
Ҳамроҳларим билан Ҳисор тоғларининг баланд довонига етганимизда шаррос ёмғир қуйиб берди. Паналаш учун ўзимизни бир улкан харсанг остига урдик.
Ёмғир тингач, баланд қояга кўтарилдик. Тасаввур қилинг-а, шундоқ ёнгинамизда оппоқ булутлар сузиб юрарди. Ҳаво пастликдагига қараганда жуда салқин. Лекин нафас олишга бироз қийналдик. Бунга ҳавода кислороднинг сийраклиги сабаб. Шундай бўлса-да, мақсадимиздан чекинмадик...
Биз турган жой Ҳисор қўриқхонасининг тарихий-географик нуқталаридан бири эди. Айнан шу маконда Марказий Осиёдаги энг узун ғор — Амир Темур ғори ҳам бор. У денгиз сатҳидан 2750 метр баландликда.
Минг бир машаққат билан ғор ичига кирдик. Ичкаридан зах ҳиди анқийди. Ғор деворларини қўлим билан ушлаб кўрдим. Қотиб қолган оҳак, гипс ва гранит қатламига ўхшайди. Ғорнинг узунлиги ғарбдан шарққа томон 870 метр, кенглиги 7-10 ва баъзи жойлари 100 метрга етар экан. Йўлбошловчининг айтишича, ғор ичкарисига киришга ҳамманинг ҳам журъати етмас экан. Негаки, қоронғи, ваҳимали. Кутилмаганда ичкаридан кўктарғоқ, деган қуш пирр этиб учиб чиқди. Ҳаммамиз бир сапчиб тушдик. Ғордаги узунлиги бир ярим-икки метр келадиган табиат мўъжизаси — сталагмит (пастга осилган) ва сталактид (тепага қараган сумалак)ларни томоша қилдик. Назаримда, сумалаклар машъала ёруғида худди камалак рангида товланаётгандек эди. Ғорнинг тугаш қисмида диаметри эллик-олтмиш метр, чуқурлиги тўрт-беш метрли каттагина ерости кўли бор экан. У мамлакатимиздаги энг катта ерости кўли саналади.
Энди Ҳисор қўриқхонасидаги мазкур ғор нега Амир Темур номи билан аталишига тўхталсак. Тақдир тақозоси билан саркарда маълум бир вақт қўшини билан мазкур ғорда жон сақлайди. Ўша жойда туриб, отли қўшин тўплайди. Хуллас, ғор унинг қўшинига душман ҳамласидан мустаҳкам ва ишончли қўрғон вазифасини ўтаган. Ғор атрофидаги қишлоқлардан йиғилган қўшин билан Кеш ҳукмронлигини қўлга киритади. Шундан сўнг ушбу ғор Амир Темур номи билан атала бошлаган. Бундан ташқари, эл орасида ушбу ғор билан боғлиқ кўплаб афсона-ю, ривоятлар сақланиб қолган.
Ғорнинг жанубий томонида Қалъаи Шерон сойининг Қизил Шивар кенглигида денгиз сатҳидан 2900 метр баландликдаги Чилсим (уни Чил устун ҳам дейишади) ғори жойлашган. Мазкур ғорнинг атрофидаги 100 дан зиёд диаметри 3-5 метр, чуқурлиги 30 метрдан 200 метргача борадиган ер ғоваклари ҳамда қўриқхона ҳудудидаги Ғўл ғори, Мансурнинг ғори, Ўғрининг зиндони сингари ғорлар илмий жиҳатдан тўла ўрганилмаган. Бизнингча, ўша гўшадаги ерости мўъжизаларини бир бор томоша қилган одам узоқ вақт унутилмас таассурот оғушида юради.
Улуғбек ЖУМАЕВ
Манба: "Оила даврасида" «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар