22:50 / 03.06.2019
7 256

Закот кимларга, қачон ва қанча миқдорда берилади?

Закот кимларга, қачон ва қанча миқдорда берилади?
Закот – исломнинг бешта арконидан бири. У ҳам имон келтириш, намоз ўқиш, рўза тутиш ва ҳаж қилиш каби муҳим фарздир.

Хўш, закот кимларга, қачон ва қанча миқдорда берилиши керак?
Ўзбекистон мусулмонлар идораси фатво бўлими мутахассиси Ҳикматилло Тоштемиров шу ва бошқа саволларга жавоб сифатида ўз маълумотлари билан бўлишди.

“Закот” арабча сўз, “барака”, “ўсиш” ва “поклаш” маъноларини билдиради. Шариатимиз истелоҳида закот – нисоб миқдоридаги мол-мулкка эга бўлган балоғатга етган, ақли расо мусулмон киши бир йил ўтгандан кейин молининг қирқдан бирини (2,5 %и) муҳтож кишиларга мулк қилиб беришидир.

Закот ҳижратнинг иккинчи йили Рамазон рўзаси билан кетма-кет фарз бўлди. Унинг фарзлигига Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ва умматнинг ижмоси далилдир.

Қуръони Каримнинг йигирма саккизтаси намоз билан бирга зикр қилинган. Шу эътибордан закотнинг мартабаси намознинг мартабаси билан тенгдир. Демак, мусулмон инсон намоз билан закотнинг орасини ажратмайди. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло Қуръони каримда шундай деган: “Намозни тўкис адо қилинглар, закотни беринглар ва Расулга итоат қилинглар, шоядки, раҳм қилинсангиз” (Нур сураси, 56-оят).

Закоти берилган мол ҳар қандай бало ва офатлардан сақланиши ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилганлар: “Молларингизни закот (бериш) билан сақлангиз...” (Имом Абу Довуд ривояти).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қачон молингизнинг закотини адо қилсангиз, албатта, зиммангиздаги бурчни бажарибсиз”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Зиммасига закот фарз бўлган кимса уни кечиктирмаслиги керак. Чунки, закот фақирларнинг ҳаққи бўлиб, уни бермасдан ўзида ушлаб туриш мумкин эмасдир. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ: “Закотни қасддан бермай кечиктириб юрган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди” деганлар.

Закот бериш мол-мулкка барака киришига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди” (Имом Термизий ривояти).

Нисоб – шариатда кишини бойлик даражасига олиб чиқувчи миқдордир. Бу миқдор динимизда 85 гр. тилло ёки унинг қийматидаги қоғоз пуллар ва тижорат моллари билан белгиланган.

Чорва молларидан туя, сигир, қўй-эчки ва (фақат урғочи отлар ёки эркак-урғочиси аралаш) отлардан закот берилади ва уларда ҳам нисоб бор. Туялар 5 тага, сигирлар 30 тага, қўй-эчкилар 40 тага етса улар нисобга етган бўлади ва закот чиқарилади.

Дала-даштда ўсадиган деҳқончилик маҳсулотлари ёмғир, дарё сувларидан сув ичса, чиққан маҳсулотни (харажатларни чиқариб ташламасдан туриб) ўндан бири (10%и), суви пулли ёки меҳнат эвазига чиқадиган бўлса, йигирмадан бири (5%и) берилади.

Ҳовлидаги маҳсулотлардан ушр берилмайди. Киши юқоридаги нисобга эга бўлиши билан закот бермаса-да, закот, фитр, фидя ва бошқа садақаларни ола олмайди. Нисобга эга бўлгандан кейин бир йил ўтгач закот бериш фарз бўлади. Закотни ҳисоблаганда уй-жойи, уй анжомлари, кийим-кечаги, миниб юрган улови (автомашина) ва касб дастгоҳларини ҳисобга қўшмайди. Буларни динимизда ҳожати аслия, яъни энг керакли нарсалар, деб ҳисобланади.

Ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан халқимизга енгиллик бўлиши учун нисоб миқдорининг сўмдаги қиймати белгиланади. Жорий йилда нисоб миқдори 17 млн. сўм этиб белгиланди. Демак, кимнинг тилла, кумуш, миллий ва чет эл валюталари, тижорат молларининг қиймати жамланганда 17 млн. сўмга етса унинг моли закот нисобига етган бўлади. Чорва моллари тилла, қоғоз пул ва тижорат молларига қўшилмасдан алоҳида ҳисобланади.

