Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида”ги Фармонига кўра 2 минг 700 нафар маҳкум ва маҳкумалар жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинди. Улар орасида Марғилон шаҳар “Туттаги” маҳалласида яшовчи Дилноза Тожибоева ҳам бор. "Оила ва жамият" газетаси мухбири Дилноза билан телефон орқали боғланиб, уни темир панжара ортига бошлаган тақдири ҳақида суҳбатлашди.
“ҚЎЛИ КАЛТА”ЛИК ПАНД БЕРДИ
– 16 ёшимда ўртаҳол оиладан ўзига тўқ хонадонга келин бўлиб тушганман, – дея ҳикоясини бошлади Дилноза. – Турмуш ўртоғим билан аввалига яхши яшадик. Овсинларим кўпайгач, ота-онамнинг қўли калталиги, ўртадаги фарқ сезила бошлади. Уйдагиларга яхши кўриниш учун ҳеч қандай меҳнатдан қочмасдим. Меҳнатдан одам ўлмайди, аммо ўксиклик қалбни синдириб, қаддимизни эгиб қўяркан. Шу важдан тез-тез жанжал бўлиб, уч фарзандим ҳам кўзимга кўринмай, отамникига кетиб қолардим.
Охири шу даражага етдики, уйда кимдир салгина овозини кўтариб гапирса ҳам асабийлашиб, оёқ-қўлим қалтираб қолардим. Хўжайиним мени Андижонда бир руҳшуносга олиб борди. Руҳшунос шу ҳолатда яшашни давом эттирсам аҳволим янада оғирлашишини, ҳеч кимга керак бўлмай қолишимни айтгач, жиддий даволандим. Муолажалар яхши таъсир қилиб, ўзимни қўлга олдим. Қайнона-қайнотамнинг ёрдами билан алоҳида ҳовлига кўчиб ўтдик. 2013 йил пул топиш, қўшимча даромад орттириш мақсадида Тошкентга ишлагани келдим. Чевар бўлганим учун кўйлаклар тикиб, дўконларга тарқатардим. Яхши пул топиб, ўзим ҳам дўкон очдим.
“ЁМОНЛАР ТУЗОҒИГА ИЛИНДИМ”
Хўжайиним болаларим билан Марғилонда, мен эса пойтахтда яшардим. Болаларимни кўргани тез-тез бориб турардим. Хўжайиним: “Уйга қайт, болаларнинг ёнида яша”, деса, юрагим орқага тортиб кетарди. Яна ўша жанжалли ҳаётга қайтишни истамасдим. Эркинликка ўрганиб қолгандим. Пулим кўпайгач, қиммат телефон сотиб олиб, интернет тармоғига уландим ва “Odnoklassniki.ru” сайти орқали турли танишлар орттирдим. Аксарияти ўзбекистонлик Россия фуқаролари эди. Уларнинг: “Беш кунлик дунёнинг заҳматлари ва нариги дунёдаги роҳатлар”, ҳақидаги таърифлари руҳимга аллақандай ором берарди.
2013 йилнинг июлида мени Россиянинг Екатеринбург шаҳрига чақиришди. Болаларим, хўжайиним, ота-онамни ҳам ўйламай йўлга отландим. Мени Хадича ҳамда Умар исмли одамлар кутиб олишди. Бир хонадонда яшаб, намоз ўқишни ўргандим, ислом таълимотидан маълумотлар беришди. Хижрат қилишимиз кераклиги ҳақида гапира бошлашгач, бирдан сергакландим. Беихтиёр “Ўзбекистон” телеканали орқали бериладиган диний оқимларга кирганларнинг мудҳиш қилмишлари ҳақидаги кўрсатувларни эсладим. Сурияга хижрат қилишга тайёрлай бошлашгач, қочиш ҳаракатига тушдим. Бир амаллаб Москвага келиб, танишларим орқали ишга жойлашдим.
