07:30 / 22.08.2017
5 962

Лотин алифбосидан кимлар қўрқади?

Лотин алифбосидан кимлар қўрқади?
Лотин алифбосидан кимлар қўрқади? Албатта, келажак авлодни эмас, ўзини ўйлайдиганлар, ўз умрини узун ўлчайдиганлар. Умри, қийинчиликсиз турмуши, осонроқ битадиган юмушлари олдида халқ келажагини азиз ҳисоб қилмайдиганлар.

Кимлар бугун шу ёзувда хат-саводи чиққан ва аввали 30 ёшга кирган, (эртага ё индинга бутун фан, илм оламини ҳали кирилл ёзувида ўз илмий ё бошқа асарларини эълон қила туриб, ярим дунёнинг амалдаги ёзуви учун ўн тўққизтагина белгисини билиб ололмай, ортга қайтамиз деб ҳайқириб ётган «кекса авлод»нинг ўрнини эгаллайдиган) ёш авлодни, унинг неча йиллик умри, билим-салоҳияти ва жаҳон сари шаҳдам боришдаги кунма-кун эришаётган мислсиз ютуқларини, бутун бир мамлакатнинг келажагини ўйламай, ўз-ўзига қулай бўлишини кўзлайди?

Яхшики, лотин ёзувидаги кўплаб белгилар аввалги биз ёзавериб, мослашиб кетган ёзув белгиларидан кескин фарқ қилмайди.

Бугун таълимнинг турли бўғинларида билим олаётган ёш авлод лотин ёзувидаги ўзбек алифбоси асосида саводи чиқиб, энди бунинг натижасида дунё минбаридан янграйдиган тиллардаги илмий ва бадиий адабиётлар мутолаасида 30–40 йил олдинги одамларимиздан кўра анча илгарилаб кетди.

Ўқитувчилик соҳасидаги 25 йиллик фаолиятимда тенг нисбатда ҳар икки ёзувда кўп сонли ўқувчиларнинг ўқиши ва ёзишидаги қулайлик, ноқулайлик, бошқа тарафларини солиштириб кузатганман. 1996-2004 йилдаги ўқувчиларим орасида «ёнғоқ» сўзини «йонғоқ», «яхши» сўзини «йахши» ёзадиган ўқувчилар учрар эди. Ҳа, улар эшитган товушларини тўғри ёзадиган ўқувчилар эди, деб ҳисоблайман. Қолганлар графемаларни ёдлагани учун биз билгандек ёзишарди. Бироқ кирилл ёзувидаги икки товушни ифодалайдиган бу ҳарфлар «графемасевар»лар ўйлаганидек, қулай ва жуда тўғри эмасди.

Масалан, «Е» графемаси «мен», «тенг» каби сўзларда, яъни бўғин ўртасида келса, битта «Э» товушини ифодалайди, «елка», «енгил» «поезд» каби сўзларда эса «ЙЭ» товушларини ифодалайди. Бугун лотин ёзувидаги ўзбек алифбосидан камчилик топадиганлар нега бу кабиларни кўрмайдилар, ҳайронмиз. Ҳа-да, ёшлигингда ўрганиб кетган қулай, яна ўрганишни талаб қилмайдиган, газета-журналлар чиқяптими, китоблар шу ёзувда нашр этиляптими, демак, бундан ўзгасини ҳеч ким тан олмайдигандек туюлаётган, худди ёзув шакли сақланиб қолса, ёмонми? Бундайлар тасаввурида 100 йиллик вақт, гўё бутун бир тарих.

Кирилл ёзувини ёзишда тўхтамларнинг, яъни ҳарфларнинг турли ўринларидаги белгилари камлиги, балки айримлар учун маъқул туюлар. Лекин нима учун шундай шиддатли замонда биз худди уйқусираётган одамдек содда, осон томонга интиламиз? Нега бир оз меҳнат қилишдан, агар алифбо ёдлаш ва бу алифбода ўз сўзларингни ёзишни заҳмат деб бўлса, заҳмат чекишдан қўрқамиз?

Ахир бугунги кун боласи охирги русумдаги мураккаб телефонларнинг беҳисоб амалларини тезда ўзлаштиряпти-ку? Кимдир деётган эканки, икки ҳарф билан бир товушни ифодалаш ноқулай ва зарур шаклни қўя олмасликдан юзага келди. Бироқ нега инглиз тилидаги сўзларнинг шакллари бошқа-ю, ўқилиши бошқа бўлса ҳам, миллатимизнинг кўп сонли вакиллари бу тилни ўрганишга саъй қилиб, салкам она тилларидек ўрганадилар?

