Жамиятнинг рўйи холи ва хотин-қизлар рўмоли

  • 26 январь 2019, 06:33
  • 2 269
  • Жамият
  • Жамиятнинг рўйи холи ва хотин-қизлар рўмоли
    Анчадан бери кўнглимни куйдириб юрган мулоҳазаларни бугун гапирмасам бўлмайди. Каттақўрғонда бир аёлнинг таҳқирланиши – жиноятчиликда гумон қилиниб, ечинтириб, устига-устак видеога олиб, бутун дунёга тарқатилганидан кейин ҳам жим туриш мумкинми?

    Мамлакатнинг бир аёли обрўсизланса, бутун халқнинг юзи қизаради. Аёлнинг, миллат тарбиячисининг бу ҳолга тушиши, бу қадар таҳқирланиши сабаби нимада? Нега бир терговчи тап тортмай уни ечинишга мажбурлайди? Нега уни шу ҳолатда видеога олишади? Ахир бу маънавий таназзул сари юз тутиш эмасми?

    Бугун ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган бу фожеа сабаби афсуски, кеча ёки бугун пайдо бўлмади. Салкам бир аср давомида аста-секинлик билан шу фожеага яқинлашдик. Бир замонлар аҳлу аёлинигина эмас, бутун бир юрти, қишлоғи, маҳалласидаги хотин-қизларнинг шаънини ўз шаънидек асраб-авайлаган эркаклар бундай иш қилишни ўзига эп кўрмасдилар. Одамлар бу қадар тубанлашиши учун энг аввал аёлга муносабат ўзгариши, унинг ору номусига атрофдагилар бефарқ қарай бошлаши керак.

    Шу боис мен бу фожеа илдизини ўтган асрнинг бошлари – аёлнинг рўмоли яъни миллатнинг ҳаё пардасига ҳужум уюштирилган пайтлардан излаяпман. Катта ижтимоий ҳаракатлар билан бошланган “Ҳужум” аёллар юзини очиб ташлади! Бироқ миллат оналарининг, миллат қизларининг ҳаммаси ҳам бошидан рўмолини олиб отгани йўқ!

    Ўша пайтлар – ҳали аёллар рўмолини бошидан олмаган, ҳали ҳаё пардаси халқимиз маънавиятини безаб турган пайтларда йигит-қизларнинг, ёшу кексанинг “этини ўлдириш”, “кўзини ўлдириш” учун катта ҳаракатлар тинимсиз давом этгани ва аста-секин халққа таъсир кўрсатилгани ҳеч кимга сир эмас. Ўтган асрдан ишланган кинофильмларнинг бош қаҳрамонлари – ялангбош, тиззадан баланд атлас кўйлак кийган қизлар телевизорлар экранлари орқали уйларимизга кириб келди. Азалдан исломий тарбия олиб улғайган оталар, ака-укаларнинг боши эгилди, кўзлари юмилди. Оналар, сингиллар, “вой шарманда, вой шарманда-ей”, дея уларга ўғринча кўз ташлашди. Аввалига уятли кўринган бу ҳолатларга кўзлар кўникди. Кўзлар аста-секин “ўла бошлади”. Кўнгилда янги ҳаваслар уйғонди...

    Ўзбек киноматографлари томонидан суратга олинган“Ёр-ёр” фильмини ҳаммамиз яхши биламиз. Киносанъатимизнинг энг биринчи намуналаридан бири сифатида эъзозлаймиз. Мен эса болалигимдан бери шу кинони кўрганимда, нега воқеалар ҳаётдан олинмаган экан-а, ахир у замонлар ўзбек қизлари калта кўйлакда, ялангбош ҳолда катта кўчада дуч келган эркакка, “энди тўйим бўлмайдими”, деб арзини айтиб юрмаган-ку... Ўша давр келинлари ўз тўйида ўйинга тушиб, ашула айтмас эди”, деб ўйлардим. Шунингдек, “Ажойиб хаёлпараст” ва бошқа фильмлардаги айрим қаҳрамонларнинг ўзини тутиши ҳам менга ғайритабиий, аниқроғи, “русча” бўлиб кўринарди. Бугунги кунда ўз тўйида уялмай ўйинга тушаётган, ҳатто куёвжўраларга қараб муқом қилаётган келинчакларга қараб туриб ўйлайман: бу киноларга жуда хавфли ғоя сингдирилган экан, шу ғоялар орқали ўзбекона маънавиятимиз аста-секин ўлимга ҳукм этилган экан. (Албатта, бу ўринда ўша мафкура исканжасида ижод қилган, кинога меҳнати сингган санъатимиз дарғаларини айблаш фикридан йироқман)

    Бундай фильмлар кам эмас эди. Биз ўтган асрнинг 50-70 йилларида туғилган авлод, ана шундай мафкура таъсирида вояга етганмиз.