“ДИНИЙ ОҚИМЧИ”ЛАР ЧАНГАЛИДА
Телефон рақамимни ўзгартириб, эски танишларим билан алоқамни уздим. Хўжайинимга телефон қилиб, Москвага ҳаво алмаштириш учун келганимни, чиптага етарли пул топсам, уйга қайтишимни айтдим. У: “Тезроқ қайт, болалар сени жуда соғинишган”, деди. Чипта пули топиш учун ишлай бошладим. Аэропортга бориб, чипта пулининг ярмини тўлаб, “брон” қилиб келдим. “Оқимчилар”дан қутулдим, деб хурсанд бўлиб юрган кунларим бир эркак телефон қилиб, қаерда ишлаётганим, уйга қайтиш учун чипта буюртирганим, ҳаттоки қайси автобусда ишга боришимгача билиши бу йўлдан қайтсам, фарзандларимнинг тирик қолишига кафолот йўқлигини айтиб, таҳдид қилди. Ҳеч қанча вақт ўтмай хўжайиним телефон қилиб: “Бошқа эркакка никоҳланибсан, агар уйга қайтсанг, сени ўзим ўлдираман”, деб қасам ичди. Интернет орқали хўжайинимга ёлғон маълумотларни етказишган экан. Улар бу кўчага кирганларни бир муддат қўйиб юбориб, сўнг ортидан кузатишаркан. Таҳдидлардан қўрқмадим. Фақат эримнинг ёнига қайтишга бетим чидамади.
Москва кўчаларида бир неча кун тентираб юрдим. Мен ёмонларнинг чангалига тушган эдим. Яна хатога йўл қўйиб, улар ҳақида ҳеч кимга маълумот бермадим. Агар ички ишлар ходимларига хабар берганимда ҳаётим бу қадар чигаллашиб кетмасди.
Ниҳоят уларнинг шартларига – Туркия орқали Сурияга чиқиб кетишга рози бўлдим.
“ТУН ЯРМИДА СУРИЯГА ЕТИБ КЕЛДИК”
Сурия яқинидаги Хатай вилояти Истанбулдан 18-20 соатлик йўл экан. Хатайда бизни кутиб олган одамлар тун ярмида чегарадан ўтказиб қўйишди. Сафимиз яна кенгайди. Сурияда мени Екатеринбургдаги одамлар қарши олди. Ташландиқ уйларга жойлашдик. У ерда менга ўхшаган аёллар кўп эди. Уларнинг аксарияти ёлғиз, пулга муҳтож бўлиб, менга ўхшаб тузоққа тушган эди. Ҳаттоки боласи билан келганлар ҳам бор эди. Бизни хижрат қилишга тайёрлашди. Эркакларни эса автомат отишга ўргатишди. Ўшанда болаларимнинг ёнига тирик қайтишим керак, деб ўзимга сўз бердим. “Оқимчи”лар жуда айёрлик билан иш кўрарди. Мен ҳам айёрлик йўлига ўтдим. Уларнинг менга яқин бўлиб қолган аёлларига, агар мени қўйиб юборишса, атрофимга одам йиғишимни, сафимиз янада кенгайишини айтдим. Ишончларига кирдим. Уларнинг ёрдами билан Туркияга ўтдим. Хўжайинимга қўнғироқ қилиб, уйга қайтишим учун йўл ҳақига пул юборишини сўрадим. Банк орқали пулни олиб, уйимга – болаларим ёнига қайтдим. Бошимдан кечирганларимни эшитган хўжайиним ички ишлар идорасига бориб, айбимга иқрор бўлишимни талаб қилди. Жон ширин экан, қамалиб қолишдан қўрқдим. Турмуш ўртоғим ўзи бориб, ҳаммасини айтиб берди. Яхшиям шундай қилган экан. Агар бунга чек қўйилмаганида балки...
2013 йил ноябрь ойида судландим ва 8 йилга озодликдан маҳрум этилиб, Зангиота туманидаги жазони ўташ муассасасига келдим.