Инглизларнинг ўзи-чи? Ёзувларидаги кўпдан-кўп «камчиликлар»ни кўрмаяптиларми экан? Хўш, нима бўлибди, агар алифбомизда учтагина товуш икки ҳарф билан ифодаланса? Дунёда алифбосидаги ҳарфлари сони бизникига қараганда икки, уч, тўрт баравар кўпроқ бўлган халқлар нега қийналдик, деб дод солмаяптилар экан. Интернет тармоғидаги баъзи мақолаларни ўқиб ажабланасан киши. Аввалги ёзувга қайтишни ёқлаётганлар, аслида, кун сайин ўсиб бораётган фарзандлар камолини ўйлашаётган бўлса, 30–35 йил ўтиб кирилл ёзувида саводи чиққан одамларнинг деярли барчаси ўз ўрнини лотин ёзувида ўқиган ва бугун ташкилотга ишга келгач, мажбур бўлиб кирилл ёзувида (хоҳ қўлда, хоҳ компьютерда бўлсин) ёзишни ўрганаётган кейинги авлодга бўшатиб бериши аниқлигини яхши билсалар керак.

Китоблар кирилл ёзувида чиқаётганини рўкач қилишдан ҳам маъно йўқ. Чунки юртимиздаги кўплаб нашриётлар тўхтовсиз ишлаб турибди. Балки яна ўн йиллар ўтиб, барча китоблар, газеталар лотин ёзувида нашр этилади. Чунки кирилл ёзувининг истеъмолчилари анча нарилаб кетган бўладилар.

Эҳ, замондош, тенгдош авлод, ахир биз эмасми, лотин ёзувининг тўла амалга киришига ҳалақит бераётган? Бизлар биргина алифбони тез ўрганиб ола қолсак эди, ХХ асрнинг бахтли авлоди қўшёзувнинг амалда эканидан давлат қонунларига нисбатан кам даражада бўлса-да, ишончсиз бўлмасмиди?

Қадимда ота-боболаримиз дунёдаги мураккаб ёзувлардан бири саналган араб ёзувида савод чиқарганлар, таҳсил олганлар, ижод қилганлар. Бадиий ижодда бу ёзувда бетакрор асарлар яратилган, ҳатто ҳарф шакллари асосида чуқур идрок талаб қиладиган бадиий санъатлардан фойдаланиб, гўзал ифодалар яратганлар. Биз улуғ илм аҳлларининг ворисларимиз-ку? Бизга нима бўлди? Нега ота-боболаримиз дунёнинг китобини ёзгани ҳолда, биз бошқа халқлар нима қиляпти экан, қайси халқ кирилл ёзувида қолиб тўғри қилди, демак, уларнинг дунёқараши бизникидан кўра кенгроқ экан-да, деган мулоҳазаларга бориб ўтиришимиз керак?

Нега тўғри йўлда эканимиз билан, ёзувимиздаги яна бошқа барча соҳалардаги камчиликларни йўқотиб, мақбул йўлни танлашимиз ва шиддат билан олға боришимиз билан бошқа халқларга ўрнак бўлишни кўзламаслигимиз керак? Нега буюкларимизга муносиб бўлмаслигимиз керак? Англаб турибмизки, ўзбек халқи ҳозир ҳам дунёга энг забардаст алломаларни бериб турибди. Бу фикрни атоқли сиёсатчи, мамлакатимизнинг биринчи президенти Ислом Каримов номи билан далиллаш мумкин.

Яна ажаб фикрларга дохил бўлдим: ўзбек кишиси ўз фарзандини рус мактабда ўқитишга интилаётир. Хўш, нима бўлибди? Миллий мактабда рус тили ва адабиёти ўқитилади. Рус мактабларида давлат тили ўқитилади. Ўқувчи ҳар икки ҳолда ҳам дунёнинг икки ёзувида ўқиш ва ёзишни ўрганади.

