23:40 / 07.12.2018
4 347

Ҳозирги ёшлар катталардан ҳам ақллироқми?

Ҳозирги ёшлар  катталардан ҳам ақллироқми?
Ўқишдан чиқиб, ҳар доимгидек машруткага ўтириб олдим. Эртанги қиладиган ишларим ҳақида ўйлаб кетаётган эдим, бехосдан икки йўловчининг суҳбатини эшитиб қолдим. Улар қария онахон ва 18- 19 ёшлар чамасидаги бир йигит эди. Жуда ҳам гап қизиган, баҳс-мунозара учига чиққан бўлиб, онахон:

- Э, болам биласанми, биз катталар ҳамиша сизлардан ақллимиз ва кўп нарсани биламиз.Сизлар ҳали ёшсизлар деб, ўз гапини уқтирмоқчи бўлаётган эди. Ўша йигит эса кулимсираб, ақллиман дедингизми хола, қўйсангизчи, сиз ҳаттоки оддийгина телефонингизни ишлатишни ҳам билмайсиз-ку. Биз ёшлар сиз билмаган кўп нарсани биламиз ва тушунамиз. Масалан, компьютерда ёзишни биласизми, телеграм орқали нарсалар жўнатишни-чи? Йўқ, билмайсиз! Онахон сизлар жуда эски даврни одамларисиз, бизни ақлимиз етган нарсага сизлар уринсангиз ҳам тушунолмайсиз, мен билан барибир тенглашолмайсиз, – дея қарияни гапини бўлиб ташлади. Онахон ўз невараси тенги бир боладан худди қаттиқ тарсаки егандек жим бўлиб қолган эди. Мен энди онахон нима дер экан, деб тикилиб турган эдим, орқа ўриндиқда ўтирган бир амаки суҳбатга қўшилди:

- Ҳой йигитча, сен шунчалар ақллимисан? Ҳамма нарсани биласанми?

Йигит дадилгина бўлиб: - Ҳа ақллиман, сизлардан кўра биз ёшлар кўп нарсани биламиз, сизлар эскича ўйлайсизлар!

Амаки бу сафар хотиржамлик билан йигитга савол берди: - Хўп сен шунчалар ҳам ақлли ва бизлардан кўра кўпроқ нарсани билар экансан-а! Агар шундай бўлса менинг бир саволимга жавоб бер-чи?

Амаки гарчи маршрутка тўла одам бўлса-да, уялмай баланд-баланд овозда ҳикоя айтишни бошлади:

- Кунлардан бир куни бир муштипар она бўлган экан. Унинг олдига икки паҳлавон йигит келиб, онахон мана бу пуллар сизда турса майлими? Биз узоқ сафарга кетаяпмиз, бу пулларни кимга қолдиришни билмадик. Сиз бировни ҳақидан қўрқадиган имонли, инсофли аёлга ўхшайсиз, деб онахонга кўп миқдордаги пулларни тутқазишди.

- "Қачон-ки сизнинг олдингизга иккаламиз бирга келсак фақат ўшандагина омонатимизни ўзимизга қайтарасиз" деди. Йигитлар шундай деб, сафарга жўнаб кетибди. Бир ойлар ўтар -ўтмас ўша йигитлардан бири онахоннинг олдига келиб ўша пулларни сўрабди: - Онажон сизга берган пулларимизни олиб кетгани келдим, дўстимнинг тоби қочиб қолди, шунинг учун ёлғиз келишга мажбур бўлдим. Ҳозироқ мен шу пуллларни олиб бормасам бўлмайди. Дўстимни даволатишим керак , дея ялиниб ёлворибди. Онахон унга ишониб ўша омонат пулларнии бериб юборибди. Лекин бир ҳафтадан сўнг, ўша йигитлардан яна бири келиб, онахондан пулни сўрабди.

Аёл ҳайрон бўлиб, сўрабди: - Ахир сиздан олдин шеригингиз келиб, дўстимнинг аҳволи оғир, пулларни олиб кетмасам бўлмайди деб келганди бериб юбордим-ку, дебди.

Шунда йигитнинг жаҳли чиқиб, онахонни қозига топширибди. Қози эса ўша аёлни қамаб қўйибди ва ўша омонат пулларни қаердан бўлса ҳам топиб бериши кераклигини, агар топиб бермаса уни бир умр қамоқда сақлашини айтибди. Аёл жуда тушкун аҳволда нима қилишини билмай, оч-наҳор қамоқхонадан чиқмай ўтираверибди.

Унинг 6 ёшли Муҳаммад исмли фарзанди бўлиб, болакай онасини бу аҳволда кўришга чидай олмабди-да ўша йигитнинг ва қозининг олдига борибди. У шундай бир сўз айтибди-ки, қози жаноблари болакайнинг онасини озод этибди.

- Хўш йигитча, айтчи ўша болакай нима дебди?

Амаки айтиб берган ҳикояни эшитиб, манзилимга қандай қилиб етиб олганимни ҳам билмай қолибман, лекин мен учун йигитнинг жавоби қизиқ эди, шунинг учун ҳам кейинги бекатда тушишга қарор қилдим ва суҳбатни эшитишда давом этдим. Менда технология асрининг барча техникаларидан хабари бор бу йигит, ушбу саволнинг жавобини топа олармикан деган қизиқиш бор эди. Шунда йигит жиддий туриб шундай жавоб берди: - Бола, онамни қўйиб юборинг, майли мени жонимни олинг, деса керак-да ёки бўлмаса, ўша аёлнинг шунақа кичкинагина фарзанди борлигини кўриб раҳм қилади-да. - деб жавоб берди. Амаки кулимсираб, ёш йигит билан баҳслашган ўша аёлдан сўради: -Опа сиз нима деб ўйлайсиз???

- Бола агар ақлли бўлса, ўша йигитга: - Онамга иккингиз пул бергансиз ва фақат иккаламиз бирга келсак қайтарасиз деб айтгансиз. Сизлар бирга келинглар шунда пулингизни қайтарамиз, дейди..

Онахоннинг жавобидан маршруткада ўтирган йўловчилар –ҳаааа тўғриииии, -деб юборишди.

Амаки онахоннинг гапини маъқуллаб:-Тўғри айтдингиз болакай худди шундай дейди ва қози унинг онасини озод этиб:

- Ваъдага вафо қилиб, қачонки иккингиз келмас экансиз ўша пулларга эга бўлолмайсиз. Шу миттигина болакайнинг ақли етган нарсага ақлим етмабди-я, - деб йигитни жўнатиб юборади.

- Кўрдингми, йигитча, сен ҳаттоки шу 6 ёшли болакай топган нарсани топа олмадинг. Яна онанг тенги аёлдан ҳам ўзингни ақллироқ ҳисоблайсан-а, -деб амаки унга савол назари билан қаради.

Йигит уятдан қизариб, мен тушаётган бекатда у ҳам тушиб қолди.

Мафтуна Мирзахўжаева

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳозирги ёшлар катталардан ҳам ақллироқми?