МАҲАЛЛА ҚАБУЛ ҚИЛМАЯПТИ
Қамалганимдан сўнг эрим ҳам, болаларим ҳам ортимдан бирор марта боришмади. Улардан хафа бўлишга ҳаққим йўқ. Хўжайиним бошқа аёлга уйланиб, ундан иккита фарзанд кўрди. Бироқ 2016 йил “орқа мия саратони” билан оламдан ўтди. Гарчи, ўз оғзи билан айтмаган бўлса-да, кўзларидан мени кечирмаганини сезардим. Шу боис виждон азоби ҳалигача тинчлик бермайди.
2017 йил 8 декабрь куни Президентимизниннг афв этиш тўғрисидаги фармони билан озодликка чиқдим. Ҳаётимнинг тўрт йилу 2 ойи қамоқхонада ўтди. У ердан тўғри онамникига бордим. Қайнонам: “Келинимизни Президентимиз кечирганида мен ким бўлибманки, кечирмасам”, – деди. Шу сўзнинг ўзи кўнглимни тоғдек кўтарди. Яшашга бўлган истагимни оширди.
Аммо муаммолар тугагани йўқ. Ўзим ота уйимда яшаб турибман. Катта ўғлим ўгай онаси билан яшашни истамай Россияга ишлагани кетган. Уни кўрмаганимга беш йил бўлди. Иккита фарзандим қайнонамнинг қарамоғида. 15 яшар ўғлим ўртоқларига қўшилиб, мактабга бормай кўчада юрган экан, ички ишлар идоралари ходимлари ушлаб сўроққа тутса, аям билан яшайман, дебди. Хўжайиним билан бирга қурган ҳовлимизда кундошим икки боласи билан яшайди. Қайнонам унга икки хонали уй олиб бериб: “Болаларинг ҳали ёш, сен ўша ерда яшаб тур, уйни номингга ўтказиб бераман”, деса рози бўлмаяпти.
Менинг фарзандларим катта бўлиб қолган. Рўзғор тебратиш учун ҳаракат қилишим керак. Бундан кейин фарзандларим билан чиройли ҳаёт кечириш ниятидаман. Агар ҳовлини менга қайтариб беришса, 2-3 та тикув машинаси ўрнатиб, кичикроқ цех ташкил қилиб, қўшни қизларни иш билан таъминлаб, болаларимга ўзим эгалик қилардим.
Ҳовли-жойни жанжал-тўполон билан олиш ниятим йўқ. Маҳалла оқсоқолига шу муаммони ечишда ёрдам беришини сўраб мурожаат қилсам: “Қайси виждон билан бу ерда яшайсиз”, деди. Тўғри, хато қилдим. Жазоимни олдим. Президентимиз афв этди. Энди одамдай яшамоқчиман. Хўш, бу виждоним билан қаерда яшашим керак?!
МУРОСА ЙЎЛИ БОР-КУ
Дилноза билан гаплашгач, Марғилон шаҳар, “Туттаги” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жаҳонгир Юнусов билан телефон орқали боғландик. Жаҳонгир Юнусов дастлаб Дилноза бир пайтлар менталитетимизга хос бўлмаган ишлар қилгани учун уни қўшнилари қабул қилмаслигини, у йўқ пайти болаларига кундоши қарагани, энди эмизикли болалари билан уни “дом”га кўчириб қўйиш инсофдан бўлмаслигини, қолаверса, икки аёл ўртасидаги муаммони суд ҳал қилиши лозимлигини билдирди.
Наҳотки, икки аёлни муросага келтириш шунчалар мушкул иш бўлса? Нотўғри йўлдан бораётган одамга тўғри юр, жиноят содир этма, деб маслаҳат бериш осон. Унинг муаммоларига ечим топиш учун эса бироз ҳаракат ва бағрикенглик зарур. Акс ҳолда ўртадаги фарзандлар тақдирига ҳам чалкашликлар соя солиши мумкин...
Дилнозанинг муаммолари ҳал этилиши жараёнини биргаликда кузатамиз ва мавзуга қайтиб, бу ҳақда яна газетхонларга маълумот берамиз, албатта.
Нигора РАҲМОНОВА
Манба: Darakchi.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин