23:05 / 29.09.2018
6 124

Бутун мамлакатни «титратган» воқеа ҳақида батафсил маълумот берилди

Бутун мамлакатни «титратган» воқеа ҳақида батафсил маълумот берилди
Фарғонада беш ёшли қизалоқ ўғирланиши билан боғлиқ иш юзасидан батафсил маълумот берилди.

Агар ёдингизда бўлса, шу йил февраль ойининг бошида ижтимоий тармоқлар орқали Олтиариқ туманида 5 ёшли қизалоқнинг номаълум шахс томонидан ўғирлаб кетилгани, сўнг эса, унинг жасади топилгани ҳақида шов-шувли хабар тарқалганди, деб ёзади UzNews.uz нашри.

Ўшанда бу фожиали воқеа миллионлаб юртдошларимизнинг қалбини ларзага солган эди.

Хўш, аслида қандай воқеа рўй берганди?

Яқинда судда барчасига тўлиқ ойдинлик киритилди.

Айтиш керакки, Олтиариқ туманининг Полосон маҳалласида яшовчи Жамилахон Қодированинг бир эмас, 3 нафар набираси — Шердорбек, Кибриё ва Хадичахон шу ҳудуддаги 6-сонли мактабгача таълим муассасасида тарбияланишарди. Барча бувилар сингари Жамила опа ҳам набираларини жонидан ортиқ кўрарди. Шу боис ҳар куни эрталаб Шердорбек, Кибриё ва Хадичахонлар бувиси билан хайрлашиб, боғчага кетишарди. Кечки пайт эса, Жамила опа яна уларни қучоқ очиб кутиб оларди.

Ўша, 2018 йил 5 февраль куни ҳам худди шундай бўл­ди. Нонуштадан сўнг боғчага отланган кичкинтойлар бувижониси билан хайрлашиб, чиқиб кетишди. Аммо 5 ёшли Кибриёга боғчадан уйга қайтиш насиб этмади…

Қўштепа туманининг Қумтепа маҳалласида яшовчи Акмал Абдураҳмонов ўша куни эрталаб велосипедини минди-ю, Олтиариқ бозори томон йўл олди. Унинг мақсади — бозорда уяли телефонини сотиш эди. Бинобарин, Акмал бозорнинг уяли телефонлар ва телефон эҳтиёт қисмлари сотиладиган дў­конлари олдида тушгача харидор кутиб турди. Лекин телефонини ҳеч ким сўрамади.

— Кеча, якшанба куни келмабсиз-да, харидор кўп бў­ларди, — деди танишларидан бири.

— Ҳа, майли, яна бироз турай-чи, балки харидор келиб қолар. Агар бугун сотолмасам, айтганингиздек, якшанба куни келаман ёки Марғилон шаҳридаги бозорга бораман, — дея жавоб қайтарди Акмал.

Бироқ у бир соат эмас, ик­ки соатдан ортиқ турса ҳам­ки, телефонига харидор чиқмади. Оқибатда бўшашган кўйи изига қайтди. Акмал Полосон маҳалласидан ўтиб бораётганида кўчада кетиб бораётган 3 нафар бола эътиборини тортди. Яъни у болажонларнинг бир-бири билан беғубор гаплашиб, кулишиб кетаётганини кўриб, велосипедини тўхтатди. Улар — 6-сонли мактабгача таълим муассасасидан чиқиб келаётган Шердорбек, Кибриё ва Хадичахон эди.

— Ассалому алайкум!, — дея салом беришди болалар.

— Сизларни велосипедга миндириб, бир айлантириб келайми, — деди Акмал.

Болалар чуғурлашиб «ҳа», дейишди.

Шундан сўнг Акмал Шердорбек ва Хадичахонни орқа ўриндиққа, Киб­риё­ни эса, велосипеднинг олди ўриндиғига ўтиргизди. Сўнгра кичкинтойлардан сўради:

— Уйларинг қаерда, қайси кўчада яшайсизлар?

— Тўғрига юраверинг, ўзимиз биламиз, — дея бидирлади Шердорбек.

— Бизга «кириешки» олиб берасизми?, — деб сўради Кибриё ҳали Шердорбек гапини тугатмай туриб.

Бунга жавобан Акмал «ҳа» маъносида бош ирғади-ю, велосипедни Полосон — Ҳамза йўналиши бўйлаб ҳайдаб кетди. Аммо 100 метр­ча юргач, Шердорбек билан Хадичахон тушириб қўйишини айтиб, хархаша қилишди. Шу боис А. Абдураҳмонов дарҳол велосипедини тўхтатиб, уларни тушириб қўйди. Ке­йин эса:

— Шу ерда туриб туринглар, биз сизларга «кириешки» олиб келамиз, — деб Кибриёни миндирганча йўлга тушди.