    “Ўша пайтда ёш эканман, кинодаги қизларга ҳавас қилиб, сочимни турмаклаб, бош яланг кўчага чиқишни хоҳлардим. Отам бизни уришмасаям, негадир ундан жуда ҳайиқардим. Шунинг учун уйимиздан ташқарига чиқиб, лозимим этагини тиззамдан тепагача қайириб, кўтариб олардим-да, рўмолимни ечиб, девор ковагига тиқиб кетардим. Қайтиб келганимда дарвозадан киришдан олдин, ўзимни эпақага солиб, рўмолимни ўраб, отамнинг олдига “одобли қиз” бўлиб кирардим, – дейди наманганлик Замирахон исмли аёл. – Бошқа қизлар ҳам менга ҳавас қилишарди. “Отангни қандай кўндирдинг”, дейишса уларга ўз “тажрибамни” айтиб берардим. Шундай қилиб бутун синф қизларини “йўлдан урганман”. Энди ёшим 60 дан ошганида шуларни ўйласам, уятдан юзим қизаради.

    Бу аёллар ўтган асрнинг 75-йилларидаги ёшлар эди. Бугун улар буви бўлишди. Уларнинг тарбиясини олган қизлар ва бу қизларнинг қизу келинлари эса рўмол ўраш керак деган фикрни аллақачон унутишган.

    Ўтган асрнинг ижтимоий-сиёсий майдонидаги фаол, ўз даврининг замонавий аёллари суратларини кузатаман: 50-йиллар аёллари рўмолни бошига дурра қилиб ўраган, енги узун, ёқаси ёпиқ кўйлаклар кийиб, катта шол рўмолларни елкасига ташлаган. Қизларнинг кўпчилиги бошида дўппи, кенг, узун кўйлаги устидан нимчалар кийиб, сочларини майда ўриб олишган. 60-70 йилларда республикага танилган фаол аёлларининг бошида рўмоли йўқ, аммо елкаларида шарфлар, катта шол рўмоллар, эгнида эса бежирим костюмлар... Қизлар эса сочини иккита ўриб, дўппилар кийишган, аксарияти ялангбош...

    80-90 йилларга келиб, фаол аёлларнинг деярли ҳаммаси рўмолсиз юришни урфга айлантиришди. Қизлар ҳам катта-катта ленталар билан сочларини безайдиган бўлишди. Маънавиятимиз ҳаёсини асровчи воситалардан бири – рўмол миллат аёллари бошидан деярли олиб ташланди! (Жамиятда ҳамиша фаоллардан ўрнак олинади...)

    Бугун жамиятимизда аёлга, унинг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган амалий ишлар кўпайгани рост.Фаол аёллар сони ҳам ортиб бормоқда. Бироқ кўнгилга доғ бўлиб тушаётган бир ҳолат борки, унга ҳам кўз юмиб бўлмайди. Маҳаллаларда, ҳудудларда ўтказилаётган тадбирларда минбарга чиқиб ўтирган фаол аёлларнинг тиззасини ёпиб-ёпмай турган калта кўйлаги бутун бир залда ўнғайсиз кайфиятни юзага келтирмоқда. Маҳалла оқсоқоллари, ёши улуғ отахонлар кўзини қаерга яширишни билишмаяпти.

