгизида сузади. «Бўлди бас! Ортиқ бу ерда қолиб бўлмайди», деган шаҳд миямда қайта-қайта айланди, шундай бўлмаганида ушбу магнит майдонидан чиқиш мушкул эди.

Учинчи манзил.
Мана сизга аёл иффатию, мана сизга эркак ғурури!

26 апрел санаси тунги соат 23:36. Учтепа тумани 21 мавзеда жойлашган «ПАНТЕРРА» тунги клуби ҳам ўз фаолиятини қизғин олиб бормоқда. Лекин бу ерда кўп қолишни эп кўрмай, баъзи ҳамшаҳарларимиз кўп бор тилга олишган шу туманнинг 25-мавзеида жойлашган «ЛЕГИОН» клубига соат 00:01 да кириб бордим. У ерда одамлар сони камроқ, аксарияти ўрта ёшдаги эркаклар ва аёллардан иборат эди. Ичкарига кириб бўш столга ўтирдим. Бирдан давра ўртаси ёришиб, араб мусиқаси янграй бошлади. Чамаси, ёши қирқларни қоралаган, оппоқ кийими танасига ёпишиб турган аёл давра ўртасига чиқиб мусиқа оҳангига мос равишда мисли илон каби танасини тебрата бошлади. Атрофда кўринишидан яхши жойларда ишлайдиган, костюм-шим кийган эркаклар давра ўртасидаги «илон»нинг ҳаракатларига маҳлиё бўлиб ўтирар эди. Минг хил ҳайвоний қарашлар бунда мужассам эди. Мана сизга аёл иффатию, мана сизга эркак ғурури!

Бу ерда ҳам аҳвол шу экан-да, деб чиқиб кетмоқчи бўлганимда, официант қизнинг гапи ўтиб тушди. Нима эмиш одамлар энди келар экан, ўтириб турар эмишман. Э, йўқ, раҳмат! Бир неча кундан буён бундай давраларда юравериб, кўзларим кўриши мумкин бўлмаган нарсаларни кўравериб, қулоғим эшитиши керак бўлмаган гапларни эшитавериб, қанча гуноҳларга ботдим, бу фақат яратганга аён…

Тўртинчи манзил.
Тунги капалаклар қўналғаси

21 май кечаси соат 22:00 да юқорида таъкидлаб ўтилган «ПАНДОРА» тунги клубига киришга муваффақ бўлдим. Хайрият, сал бўлса ҳам тартиб бор экан-ку, дея хурсанд бўлгандим, афсуски, бир неча соат ўтгандан сўнг, яъни 00:00 дан кейин томоша бошланди, нақ жаҳаннамнинг ўзи! Клубда уч соатдан зиёдроқ вақтимни ўтказган бўлсам, шу вақт оралиғида кўп воқеалар гувоҳига айландим. Агарда уларни борича ёзадиган бўлсам, қалам учи синиб, қоғоз йиртилади. Шундай бўлса-да, бошқа клублардан фарқли ўлароқ бу ерда эътиборимни тортган баъзи жиҳатларни айтиб ўтмасам бўлмас.

Кечаси клубга келганингиздан сўнг, аниқроғи, соат 11:00 гача у ердаги муҳит сизда яхши таассурот уйғотади. Шинамгина бино, юмшоққина ўриндиқлар, ёқимли мусиқа, рангли чироқлар жилоси, официант қизларнинг ёқимли муомаласи ва албатта столингиз устида таъбингиздагидек егуликлар. Бир қараганда, ҳаммаси жойида. Кейинги манзаралар эса буткул бошқача тус олади. Ёши 20 дан то 35-40 гача бўлган қиз ва аёллар гоҳида тўп-тўп бўлиб, гоҳида якка тарзда кириб кела бошлайди. Устиларига кийиб олган алламбало кийимлари (аслида уларни кийим деб ҳам бўлмайди)ни кўриб, оғзингиз ланг очилиб қолади. «Нима бало, буларга келганда бозорда материал қолмабди-да», деб ўйлайсиз. Аввалига улар стол банд қилиб алкогол маҳсулотлари қабул қилади, тамаки чекиб, шайтон базмини уюштиради (бу базмда эркаклар ҳам бўлади, албатта). Ана рақсу, мана рақс. Инсон зотидаги барча ҳайвоний ҳирслар биргина шу рақсда мужассам гўё. Номусини сотган бу «раққоса»нинг мусиқага ҳамоҳанг қимирлаётган тана ҳаракатлари дўзах оловидан ёнаётган аёл тимсолидай гавдаланди кўз ўнгимда. Олов баттар кучайгандан кучайди, тафти эса дўзах шаробларидан маст бўлган жамики эркакларнинг виждони, ғурури, ор-номуси ва нафсини куйдириб кул қилди. Буни уларнинг юзида акс этиб турган ҳайвоний қарашларда шундоққина акс этди.
Шу зайлда тун ярмидан ўтиб, аниқроғи, соат 1-2 дан сўнг таъби бир-бирига ўтирган, иккаласи икки томондан келиб, бир томонга кетаётган жуфтликлар кўзлаган манзиллари томон кетишди.