Буни қарангки, йўлда кетиш асносида Акмалнинг кўнглида ёвуз фикр пайдо бўлди, Кибриёни ўғирлаб кетиш пайига тушди. Шунинг учун у қизчани қўрқитиб юбормаслик мақсадида аввалига «Сардор» тўйхонаси яқинидаги дўкондан «кириешки» олиб берди.

Сўнг йўлида давом этиб, велосипедни «Тошкент — Марғилон — Андижон» темирйўли ёқаси бўйлаб ҳай­даб кетди. Февраль ойи эмасми, вақт шомга яқинлашиб, қиш совуғи қулоқ-бурунни «чимчилай» бошлаган ўша маҳалда бояқиш норасида гўдак — Кибриё ўзини олдинда қандай аянч­ли қисмат кутаётганини қаёқдан ҳам биларди дейсиз?!.

Хуллас, темирйўлнинг 244-километрига етганда А.Абдураҳмонов Кибриёни велосипеддан туширди.

Бу жой аҳоли яшаш масканидан анча узоқ бўлиб, ён-атрофда дала шийпонидан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.

— Сен шу ерда ўтириб тургин, мен уйга бориб келаман, — деди у ва кимса­сиз жойда қизчани ёл­ғиз қолдириб шошганча аллақаёққа кетди.

Албатта, «Алдагани бола яхши» деганларидек, Кибриё ҳам «сахий» амакининг сўзларига ишонгани шубҳасиз. Лекин қўлидаги егулиги тугагач, уни ваҳима босиб йиғлай бошлади. Бунинг устига атрофни аллақачон қо­рон­ғулик қоплаган эди. У темирйўл бўйлаб беш-олти қадам ташлаган эди, қоқилиб йиқилди. Оқибатда унинг аламли йиғиси чор-атрофни тутди.

Аммо бахтга қарши атрофда норасида гўдакнинг ноласини эшитадиган, ун­га ёрдам қўлини чўзадиган ҳеч ким йўқ эди. Қизалоқ қоп-қора тун қўйнида юраги қўрқув ва ваҳимага тўлиб йиғлар, аллакимларни ёрдамга чақирарди…

Эртаси куни бундан ҳам оғирроқ фожиа рўй берди. Ички ишлар бўлими тезкор ходимлари поезд йўлида унинг жасадини топишди. Тунда йиғлай-йиғлай ҳолдан тойган Кибриёни Қўқон — Мар­ғилон йўналишида ҳаракатланиб келаётган 62-сонли йўловчи поезди уриб юборганди…

Инсонийликни буткул унут­ган А. Абдураҳмонов нега бундай қабиҳ қилмишга қўл урди? Норасида қизалоқни кимсасиз жойда ёлғиз қолдириб, нимага эришди у?

Наҳотки, қизалоқни кимсасиз жойга ёлғиз ташлаб кетгач, виждони заррача қийналмади?!.

Шундан сўнг Шердорбекнинг оғзаки тасвирлаши ҳамда Тинчлик шаҳарчасидаги жомеъ масжидига ўрнатилган видеокузатув қурилмасини кўз­дан кечириш асосида Акмал Абдураҳмонов гумондор сифатида қўлга олинди. Тергов-суриштирув жараёнида эса, у ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди. Бинобарин, унга нисбатан Жиноят кодексининг 117-моддаси 2-қисми (одам ўлишига сабаб бўлган ҳолда хавф остида қол­дириш) ва 137-моддаси 3-қисми «б»-банди (оғир оқи­батларга сабаб бўлган ҳолда одам ўғирлаш) билан жиноят иши қўзғатилди. Жи­ноят ишлари бўйича Мар­ғилон шаҳар суди эса, юқоридаги моддаларга биноан айбдорни 11 йиллик муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди. Шу билан бирга, мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларни кузатувсиз қолдириш ҳолатлари қайта такрорланмаслигини таъминлаш мақсадида хусусий ажрим чиқарилиб, Фарғона вилоят мактабгача таълим бошқармасига юборилди.

Хулоса ўрнида айтганда, ҳаётда рўй берадиган ҳар бир жиноий қилмиш, ҳуқуқбузарлик замирида аввало эътиборсизлик, лоқайдлик, зиммадаги масъу­лиятни ҳис этмаслик каби иллатлар ётади. Юқорида келтирилган воқеада ҳам боғча тарбияланувчиларга кузатувчисиз уйга кетишга рухсат берилгани бу фожианинг асосий сабабидир. Холбуки, болалар ота-она ёки уларнинг ўрнини босадиган шахслар кузатувида уйга қайтишганда бу фожиа рўй бермас, А. Абдураҳмонов ёвуз ниятига етолмасди.

Бундан кўринадики, ҳаётга ҳамиша очиқ кўз билан қа­раш, сергак ва ҳушёр бўлиш жамиятимизда тинчлик-осойишталик, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашнинг биринчи шартидир. Бу­ни ҳеч қачон унутмаслик керак.
Мансуржон ИБРАГИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Марғилон шаҳар судининг раиси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бутун мамлакатни «титратган» воқеа ҳақида батафсил маълумот берилди