Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти
Яқинда дадамни Германияга кузатиш учун аэропортда бўлдим. Олдинлари эътибор бермагандим, бу сафар муҳташам даргоҳнинг ходимлари чеҳрасига разм солдим. Аниқроғи, улар табассум қиладиларми-йўқми, шунга эътибор бердим. Гувоҳи бўлдимки, кўпчилиги самимиятдан йироқ! Тунд қиёфада ишини бажаради. Айримлари шунақанги жиддийки, қош-қовоғига қарасанг кайфиятинг тушиб кетади! Айниқса, операторлар – булар ё қайнонасидан гап эшитиб келган, ёки эри боплаб бир тепиб ишга юборган гўё! Қош-қовоғи очилмайди. Самолётга ёнидан чипта олиб бераяпти-ю, сарфлаган пулига жаҳл қилаётгандек туюлиб кетди менга!
Темирйўл вокзали кассасига ишим тушди. Ёшгина кассир аёлнинг табассум қилишини кутдим. Қаёқда дейсиз! У шу қадар хафа кўринардики, ҳойнаҳой ҳозиргина Шекспир трагедияларини ўқиган бўлса керак деб ўйладим. Тўғри, кассир хоним ёмон гапирмади, қўпол муомала қилмади, аммо мижозлардан табассумини аяди. Аниқроғи, табассум улашиши кераклигини билмади ҳам!
Нега шундай? Аэропорт, темирйўл вокзали маъмуриятлари шу оддий қоидани ўргатмасмикан ходимларига? Ўргатмаган тақдирда ҳам табассум қилиш лозимлигини ходимларнинг ўзлари билмайдими? Ёки кулимсираб, самимий муомала қилиш фақат стюардессаларга тегишли қоидами?
Бундай муассасалар эмас, бошқа даргоҳлар – дўкон, ресторан, кафе, идоралар, умуман, жамиятда оддийгина табассумни унутиб қўймаяпмизми? Қўшнингни кўрсанг — қовоқ-тумшуқ, ишхонангга борсанг – қошлар тугилган, танишингга кўзинг тушса — гўё ҳамма еб, у қуруқ қолгандек! Тўғри, ҳар кимнинг муаммоси бор. Шуни ўйлаб ич-ичидан ранжиётган бўлиши мумкин! Аммо яхшилаб гаплашиб кўрсангиз, муаммо ҳисоблаётган масаласи аслида ўткинчи бир ҳолат, холос! Дилгирликка арзимайди, шунчаки пуфлаб шиширилган! «Кайфиятнинг хожаси — кишининг ўзи. Кайфиятини бошқара олса – хожа, бошқара олмаса — қул. Қулнинг қисмати оғирроқ», — дейди устоз Тоҳир Малик.
Яхшилик кимлардан кутилади?
Назаримда, биз қовоғимизни уйишга ўрганиб қолдик, табассумдан узоқлашаяпмиз. Ваҳоланки, муқаддас динимизда: «Яхшиликни чеҳраси очиқ, хушрўй одамлардан кутинглар», «Одамлар билан хушмуомала бўлинглар, уларга қаттиққўллик қилиб беҳаё сўзламанглар», — дейилган.
Психологлар хафа бўлганда кўзгуга қараб кулишни тавсия қилишади, ана шунда кайфият кўтарилар экан. Ҳарвард университети профессори Уилям Жеймснинг сўзлари: «Кайфиятингиз бузилган бўлса, ирода кучингиз билан кайфиятни жойига келтиришнинг йўли бор. Кўнглингизда ҳар доим “ҳаммаси жойида, ҳаммаси яхши” деб, ўзингизни тетик тутинг, шундай деб ишга киришинг ва гапиринг».
Хўш, биз шунга лаёқатлимизми? Кўпчилигимиз ойнадаги аксимизга тикиламизу, табассум қилиш ўрнига йиғлаб юборай деймиз: бундай ўқрайган афт-башарани кулдириш қийин ахир! Иродамиз кучли эмас! Ўзимизни ўзимиз ишонтира олмаймиз.
Нью-Йоркдаги йирик дўкон ишюритувчисининг айтишича, сотувчиликка турқисовуқ фан докторини эмас, балки бошланғич маълумоти бўлмаса-да, мафтункор табассуми бўлган қизни ишга олиш мақсадга мувофиқ экан. Қадим Хитой мақолида эса «Инсоннинг юзида табассуми бўлмаса, дўконни очмаслиги лозим» дейилган.
Мугамбо қиёфадошлари
Мен бўлар-бўлмасга тиржаявериш, «куйдирилган калла» бўлиш кераклигини назарда тутмаяпман. Ҳуда-беҳуда кулиш ярамайди! Мен бир-биримизга нисбатан самимий, меҳрли бўлишимиз зарурлигини назарда тутмоқдаман. Қачонгача фақат хориж мамлакатларидаги кассир аёллар, меҳмонхона ходимларининг табассум улашишига ҳавас қиламиз? Улардан камчилик қидириш эмас, фазилатлари, чиройли одобларидан ўрнак олиш керак. Қолаверса, бундай одоб йўл-йўриқлари ўзимизда ҳам бисёр. Уларни амалда қўллаш керак. Акс ҳолда савол билан мурожаат қилинганда тўнғиллаб жавоб бераверамиз.
Ёлғон бўлмасин, мурожаатингизга жилмайиб жавоб қиладиганлар бор, бироқ улар жуда кам ва, ўйлашимча, табассум қилиш кераклигини индивидуал тарзда ўзлаштирганлар. Эҳтимол, кўп китоб ўқишгандир, муваффақият сирларидан воқиф бўлишгандир. Бироқ мижозлар кўпроқ мурожаат қиладиган муассасаларда иш вақтида жилмайиш кераклигини уқтирадиган йўриқномалар борлигига шубҳа қиламан.
Айримларга жавоби қониқтирмагани боис саволни такрорласанг, шу қадар энсаси қотади, шунақанги ўқрайиб қарайдики, кўзлари раҳматли Амриш Пури қаҳрамони — Мугамбоникига ўхшаб кетади! Бундайлар учун жилмайишдан кўра дарғазаб бўлиш осон, шуни хоҳлайди, шунга ўрганиб қолган! Ваҳоланки, юз марта сўрасанг, юз марта жавоб бериши шарт!
Манба: Xabar.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»