15:00 / 28.03.2019
3 781

Шерзод Шерматов: "Бойнинг болалари аҳмоқ эмас, советча фикрламайлик"

Шерзод Шерматов: "Бойнинг болалари аҳмоқ эмас, советча фикрламайлик"
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов янги очилаётган президент мактабларида фақатгина бой ва "каттакон"ларнинг фарзандларигина ўқиши ҳақидаги гумонларни аритди.

26 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида таълим тизимининг муаммоларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар ўқувчилар президент мактабларига, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, фақатгина иқтидори асосида, таниш-билишсиз танлаб олинишига шубҳа билдирди.

"Бойнинг боласи аҳмоқ бўлади деган гап ҳам йўқ. Социализмдан қолиб кетган тушунчаларимизни ҳам озгина ўзгартирайлик. Етмиш йилдан ошиқ миямизга қуйиб келишди: “Бой бу ёмон, бой қонхўр ва ҳоказо”. Лекин бутун дунёда бойлар мақталади.
Масалан, бугун дунёдаги энг бой шахсларни олайлик. Ўзининг меҳнати билан бой бўлган бўлса у ёмон дегани эмас. Ёки унинг боласи ёмон дегани эмас. Агар у аҳмоқ, қолоқ бўлса қандай бойиган? Жамиятимизда шу нарсаларниям ўзгартиришимиз керак", – дейди шу хусусда савол берган журналистга жавобан вазир.

Халқ таълими вазирининг бир неча бор таъкидлашича:
  • Қабул имтиҳонларининг биринчи босқичида ўқувчилар мантиқий фикрлаш тестларини (IQ тестлари) топширади. Бу ўқувчининг ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, фақатгина иқтидори асосида кейинги босқичга ўтишида ўзига хос фильтр ролини ўйнайди.
  • Бу тестлар, умуман, танловнинг тўғри ва холис ўтишини нуфузли хорижий ташкилот – Cambridge Assesment назорат қилади. Ўзбек экзаменаторларидан фарқли ўлароқ, хорижий экзаменаторларни сотиб олиб ёки уларга таъсир кўрсатиб бўлмайди.
  • Вазирнинг айтишича, президент томонидан қўйилган энг асосий вазифа ҳам айнан танлов жараёнини холис ва тўғри ташкил қилишдир. Яъни, тестлар ҳалол ўтишига сиёсий ирода ва "тепадан" кўмак бор.

2019 йилнинг сентябридан очилаётган ушбу мактабларга 4-синф битирувчилари мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижасига кўра қабул қилинади.

Мактабга йилига 24 ўқувчи қабул қилинади, улар иккита синфга бир хил – 12 нафардан тақсимланади. Таълим бепул, STEAM (science – табиий фанлар, technology – технологиялар, engineering – техник ижодкорлик, art – санъат, mathematics – математика) дастури асосида инглиз тилида берилади.

Ўқувчилар бепул озиқ-овқат, мактаб формаси ва яшаш жойи билан таъминланади.

Илк президент мактаблари Тошкент, Нукус ва Хивада 2019 йилда, республиканинг бошқа ҳудудларида эса 2020 ва 2021 йилда ишга туширилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шерзод Шерматов: "Бойнинг болалари аҳмоқ эмас, советча фикрламайлик"