Бунинг нимаси ҳайратланарли деб ўйлаётгандирсиз. Хулоса қилишга шошилмай туринг. Масаланинг туб моҳияти шундаки, айни пайтда қўшмачилик, фоҳишабозлик каби иллатлар қораланиб, профилактика инспекторлари томонидан қаттиқ назоратга олингани, текширувлар натижасида кўпгина қўшмахоналар фош қилингани ва ҳозирда улар фаолиятига умуман чек қўйилаётгани барчага аён. Қўшмачилар ўз фаолиятларини давом эттириши қийин бўлиб қолган бир пайтда турли йўлларни қидиришга тушиб қолишди. Энди улар «ПАНДОРА» каби тунги клубларда қўним топиб, у ерларни ўзларининг хуфия масканларига айлантиришди. Бу ерда ҳаммаси осон: келасан, еб-ичасан, ўйин-кулги, хотиржам ўз «иш»ингни қиласан. Биров мушугингни пишт демайди. Хуллас, бундай масканларда фоҳишаларнинг ошиғи олчи. Қалай, пухта ўйланган иш-а?

Шу ўринда бир мулоҳаза. Хўш, бу қиз ва аёллар ким? Улар қаердан келиб қолган? Ва нима учун бундай номаъқулчиликларга қўл урди экан? Улар туғилиб ўсган шаҳар, туман, қишлоқларида аҳвол қандай? Оила аъзолари, маҳалла-кўй ҳамда ўша ернинг нозирлари уларнинг қай ерларда ва қандай ишлар билан машғул бўлиб юришганидан хабардорми? Ёки бунинг аксими? Шаҳримиз мутассаддилари уларнинг ким эканию, қаэрдан келгани, нима иш қилаётгани ва қайси уйларда яшаётганини билишармикан? Агар билишса, нега бу борада назорат суст? Шаҳар бедарвоза эмаски, бу ерга хоҳлаган одамингиз келиб, хоҳлаган номаъқулчилигини қилишса?

Бир аёл менга яқинлашиб, 10.000 сўм пул сўради. Нима эмиш, мусиқа «заказ» қилиб ўйнар экан. «Кўнгиллари яна нимани истайди?» дедим кесатиқ оҳангида. Бу гапларимни жиддий қабул қилди, чоғи, ёнимга келиб ўтириб олди. “Аввал еб-ичамиз, сўнг «Новза» метроси яқинида уйим бор, хоҳласангиз дам оламиз”, деди безрайиб. Айни дамда, мақсадим йўлида у билан гаплашиш ўринли эди. Суҳбат орасида унинг қаердан келгани, бу ерларда юришига уни нима мажбур қилганини, оиласини ҳам сўраб кўрдим. Исми Замирахон (исми ўзгартирилди), … вилояти … туманидан келгани, ёши 29 да эканини айтди. Айтишича, оиласининг иқтисодий аҳволи ёмон эмиш. Турмуш ўртоғи Россияга ишлаш учун кетган, бир-икки бор пул жўнатиб, кейин умуман юбормай қўйган. Икки фарзанди, нафақадаги қайнота ва қайнонаси билан анча қийналиб қолган Замирахон энди тирикчилик ўз бўйнига тушганини ҳис қилиб, пул топиш йўлларини қидира бошлаган. Бир неча бор қариндошлари, қўшниларидан пул қарз олиб турган. Аммо оларда кирар жоним, кетарда чиқар жоним деганларидек, қарзларни тўлаш масаласи анча қийнаб қўйган. Қайнота ва қайнонаси анча кексайиб қолганидан улардан нажот кутолмайди. Қариндошларию, ошна-оғайнилар, қўшнилар ҳам пулни супуриб олаётгани йўқ. Улардан ҳам умидини узиб, маҳалла қўмитасига кам таъминлангани ҳақида маълумотнома сўраб борибди. Маълумотнома ҳам ҳа деганда чиқавермагани, оиладага етишмовчиликлар, қарзларини ўйлаб бошини ушлаган бир пайтда унинг анчадан буён Тошкентда ишлаб юрган дугонаси Сурайёнинг таклифи жонига ора кириб, кўнглини равшанлаштирибди.

