15:35 / 22.02.2018
4 612

"Сузук ота" мажмуасининг қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда

"Сузук ота" мажмуасининг қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда
2017 йил 26 май куни Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган «Сузук ота» мажмуасида бўлиб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича тавсиялар берган эди.

ЎзАнинг ёзишича, бу ерда тўққиз ойдан буён улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Мажмуанинг кириш қисмида автотураргоҳ, музей, дўкон, кутубхона, ичкарида «Сузук ота» мақбараси ва ундан сўнг масжид бунёд этилмоқда. Мажмуага кираверишда йўлнинг икки томонида ҳунармандлар учун икки қаватли 34 та намунали уй-жой қурилади.

– Бизда ҳунармандликнинг кўплаб йўналишлари ривожланган, – дейди бу маҳаллада яшовчи Асқар ота Обидов. – Неча йиллар ўтган, бир неча авлодлар алмашган бўлса-да, анъаналар давом этмоқда. Энди бу жой ҳақиқий ҳунармандлар маркази бўлиши шубҳасиз.

Ҳунармандлар учун бу маскандан жой ажратилиши бежиз эмас. Асли исми Мустафоқул бўлган Сузук ота Хожа Аҳмад Яссавийнинг ёлғиз қизи Гавҳари Хуштожнинг (Хуштари) кенжа фарзанди бўлган. 1140 йилда Туркистоннинг Қорачуқ қишлоғида таваллуд топган Мустафоқул бобосининг хизматига борганида Аҳмад Яссавий уни “Менинг сузигим, (суюклигим) хуш келдингиз!”, деб эркалаган экан. Шунинг учун аввал унинг яқинлари, сўнг бошқалар ҳам уни Сузук деб атай бошлаган. Балоғатга етгач кароматлар соҳиби Тошкентдаги Чақар, Чуқуркўприк (Чўпонота) ва Мирлар маҳаллаларига туташ бўлган кимсасиз, тепалик ва жарликлардан иборат ерда қўним топиб, шу маҳаллани обод қилишга киришади. Ўзи туғилган юртидан қорилар, уста-ҳунармандлар, яқин дўст-биродарларини олиб келиб, уй-жойлар қурдириб, барчага бошпана бериб, илм ва ҳунарни кенг оммага жорий қила бошлаган. Ёшларга деҳқончилик, ҳунармандлик ва бошқа касб-кор сирларини ўргатган. Юзлаб ҳунарманд уста-шогирдларга пиру комил бўлган. Кароматгўй устоз 1217 йилда вафот этган. Ўша пайтда бу маҳалла “усталар”, “хўжалар” маҳалласи деб юритилган.

Сузук ота номини абадийлаштириш, азалий ҳунармандлик, устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш, миллий қадриятларимизни янада такомиллаштиришда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилаётган ушбу маданият марказининг аҳамияти катта.

XX асрда маҳалла номи “Бауман”, “Коминтерн”, “Қаҳрамон” ва “Обод” деб ўзгартирилган. Мустақилликдан сўнг қайтадан Сузук ота маҳалласи, дея атаб келинаётгани авлиёга бўлган юксак эҳтиром ва эътироф намунасидир.

Ушбу маҳалланинг гузар қисмидаги мақбара ва масжид Соҳибқирон Амир Темур даврида бунёд этилгани ҳақида маълумотлар бор. Хонақоҳ ва айвонда етти юзга яқин намозхон ибодат қилиши мумкин бўлган. Афсуски, 1930 йили масжид ва мадраса ёпилиб, металл буюмлар корхонасига айлантирилган. Ҳужралар ўрнида корхона идораси ва омборхона қурилган. 1985-1990 йилларгача шаҳардаги энг катта гумбазли (диаметри - 10 метр) масжид бўлган зиёратгоҳ шу ҳолича қолган.

Ватанимиз мустақиллиги арафасида корхона бошқа ерга кўчирилиб, вайрона ҳолатдаги бино маҳалла ихтиёрига берилди. «Шош» кичик корхонаси ҳунармандлари ва маҳалла аҳли ёрдамида таъмирланиб, 1996 йили рамазон ойида масжид ўз фаолиятини қайта бошлади ва бу жой юртимиз ҳунармандларининг севимли масканига айланди.

Айни вақтгача бўлган бунёдкорлик ишларидан сўнг масжидда 900 киши намоз ўқиши мумкин бўлган айвон қад тиклади.

– Ушбу мажмуада ишлаётганимдан бахтиёрман, – дейди хивалик уста Тоҳир Эгамбердиев. – Жуда кўп масжид ва мақбаралар қурилишида иштирок этганман. Аммо бу жойнинг ўзгача файзи бор. Ҳар қандай шароитда иш қизғин бўлади. Бу маскан барпо этилаётганида ҳикмат кўп.

Мажмуада “Ижод-Ижод” хусусий корхонаси мутахассислари томонидан кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилаётир. Унда юртимизнинг барча ҳудудларидан уста-ҳунармандлар фаол иштирок этмоқда. Қурилиш ишларининг эллик фоизи якунланган. Энди безак бериш ва камчиликларни тўлдириш билан шуғулланилади. Масжиднинг гумбази ўзгартирилиб, тарихий хонақоҳ билан уйғунлаштирилди. Бу ердаги чиллахона қайта тикланаётир.

6,5 гектар майдонда барпо этилаётган, миллий ўймакорлик асосида ишланган нақшинкор эшик-ромлар, устун ва тоқилар билан безакланадиган, миллий ва замонавий меъморлик санъатини ўзида мужассам этадиган улкан мажмуа жорий йил мустақиллик байрами арафасида илк зиёратчиларини қабул қилади.

Зиёратгоҳни қуриш мақсадида бу ердаги эски хонадонлар бузилиб, аҳолига ер ва уй-жойлар ажратилди.

– Ўрганган жойдан кетиш осон эмас, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Собитхон Турсунов. – Лекин маҳалла аҳли бу мажмуа Қозоғистон, Тожикистон, Туркия ва юртимиз аҳолисини бир-бирига янада яқинлаштиришини англаган ҳолда, уй-жойини тарк этиб, ўз ихтиёри билан қурилиш ишларига ёрдам бермоқда. Чунки Сузук отанинг авлодлари асосан шу тўрт мамлакатга тарқаб кетган. Улар авваллари ҳам бу ерга зиёратга келиб турган.

Жорий йилнинг 9 февралида Президент пойтахтда олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишаркан, "Сузук ота" мажмуасидаги қурилиш ишларини ҳам кўздан кечирди. Бу ерда зиёратчилар учун янада қулайликлар яратиш, ҳудудни ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга қўшимча топшириқлар берди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "Сузук ота" мажмуасининг қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда