21:03 / 30.10.2018
9 404

Ўзбекистонда тижорат банклари омонат ставкаларини 19-21 фоизгача ошира бошлади

Ўзбекистонда тижорат банклари омонат ставкаларини 19-21 фоизгача ошира бошлади
Ўзбекистоннинг бир нечта тижорат банкларида сўмдаги омонатлар бўйича фоиз ставкаси ошишни бошлади. Сентябрь ойида жисмоний шахслар учун омонат ставкаси фоизлари ўртача йиллик 15-16 фоизни ташкил этган. Октябрь ойида бир қатор тижорат банклари аҳолига ўз маблағларини 18-21 фоизлик омонатга қўйиш имконини бермокда.

Юқори фоиз ставкалари ҳозир фақат хусусий банклар томонидан бир йилдан ортиқ муддатга эга бўлган омонатчиларга таклиф этилмоқда. Хусусан, "Алоқабанк", "Трастбанк", "Савдогарбанк" ва "Инфинбанк" аҳоли учун омонат ставкасини йиллик 18-20 фоиз қилиб белгилади.

Энг юқори фоиз ставкалари "Туронбанк" томонидан тақдим этилмоқда, яъни 1, 2, 3 йил муддатгача бўлган депозитлар учун 19, 20 ва 21 фоиз миқдорида омонат ставкаси белгиланган.

Мустақил эксперт Александр Давлетовнинг айтишича, тижорат банклари ликвидлик танқислиги сабаб, муддати бир йилдан ортиқ бўлган омонатлар учун фоиз ставкаларини оширмокда. Кредит бериш учун банкларда маблағ етишмаётгани уларнинг аҳоли қўлидаги бўш маблағ учун рақобатлашишига ва омонат фоиз ставкаларини оширишига олиб келмоқда.

Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасини ошириши ҳам омонат фоиз ставкалари ошишига таъсир кўрсатади. МБ ўз хабарида пул-кредит сиёсати қатъийлашиши иқтисодиётдаги бошқа фоизларнинг ошишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида айтган эди.

Бундан ташқари, 1 октябрдан бошлаб тижорат банклари учун мажбурий захиралаш норматив ставкалари пасайган. Эндиликда тижорат банклари жисмоний шахсларнинг икки йилдан ортиқроқ муддатга қўйилган омонатларининг бир қисмини захирага олиб қўйиши шарт эмас. Бундай ўзгариш банкка мавжуд барча пулларни кредитга бериш ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш имконини беради.

1 йилдан 2 йилгача бўлган муддатга қўйилган омонат суммасидан эса 4 фоизи захирага олиниши лозим.

Жорий йилнинг сентябрь ойи охирида Ўзбекистон Марказий банки пул-кредит сиёсатини қатъийлаштириш мақсадида, қайта молиялаштириш ставкасини йиллик 14 фоиздан 16 фоизга оширган эди. Бу кутилаётган инфляциянинг ўсиши билан боғлиқ. 2018 йил охирига келиб, йил бошидан буён кутилаётган инфляция даражаси 11,5-13,5 фоиз ўрнига 16-17 фоизни ташкил этди.

Омонатлар бўйича фоиз ставкаси – банк томонидан омонатчининг маблағларини сақлаш ва ишлатиш учун тўланган суммаси. Одатда, банклар одамларни ўз пулларини банкларда сақлашга қизиқтириш мақсадида, аҳолига қулай бўлган фоиз ставкаларини ўрнатади. Ўз навбатида, банклар ушбу маблағларни юқорироқ фоизда кредитга бериш орқали тўланадиган омонат харажатларини қоплайди.

Мажбурий захира нормативи – тижорат банклари жалб қилган омонатларнинг захира сифатида сақлаши шарт бўлган қисми. Одатда Марказий банк ушбу қисмни ўзгартириш орқали берилаётган кредитлар ҳажми ва иқтисодиётдаги фоиз ставкаларига таъсир кўрсатиши мумкин. Захира нормативи паст бўлса, банк арзонроқ кредит бериши ёки омонатларни юқорироқ фоизда жалб қилиши мумкин бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда тижорат банклари омонат ставкаларини 19-21 фоизгача ошира бошлади