…Аввалига улар кафеларда идиш-товоқ ювиш, фаррошлик каби ишларни қилиб юрибди. Ора-орада кафеда бўладиган жараёнларга кўзи тушиб турар, ўзи тенги аёлларнинг маишат орқасидан осонгина пул топаётганини кўрган дугоналар ҳалол топаётган пулига қониқмай номусу иффатидан кечиб, ғафлат шаробини ичиб, аёл деган номни булғай бошлайдилар. Шу зайлда келиб турган жойи экан.
Аёлнинг оз фурсатда бўлиб ўтган ва айни дамда давом этаётган бу тарихи оддий жараён эмас. Бунда кимни айблаган бўлардингиз? Келинининг нима қилаётганидан бехабар қайнота-қайнонаними? Икки боласи ва аёлини боқа олмаган ношуд отаними? Қариндош-уруғларни қўя туринг. Кам таъминланган, оилавий шароити оғир оилаларнинг аҳволидан хабар олмаган, уларга ўз вақтида ёрдам бермаган маҳалла раисларичи? Борига шукр қилмай, ҳалол йўлда юролмаган, номусини сотган аёлнинг ўзи айбдордир, балки?

Вақт алламаҳал бўлиб қолганини билиб суҳбатни якунладим. Клубни ташқарида туриб бироз кузатдим. Ана холос, аёлларнинг клубдан чиқишини «интизор» кутиб ўтирадиган эркаклар ҳам тайёргина экан. Ҳатто уларни талашиб, бир-бирлари билан жиққамушт бўлаётганларига ҳам гувоҳ бўлдим. Кўча тилида айтганда, «разбор» қилишиб ўзининг кимлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлишарди. Шу тобда «эй, ғофил банда, шу қилаётган ишингни чеккадан туриб бир томоша қилсанг эди, кимлигингни кўриб ўзингдан, қилаётган ишингдан жирканиб кетар эдинг» дегим келди.

Газета саҳифасида исмини ошкор қилишга розилик билдирмаган талаба йигит сўзларини ҳам ушбу мулоҳазаларим исботи ва гувоҳи сифатида орага «қистириб» ўтишни лозим топдим.
– Адашмасам, 2015 йилнинг 21 декабрь санаси эди, – дейди у. – Курсдошларимиз билан Учтепа туманидаги «Миллион» (Пандора) кафесига бордик. Янги йил кайфиятини бузмаган ҳолда байрамни ажойиб тарзда нишонлай бошладик. Кафе шинам, кенг, ёруғ эди. Энг қизиғи, у ерда биздан бўлак ҳеч ким йўқ. Кеч киргандан сўнг курсдош қизларга рухсат бериб, йигитлар ёлғиз қолдик. Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай, бу ерга келувчи хўрандалар кўпайгандан кўпайди. Ҳаммаси «алламбалолар» кийиб олган. Бу дунёнинг уст-боши эмас. Биз ҳам қизлар билан еб-ича олмаган егуликларга буюртма бера бошладик. Буёғи йигитчилик! Шу йўсинда тунги кайф-сафо бошланди, ҳамма ажабтовур кийимларда биз эса оқ кўйлак, костюм-шимда. Кейин йигитларнинг ҳам уйларидан қўнғироқлар бўла бошлади. Улар ҳам кетадиган бўлишди.