Мана бу кўчирмага диққатингизни қаратамиз:

Оддий халқ ҳам улар (тилшунослар)дан ижодкорроқ эканки, ижтимоий тармоқларда «ш»ни «w» (даблю) ҳарфи билан ёзмоқда. Ҳатто айрим кишилар ш (sh), ч (ch), ғ (g‘), ў (o‘) ҳарфлари ўрнига бошқа тиллардаги ş, ç, ö, ğ сингари ҳарфлардан фойдаланилмоқда. Аммо компьютерда ишлайдиганлар уларни ёзиш учун айни пайтда қабул қилинган алифбомизда ва бинобарин клавиатурада бўлмагани боис, бошқа тиллар клавиатурасидан фойдаланишга мажбур бўмоқда.

Ажаб, бу нима дегани, «бошқа тиллар клавиатураси?» Тилларда клавиатура бўлар экан-да. Бу етти минг тилда етти минг хил клавиатура дегани. «Оддий халқнинг ижодкорлиги» дегани-чи? Икки белги ёзиб ўтиргандан кўра қўлидаги беш олти тугма ичидан шакли ўхшагани учун «sh»нинг ўрнига «w» ни ишлатишни бир дангаса одам русум қилса, шунга ижод қилиш деб баҳо беришнинг ўзини ҳам кашфиёт санаб ўтиргандир муаллиф. Нима демоқчи бўладилар?

Тасаввур қилинг, “sh” ни “w” товушини ифодаловчи белги билан алмаштирилса...
Янги алифбода тилимиздаги барча товушларни ифодалайдиган ҳарфлар етарли. Бу алифбо етук мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган. Айрим маҳмадоналарнинг омма олдига чиқиб ўзини доно санаб сайрашини Гулханийнинг «Зарбулмасал» асаридаги дурадгор ишини қойиллатаман деб думидан бир ҳисса қолдирган маймунга ўхшатса бўлади. Ҳа, омма олдида уларнинг ёзганларида камида битта бемаъни фикр қолади. Унинг тўғри фикр дея хаёл қилиб ҳамма учун ҳавола қилиниши эса бориб турган бемаъниликдир.

Фикримизча, оммавий нашрларни тезлик билан лотин ёзувида ишлашга ўтказиш керак. Алифбо ислоҳини кутиб ўтиришдан маъни йўқ. Кенгашга солиб қўйилса, бир қарорга келиш ҳеч бир вазиятда осон бўлмаган. Таълим, ижтимоий ҳаёт эса давом этаётир-ку. Бир лаҳза бўлса ҳам эртароқ ислоҳот ўтказиш, лотин ёзувининг барча жабҳада амал қилишига эришиш, фаол кишиларни замон билан, ёшлар билан ҳамнафас бўлишларини тақозо этадиган вазиятни юзага келтириш керак. Агар бир қарорга келингани, ислоҳ киритилгани тақдирда ҳам биз ҳеч нарса йўқотмаймиз. Қайтага қотиб қолган омма жонланади, янги ёзувни ўрганиб боради.

Андерсеннинг «Булбул» эртагидаги ясама булбулни ҳақиқий булбулдан афзал кўрган сарой аҳлининг бир хил ўйлаган фикри ёдимизда: «Сунъий булбулнинг қандай куй куйлашини олдиндан билса бўлади, ҳақиқий булбулнинг нима куйлашини эса, йўқ». Сарой аҳлига ўхшаб бир хилликка интилишимиз, ривож топиб бораётган замонга ета олмай эскичасига ёзишни маъқул кўришимизни ҳеч бир яхши сўз билан баҳолаб бўлмайди.

Мақолани ҳам лотин ёзувида битишни жуда истаган эдик, лекин миллатимиз келажаги учун жон куйдирадиган, зиёли, илмли, қалб кўзи очиқ инсонлар ичида ҳам бу ёзувдаги матнларни ўқий олмайдиган ва ўз ватанининг қонунлар билан тасдиқланган ёзувини ўрганишни ватанпарварлик деб билмайдиган, ёзувни ўрганмасликни ватан келажагига бефарқлик, халққа ҳурматсизлик, деб англамайдиган айрим одамлар ўқимай қолдиришмасин, деган мулоҳазага бордик.

Яна таъкидлаймиз, лотин ёзувининг ягона ёзув сифатида амалга кира олмаётганига биз — кирилл ёзувида саводи чиққан авлод, энг бош айбдормиз. Касбдошлар, ватандошлар, миллат дардини чекаётган азизлар, дунёга юз тутайлик, миллийлигимизни қўлдан бермайлик. Муҳими, юрт равнақи учун курашайлик, лекин келажак авлодга халақит бермайлик.

Маъмура Зоҳидова


Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Лотин алифбосидан кимлар қўрқади?