18:21 / 02.01.2019
4 778

2019 йил 1 январдан қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаларидан воз кечилади(ми?)

2019 йил 1 январдан қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаларидан воз кечилади(ми?)
Маълумки, меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжатдир. Амалдаги тартибга кўра ходим ишга қабул қилинаётганда уни тақдим этиши шарт. Иш берувчи эса корхонада 5 кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга меҳнат дафтарчасини тутиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 24 майдаги ПФ-5052-сон фармонига мувофиқ, мамлакатда ходимларнинг иш жойи ва давлат ижтимоий суғуртасига тўлов қилган даври бўйича рўйхатга олишнинг “электрон меҳнат дафтари” тизими жорий этилиши муносабати билан 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб биринчи марта ишга жойлаштирилган ходимларга қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари берилиши тўхтатилади.

Хўш, президент фармонида “электрон меҳнат дафтари” тизимига оид белгиланган вазифалар бўйича ўтган бир ярим йилдан ортиқ давр ичида ваколатли органлар томонидан қандай ишлар амалга оширилди? Янги тизимни амалиётга татбиқ этишнинг зарур механизмлари ишлаб чиқилдими? Бу борада иш берувчиларнинг хабардорлиги қай даража таъминланди?

Афсуски, бу каби берилаётган саволларга ҳозирча бирор-бир тайинли жавоб йўқ.

Чунки, энг аввало бу тизимнинг ҳуқуқий асоси яратилмаган. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатга олинган “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида”ги йўриқнома бугунги кунда “электрон меҳнат дафтари”га оид бирорта ўзгаришларсиз амал қилиб келмоқда.

Қоида тариқасида, 2019 йил 1 январдан амалга киритилиши лозим бўлган ушбу тизимнинг ҳуқуқий асосини белгилаб берувчи янги норматив ҳужжат қабул қилиниши ёки юқорида таъкидланган йўриқномага тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши лозим эди.

Ваҳоланки, фармонда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилган эди.

“Электрон меҳнат дафтари”га оид электрон дастур йўқ, бу ҳақида эса ҳозирча бирор аниқ маълумот тугул, миш-мишлар ҳам мавжуд эмас. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини текшириш ва назорат қилишни амалга оширувчи махсус ваколатли орган ҳисобланган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий веб-сайтида ҳам бу ҳақида бирорта тушунтириш берилмаган. Сайт бўйлаб “электрон меҳнат дафтари”ни қидирар экансиз, президентнинг юқорида тилга олинган фармонидан бўлак нарса топа олмайсиз.

Қатор оммавий ахборот воситаларида берилган хабарларда ҳам электрон меҳнат дафтари жорий этилиши ва унинг қоғоз шаклидан воз кечилиши ҳақидаги маълумотларидан бошқа нарсани учратмайсиз. Шунингдек, бугунги кунга қадар вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларига йўлланаётган мавзуга оид саволларга ҳам аниқ тушунтиришлар берилмаган.

Шундай экан, жорий йилнинг 4 январ кунидан бошлаб қайсидир иш берувчи ва биринчи марта ишга кираётган ходимда айнан электрон меҳнат дафтари билан боғлиқ муаммо юзага келиши табиий.

Балки тез кунларда электрон меҳнат дафтарини юритиш механизмини тартибга солишга оид йўриқнома иш столимиздан ва “электрон меҳнат дафтари” базасини очиш учун махсус электрон калит компьютеримиз хотирасидан жой олар. Лекин, унга қадар бундан буён қандай тартибда иш юритиш лозимлиги ҳақида иш берувчиларга тегишли тушунтиришлар берилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Дилшод Абдуқодиров, ҳуқуқшунос

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 2019 йил 1 январдан қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаларидан воз кечилади(ми?)