    Аксарият фаол аёллар эса тиззаларидан баланд кўйлак ва юбкаларда, ёқавайрон ҳолатда телевизор орқали интервьюлар беришяпти. Уларни қайси горизонтдан туриб, қандай суратга олишни билмайоператорлар ҳайрон... Чунки камера тўғрига жойлаштирилса, юбка ичидан яна камида бир-бир ярим қарич тана кўриниб кетяпти... Одамлар уятдан қизаришяпти. Улар шу ҳолда телевизор орқали уйларимизга кириб келишгач,кўчаларда тиззасидан баланд кўйлак кийган, бу ҳам етмагандай, елкасини бир қарич очиб юрган қизларга нима ҳам дея олардик.
    Рўмолдан воз кечган аёлга жамият истаган услубда кийиниш эркини берган бўлса-да, либосланиш одоби деган улуғ одобимиз ҳам борлигини унутмайлик. Энг аввало жойлардаги фаол аёлларимизга бу одоб сабоғини берайлик. Жамоат жойларида жуда бўлмаганда тиззани ёпиб турадиган кийимларда кўриниш, тўй-ҳашамларда декольтелардан воз кечиш, елкаларни ёпиш ҳам ўғил-қизлар тарбиясида бир қадам юксалиш эканини уларга уқтиришимиз керак. Акс ҳолда ёшлар тарбиясига масъул аёллар, оналар ўзи тарбияга муҳтож бўлиб турган бир пайтда уларнинг болаларига нима дея оласиз, каби баҳоналар юзага чиқаверади. Ўтган асрнинг оталари қизининг кўчада ялангбош юрганини сезмай қолган бўлса, бугуннинг оталари уйда телефон ёки компьютери орқали қизлари нималарни кўраётгани-ю, билаётгани, ким билан мулоқот қилаётганини сезмагани етмагандек, уларнинг аксарияти ўзининг ахлоқини ислоҳ қилишга муҳтож. Бир пайтлар бировнинг қизу келинига “бировнинг омонати” деб қараган оталарнинг бугунги неваралари орасида қизларни ночорлиги, пулга муҳтожлигидан фойдаланиб бурчак кунжакларга етаклайдиганлар, қизларга бир марталик эрмак сифатида қараётганлар, уларни шаънини ерга ураётганлар борлиги ҳам аслида рад этиб бўлмас ҳақиқат-ку! Бу ҳолатлар кейинчалик аёллар ўртасида жиноятчиликни юзага келтирмайди, деб ким кафолат бера олади? Тилидан, юзидан, қилаётган ишларидан ҳаё пардаси кўтарилаётган аёллар, эркаклар, йигитлар-қизлар ўтган асрда бошланган мафкуравий урушнинг қурбонлари эканини бугун кўпчилигимиз англаб турибмиз-ку?!

    Мафкуравий курашлар силсиласида ўзбек аёлининг бошидан рўмолини ечишдан тортиб, бугунги кунда уни энг шармандали ҳолатда дунёга кўрсатишгача бўлган вақт оралиғидаги воқеалар салкам бир асрлик даврда юз бергани айни ҳақиқатдир! Бугун ҳам афсуски, мафкуравий таҳдидлар янада кучайган паллада яшаяпмиз. Эндиги хатарлар бир аср кутиб турмаслиги мумкин.

    Нега рўмол ҳақида гапира туриб, бу мулоҳазаларга юзландик. Чунки рўмол – ўзбек аёлининг зийнати, назокату, латофатини, ҳусни-жамолини номаҳрамлардан асраб турувчи пардагина эмас миллатнинг ҳаёси,маънавияти, авлодлар тарбияси бошида ҳилпираб турган ибрат маёғи ҳамдир.
    Бир замонлар бутун дунёда аёлларнинг қадри қиммати йўқ эди. Ҳатто айрим халқлар аёлни одам ўрнида кўрмаган. Ислом дини эса хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимояловчи дин бўлиб келди. Бир қизнинг туғилишидан тортиб, турмушга чиқиши, она бўлиши, қўйингки, бутун ҳаёти давомида қадри баланд, бахтли яшаши учун энг гўзал йўлни кўрсатди. Ислом маънавияти сарчашмаларидан баҳраманд бўлиб шаклланган ўзбекона қадриятларимизда ҳам қизлар эҳтиётлаб, асраб-авайланган, она ва аёл ҳамиша улуғланган. Чунки аёлга муносабат у яшаётган жамиятнинг рўйи ҳолини белгилаб беради.

    Халқ сифатида, миллат сифатида дунё билан бўйлашиш йўлидан бораётган эканмиз, аёлни муқаддас динимиз қандай улуғлаган бўлса, шундай улуғлайлик! Зеро у тарбиялаган фарзанд юртимиз тараққиёти йўлида шаҳдам одимлайдиган ўғлон бўлсинки, ҳаргиз, бошқа бир аёл вояга етказган қизни ечинтириш пайида бўлмасин!
    Ҳамрохон МУСУРМОНОВА

    Манба: Azon.uz

    » » Жамиятнинг рўйи холи ва хотин-қизлар рўмоли