00:02 / 15.02.2018
5 594

Аёллар бўлимининг бошлиғи (Ҳажвия)

Аёллар бўлимининг бошлиғи (Ҳажвия)
Каминани биттаям эркак ишламайдиган бўлимга бошлиқ қилиб қўйишди. Рости, аввалига: “Қариганимда шу менга керакмиди”, деб бир оз хафаям бўлдим. Лекин вазифа юклатилганидан кейин, уни бажариш керак. Аввалига аёлларнинг орасида ўтиришга хижолат тортдим. Одам ҳамма нарсага кўникар экан-ей! Ўрганиб кетдим. Чор тарафда “…хон” “…ой” “…бонулар”, ҳавода турли атирларнинг нафис ифори! Бир нарса яхши — доим қайноқ чой тайёр! Ёнида ширинлиги билан. Бири бўлмаса, бири пиёлангни тўлдириб қўяди, барака топгурлар.

Уч ой ўтмай ходималаримни тушуниб кетдим. Шундоқ юзига қарасам, бўлди, нима гаплигини дарров билиб оламан. Моҳирахон “юрагим ғаш” деса, кийими қоматига чиппа ярашганини айтиш керак. Дилфузаой “кенг дунёга сиғмай кетса”, демак, қайнанаси билан айтишиб қолган. Нафосатнинг эри билан-ку ўртоқ бўлиб қолдик, улфати йигит! Хотинининг: “Мендан бошқага уйланармидингиз?” деган саволига: “Узил-кесил йўқ! Чунки биламан, сендан яхшисини тополмайман, сендакаси керак эмас!” деб жавоб қилибди шоввоз!

Саккиз ойда аёлларнинг буюмларига балодай ақлим етадиган бўлиб қолди. Масалан, сумканинг ранги пойабзалнинг ранги билан бир хил бўлиши шарт. Бўягандан кейин лабларни қоғозга босиш керак, шунда табиийдек кўринади. Ҳар бир аёлнинг шахсий пардоз воситалари бўлгани яхши. Бўлмаса қизи билан талашиб қолади. Хотинига “яхши кўраман”, “олиб бераман”, “албатта борамиз”ни тез-тез айтиб турадиган эркак — ҳақиқий эркак! Ҳа, буларга гапниям ўйлаб гапириш керак, деб турганимда Саломатхон деганимиз тунд кайфиятда кириб келди:

— Ҳа, тинчликми? Кайфиятингиз йўқроққа ўхшайди, Саломатбону? — дедим кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилиб.

— Тенгдошларингиз, синфдошларингизга қараб туриб: “Наҳотки мен ҳам шунақа қари кўринсам-а?” деган фикр ҳеч хаёлингизга келганми?

— Келган. Кеннойингиз ҳам “Мен ҳеч ўзгармаганман-у, дугоналаримнинг юзларида бунча ажин кўп” деб қолади баъзида.

— Менам шуни айтаман-да! Кўзгуга қарасам, ўша-ўша Саломатман! Кеча тишим ўлгур жуда қаттиқ оғриб, кўзимга ҳеч нарса кўринмаса, денг! Юрагимни ҳовучлаб поликлиникага бордим. Янги тиш шифокори келибди. Ўша ерда бир-иккитасининг: “Қўли енгил, оғриқни сезмайсан”, деб мақтагани қулоғимга чалиниб, навбатга турдим. Қарасам, деворда шифокорнинг тўлиқ исми-шарифи ёзилган дипломи, мақтов ёрлиқлари осиғлиқ. Ўқидим-у, бирдан кўз олдимга баланд бўйли, жингалак сочли, истараси иссиққина синфдошим келди. “Бу — ўша!”, деди юрагим ҳам ҳовлиқиб. Мактабда ўқиб юрган пайтларимизда менга зимдан қараб-қараб қўярди…

— Демак, унга ёқаркансиз…

— Ҳа, энди… Шундан бери ўттиз саккиз йил ўтибди. Ўзи ҳозир қанақайкин, мени кўриб қай аҳволга тушаркин, деб роса ҳаяжонландим. Навбатим келиб, ичкарига кирдим-у… эй, ҳафсалам пир бўлди.

— Нега?

— Рўпарамда оқарган сочлари сийрак, бетини ариқдай-ариқдай ажинлар бежаган, бир сўз билан айтганда, менинг синфдошим бўлиши мумкин бўлмаган даражадаги қари, қориндор бир амаки турибди-да! — Тишимни кўрди, даволади. Хонасидан чиқиб кетаётиб: “Мабодо 16-мактабда ўқимаганмисиз?” деб сўрадим.

— Хўш, у-чи?

— Аввалига ҳайрон бўлди. Кейин: “Ҳа, ўқиганман” деди. Мактабни қачон тугатганини сўрадим. “1973 йилда, нега сўраяпсиз?” деди. “Сиз менинг синфимда ўқигансиз”, десам… шу қари, хўппасемиз, салкам кал амаки менга тикили-и-б туриб:

— “Бизга қайси фандан дарс бергансиз, опой?” деса бўладими?!

— Майли, хафа бўлманг. Буям яхшиликка!

— Нимаси яхшиликка? — дея ҳайрон бўлган Саломатхон:

— Ўзини ҳеч ўзгармаган, мактабда қандай бўлса, кўриниши шундайлигича қолган, деб ҳисоблайдиган битта сиз эмас! Демак, ёлғиз эмас экансиз! — дедим уни тинчитиб.

Айтгандай, яқинда мени бошқа бўлимга ўтқазишармиш… Энди “…хон”, “…ой” “…бону”ларсиз қандай ишлайман?! Қанақа янги мато чиққани, нима урф бўлгани ҳақидаги маълумотлардан бехабар қоламан-ку?! Бу ёғини сўрасангиз, чойни-ку, эркаклар ҳам бир амаллаб дамлаб беришар, лекин ширинлик масаласи нима бўлади?!
Эҳсонбек

Манба: tasvir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Аёллар бўлимининг бошлиғи (Ҳажвия)