17:40 / 05.04.2019
5 190

Колбасадан металл бўлаги чиқди: Розметов бунга қандай изоҳ беради?

Колбасадан металл бўлаги чиқди: Розметов бунга қандай изоҳ беради?
Ижтимоий тармоқларда Розметов колбасалари ҳақида турли хабар ва маҳсулот сурати тарқалган эди.
Мазкур ҳолат юзасидан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси, ЎзА ҳамда “Ўзбекистон-24” радиоси ҳамкорликда рейд ўтказди.

“Розметов З.М” корхонаси ижрочи директори Зафар Розметов ижтимоий тармоқда тарқалган миш-мишларга ўз муносабатини билдирди.

– Негадир одамларда бировнинг айбини топиш ва уни тарқатишга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда, – дейди З.Розметов. – Атрофдагиларнинг шу кайфиятидан фойдаланиб, гуруҳидаги аъзолари сонини кўпайтириш учун шундай салбий хабарларни уюштирадиганларнинг қилган иши бу. Йўқса, кесилган колбаса орасидан чиққан алюминий бўлагини тарқатган истеъмолчи биз билан ҳамкорлик қилган бўларди. Ҳозир эса бунинг акси бўлмоқда. Ўша видеони тарқатган инсон “маҳсулотни берсангиз, уни лаборатория текширувидан ўтказиб, аниқлик киритамиз, темир бўлаги бизникими ёки бошқаникими?” деган таклифимизга қўполлик билан “маҳсулотни ахлатга ташлаб юбордим, мени тинч қўйинглар, сизлар билан гаплашишни истамайман”, деб жавоб бермоқда.

– Сизнинг-ча, бу темир бўлаги нима бўлиши мумкин? Бирор тахминингиз борми?
– Корхонамиз хориждан келтирилган замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Унда инсон омилининг иштироки чегараланган. Расмда кўрсатилган темир колбасани икки четини қисиб қўйишда ишлатиладиган алюминдан тайёрлаган клипса бўлиши мумкин. Автоматик тарзда ишлайдиган бу ускунани ишчилар кузатиб туради. Балки, тасодиф туфайли темир колбасага тушиб қолган бўлиши мумкин, деган тахмин билан айбни ўзимиздан қидирган эдик. Лекин, бу тахмин бўлиши мумкин бўлган ҳолат олдида юз фоиздан бир фоизни ташкил этади. Бир неча йилдан буён бизда маҳсулотлар металл детектордан ўтказилади. Агар маҳсулот таркибида темир аниқланса, у автоматик тарзда чиқиндига ташланади.

Шундай бўлса-да, вазиятга аниқлик киритиш учун истеъмолчига мурожаат қилган эдик. Чунки юртимизда биздаги каби клипса ишлатадиган корхоналар саноқли. Шунинг учун клипсани ушлаб кўриб, уни кимга тегишли эканини аниқласа бўларди. Бизга қилинган қўпол муомаладан кейин шубҳамиз ортмоқда. Балки ўша инсоннинг ўзи темир бўлагини колбаса орасига тиқиб қўйгандир. Кесилган колбасанинг орасига исталган нарсани тиқиб қўйиш мумкин. Яна бир тахмин, у бошқа ишлаб чиқарувчининг маҳсулоти бўлиши ҳам мумкин.

– Бошқа ишлаб чиқарувчи... бу сўзларни бежизга айтмаётган бўлсангиз керак. Аввал ҳам корхона брендидан фойдаланганлар бўлганми?
– Бундай ҳолат кўп кузатилган. Мисол учун, ўтган йили Тошкент вилоятидан иккита цехни топган эдик. Улар бизнинг этикеткаларимизни босмахонада чиқариб, маҳсулот чиқаришда фойдаланган. Уларни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати бош бошқармасига ёзиб берганмиз. Улар текширувдан кейин бу цехларни ёпишган. Лекин, бизни номимиздан фойдаланиб юрган яширин цехларнинг ҳаммасини ҳам топишга вақтимиз етмайди.

– Агарда расмларни ижтимоий тармоқларга тарқатган истеъмолчи бу маҳсулотни сизларга беришга ва вазиятга ойдинлик киритишга рози бўлмаса, қандай ечим топмоқчисизлар?
– Ҳамкорлик борасидаги таклифимиз рад этилса, бизда битта йўл қолади. У ҳам бўлса, суд ва адвокатлар кўмагида брендни ҳимоя қилиш. Ахир, биз бир неча йилдан буён халққа сифатли ва ҳалол маҳсулот ишлаб чиқариш учун ҳаракат қилдик. 2017 йилда Туркияга бориб, “Ҳалол” стандартидан ўтиб келдик. Кушхона ташкил қилиб, фермерлардан олинган қорамолни соғлиғини шу ерда текшириб, талабга жавоб берса, “Бисмиллоҳ...”ни айтиб сўйдирамиз. Янада ишончли бўлиши учун заводдан борган одамлар текширади. Сўнгра гўшт ортилган машинанинг юкхонасига муҳр қўйилади. Завод дарвозасидан кириб келган гўштни муҳрланган машинадан олиб тушамиз. Бунинг ҳаммаси йўлда юз берадиган ҳар хил воқеаларни, хусусан, сифатсиз гўшт келиб қолиши туфайли брендимизга доғ тушиб қолишининг олдини олиш учун қилинади. Ахир корхонамиз номини оммалаштириш, халқнинг ишончига кириш учун қарийб ўттиз йилдан буён меҳнат қиламиз. Шундай вазиятда қандайдир салбий овоза тарқатиб, “уни ема, буни е”, дейиш нотўғри. Бизга қарши, нотўғри талқин қилинаётган хабарларга қарши биз қандай чора кўришимиз мумкин? Айни вақтда биз, ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқини ким ҳимоя қилади? Шунинг учун ҳуқуқшунос ёллаб, ишлаб чиқарувчининг ҳақ-ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилишни кўриб чиқмоқчимиз.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Колбасадан металл бўлаги чиқди: Розметов бунга қандай изоҳ беради?