Кузатдик. Мен Мурод дўстим билан қолдим. Майда-майдалаб дегандай, жамики роҳат шу ерда жамдек. Соат ҳам 22:00. Кундузи шинам, кўркам кўринган «Миллион»да одамлар жаҳаннам оловида ёнаётган гуноҳкорлардек сакрашни бошлади. Қийқириқлар. Худди жаҳаннамга тайёргарлик кўришаётгандек эди. Биз ҳам гуноҳ-савобни унутиб, оломон ичига ўзимизни урдик. Қандай ҳаракатлар қилдик билмадиму, кўзимни бир очиб қарасам, ўша оловда биз ҳам ёнаяпмиз. Атрофда «қизлар», ёш-яланглар, бир-бирига ёпишган, алдаган. Ёниб-ўчаётган чироқлар остида шунақанги манзара пайдо бўлганки, жиннихонанинг ўзгинаси. Энг қизиғи, бир-бир ойнада ўз аксимни ҳам кўриб қоламан. Соат тунги 00:30. Талаба сифатида у ерда бўлишимиз бизга ғалати туюла бошлади. Чунки «Миллион» энди фоҳишахона сифатида гавдаланаётганди. Ақлу ҳушимизни йиғиб, ҳисоб-китобни жойига қўйиб, у ердан урра қочиб қолдик…

Агар ўз кўзим билан кўрмаганимда, талаба дўстимнинг гапларига ишонмаган бўлардим. Кийган билан ковушимни, қилолмайсан юришимни деганларидек, ном ўзгартирилсаю, қиладиган ишлари эскича бўлиб қолаверса, ҳаммаси бир пул. Балки ишонмассиз, афсуски, ўқиганларингиз бор ҳақиқат!

…Беш, олти, еттинчи ва яна кўплаб манзилларда ўз фаолиятини олиб бораётган тунги клублар ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин. Чилонзор туманидаги «ДОН», «ДИНАРА», «BLACK STAR», Юнусобод туманидаги «ТЕТ-А-ТЕТ», «РЕЛЕС», Яшнобод туманидаги «777», Мирзо Улуғбек туманидаги «ШАМБУЛА», «АЛИС» ва ҳоказо бошқалари ҳам шулар жумласидан. Бугун шаҳримизнинг кўплаб гўшаларида шу ва бошқа номлар остида юзлаб тунги клублар ўз фаолиятини бемалол олиб боряптики, уларнинг ҳар бири билан алоҳида шуғулланиш, бу борада жиддий назоратни олиб бориш, керак бўлса, кўпчилигининг фаолиятига чек қўйиш каби жиддий масалалар олдимизда кўндаланг турибди.

Журналистик текширувнинг асосий мақсадларидан бири яширилаётган, сир тутилган ахборотни ошкор этишдан иборат бўлсада, аммо юқорида кўтарилган долзарб масала моҳиятан бошқачароқ бўлиб, қоронғи тун пардалари ортига яширинган, лекин омма кўриб, билиб, бевосита ўзлари ҳам бунда иштирок этаётган баъзи жараёнларни ўрганишга ва уларга кўзгу тутишга ҳаракат қилдик.
Бундан кўзланган мақсад шуки, ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб кўрмаган, оила олахуржуни елкасига тушмаган йигит-қизларимизнинг, юртимиз келажаги бўлмиш ёш авлоднинг ҳозирданоқ мияси заҳарланиб «оммавий маданият» қурбони бўлишининг олдини олиш, ҳали турмуш қурганига кўп бўлмаган ёш оилаларнинг бузилиши каби ҳолатларни камайтириш, эр-хотин ўртасидаги хиёнатларга йўл қўймаслик, қўшмачилик, фоҳишабозлик, ичкиликбозлик, нашавандлик каби иллатлар томирини қирқиш ва содир бўлиш эҳтимоли кутилаётган турли жиноятларнинг олдини олиш, оила, маҳалла умуман жамиятимизнинг тинч-осойишта ҳаётини таъминлаш каби эзгу ниятларни олға суришдан иборат.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз керакки, журналистлар ўз ваколат доираларидан чиқмаган, низомларда белгиланган қоидаларни бузмаган ҳолда муаммони ҳар тарафдан изчил ўрганиб, аниқ далиллар асосида иш олиб бормоқда. Муаммо ва мақсадлари аниқ ва равшан бўлган танқидий-таҳлилий материаллар газета юзини кўп бор кўрмоқда. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам ечим топяптими? Айтмоқчиманки, юқорида кўтарилган масала ҳам шунчаки қоғоз қоралаш эмас, балки жиддий кўриб чиқилиши лозим бўлган оғриқ нуқтадир. Бу борада тегишли мутасадди ташкилотлар мулоҳаза қилиб, зарур чора-тадбирни қўллайдилар, деган умиддамиз.

Муҳаммаджон ХЎЖАЕВ

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мухбирнинг тунги репортажи ёхуд «оммавий маданият» томирини озиқлантираётган гўшалар