23:02 / 11.08.2017
5 128

«Қора бозор» нега пайдо бўлади?

«Қора бозор» нега пайдо бўлади?
Нима учун иқтисодиётда «қора бозор» пайдо бўлади ва қачон бунга йўл қўйилиши шарт? Ҳар бир хўжаликнинг марказий омили бозор экан, унинг соғлом фаолият олиб бориши мураккаб амалиётларни тушунишни талаб қилади. Шундай қилиб, биз содда ва назарий жиҳатдан «қора бозор» аталмиш феноменанинг моҳиятига тўхталиб ўтсак.

«Қора бозор» бу ноқонуний товар ва хизматлар муносабати юзага келадиган ижтимоий майдон бўлиб, расмий бозор механизмининг бир бўлаги ҳисобланади. Шу билан бирга мавжуд талаб ва таклиф қоидаларига ҳам бўйсунади. Асосий фарқли жиҳати шундаки, «қора бозор»да солиқ мажбуриятлари йўқ ҳамда ҳар бир амалиёт давлат томонидан тартибга солинмайди.

Унинг пайдо бўлиш омиллари қуйидагилар бўлиши мумкин: мамлакат иқтисодиёти, миллий/маҳаллий қонунчиликнинг ўзига хос томонлари, товар етишмовчилиги, айни ички сиёсий ҳолат ва бошқалар.

Собиқ Совет мамлакатида капиталистик рухдаги бозор иқтисодиётига хос амалиётлар, яъни тадбиркорлик, хусусий ишлаб чиқариш қонунан ман этилган эди. Лекин, талаб ва таклиф ўз ўрнида қолаверади, «қора бозор» эса бу «чанқоқ»ни босиш учун ёрдамга шошилган. Ҳаттоки, совет луғатида «из под-прилавка», «из под полы», «цеховик» каби сўзлар пайдо бўлган.

Хўш, пайдо бўлиш омилларига кўра турли бўлган «қора бозор» нима сабабдан пайдо бўлади?

Аввало, таъкидлаб ўтиш жоизки, бундай бозор муносабатининг юритилиши иқтисодиёт учун катта хавф туғдирмайди.

Давлатнинг бозор муносабатларини қаттиқ назоратга олиши ва бир кун келиб, бошқариб бўлмас «касал» бозорни яратиб қўйиши «параллел олам»даги бозорнинг куртак отишига олиб келади. Ҳукумат қанчалик эркин бозор муносабатларига босимни кучайтирса (қонунчилик, солиқ ва сиёсий муносабатлар мисолида), унинг «укаси» шунчалик гуллаб яшнайди.

1980 йил 16 апрелда мустақилликка эришган Зимбабве мисолида бу тушунча анча осон тушунилади. Истиқлолнинг дастлабки йилларида 1 Зимбабве долларининг қиймати 1 АҚШ долларидан юқори этиб белгиланган эди. Вақт ўтиши билан иқтисодиёт сезиларли ютуқларга эриша бошлади. Табак ва дон маҳсулотларини, қурғоқчилик кузатилмаган йилларда, етиштириш катта фойда келтира бошлади.

Аммо, Зимбабве президенти Роберт Мугабе 1991-1996 йиллар давомидаги фаолиятида «Иқтисодий мувофиқлаштириш дастури»ни қабул қилди. Қарор пухта ўйлаб қабул қилинмаган чоғи, келгуси йилларда мамлакат иқтисодиётида сезиларли тушиш кузатилди. Бундан ташқари, президент ирқчиликка мойиллик билдириб, оқ танли фуқаролар тасаруффидаги ферма ерларни қора танли деҳқонлар фойдасига мусодара қилишга қарор қилди. Тажрибасиз фермерлар ер билан ишлаши самарали натижани кўрсатмади, 1990 йилларда амалга оширилган агро ислоҳот 1999-2009 йилларда озиқ-овқат етишмовчилигига сабабчи бўлиб қолди, десак муболаға бўлмайди. Ишсизлик кўрсаткичи 2008 йилга келиб 80 фоизга етди.

Мамлакат ҳарбийлари «Иккинчи Конго уруши»да иштирок этди. Бунинг устига сиёсий режимдан норози бўлган ЕИ, АҚШ ва ХВФ Зимбабвега нисбатан иқтисодий жазо санкцияларни киритди.

Бундан олдин таъкидлангани каби талаб ва таклиф ўзгармайди. Бирламчи товар ва хизматлар эҳтиёж доим бўлаверади. Қарабсизки, «қора бозор» туғилиши учун зарурият пайдо бўлди. Чунки эркин бозор муносабатлар амалда эркин эмас. «Қора бозор» мана шу талабларни қондириб, давлат назоратидан ташқарида соғлом бозор муносабат қоидаларини ярата бошлайди.

Агар озиқ-овқат, ёқилғи каби зарурий маҳсулотлар бозорнинг «укасида» ўз ўрнига эга бўлиб бораверса, давлатнинг олдида биргина ечим қолади: «қора бозор»ни расман тан олиш, у яратган муносабатлар қоидаси асосида иш кўриш керак.

Соддароқ қилиб кўриб чиққан схемангизнинг кўриниши бир давлат мисолида бўлиб, унинг тури ҳар хил бўлиши мумкин.


Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Қора бозор» нега пайдо бўлади?