Мана шу қиймат бир йилгача камаймаса, келаси йил закот бериш фарз бўлади. Чорва моллари йилнинг аксар қисмида, яъни, 6 ойдан кўпроғида далада ўтлаб юрган бўлиши керак. Йилнинг аксар қисмида қўлда боқиладиган ҳайвонлардан закот берилмайди. Тижорат учун боқилаётган бўлса, қиймати ҳисобланиб умумий маблағга қўшилади.

Закотни муҳтож кишининг қўлига мулк қилиб бериш лозим. Яъни, закотни йўл, масжид қуриш ёки одамларнинг олдига таом тортиқ қилиш билан адо қилиб бўлмайди. Бир киши қарздорга:”Закотимнинг ҳисобига сендаги қарзимни кечдим”,- деса, закот адо бўлмайди. Чунки бу ҳолатда закотни қўлига мулк қилиб бериш шарти топилмайди. Агар закотни қарздорга берса, кейин у закот берувчига ўз ихтиёри билан қарзини адо этса дуруст бўлади.

Закотни ажратаётган ёки муҳтожга берадиган пайтда бу молимнинг закоти, деб ният қилиш шарт. Лекин олувчига бу закот, деб айтиш шарт эмас.

Закотни нисоб миқдорича моли бўлган кишига, яъни бой киши ва унинг балоғатга етмаган фарзандларига, ўз ота-онаси, бобо-момосига, ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига, эр-хотин бир-бирига бериши мумкин эмас. Закот, фитр, фидя каби вожиб садақаларни ўзга дин вакилларига бериб бўлмайди.

Закотни фақирга (қарзи йўқ, лекин нисоб даражасида маблағи йўқ киши), мискинга (бир кунлик таомидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ киши), қарздорларга, Аллоҳ йўлида юрганларга (ҳаж учун йўлга чиқиб пули етмай қолган киши, толиби илмлар), мусофирларга (ўз юртида бой бўлса ҳам, ўзга юртда пулсиз қолган киши) берилади.

“Фатовои ҳиндия” китобида шундай дейилган: “Закот ва фитрни беришда энг афзали аввало ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнг – уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнг – уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари, сўнг – юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар, касбдошлар, кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақлидирлар”.

“Баҳрур роиқ” китобида: “Қарзи бор кишига закот бериш фақирга закот беришдан кўра афзалдир”, дейилган.

Қарздор кишининг қарзи қўлидаги молидан кўп бўлса, қўлидаги моли ўзиники бўлмай, ҳақдорларники саналади. Ундан закот бермайди. Агар қўлидаги моли қарзидан кўп бўлиб, фаразан қарзини чиқарганидан кейин қолган мол нисобга етса, қолган молидан закот беради. “Тижорат моллари” деганда “сотиш ниятида олинган ҳар қандай мол-мулклар” назарда тутилади. Тижорат молларидан закот чиқаришда ўша кундаги қиймати қанча бўлса, шу қийматнинг ҳисобидан закот чиқарилади. Унинг қанчага сотиб олгани ёки келгусида қанчага сотилишига қараб ҳисобланмайди.

Тилло тақинчоқлардан тиллонинг ўзи закот қилиб берилса, тақинчоқларнинг вазнига қараб закот чиқарилади. Масалан, 100 грамм тиллодан 2,5 грамм тилло закотга берилади. Агар тақинчоқларнинг закотини пул билан бериладиган бўлса, тақинчоқларнинг бозордаги қийматига қараб закот чиқаради (Манба: “Раддул муҳтор”).

Закот фарз бўлган вақтда уни адо этмаган бўлса, неча йил ўтса ҳам закоти зиммасидан соқит бўлмайди.

Ишлаб чиқарувчи корхоналар закот беришда хомашё ва тайёр маҳсулотларнинг қиймати ҳисобга олинади. Лекин ишлаб чиқариш дастгоҳлари, асбоб-ускуна ва жиҳозларидан закот берилмайди.

Ижарага берилган бино, дўкон ва уловларнинг қийматидан закот берилмайди. Балки улардан келиб тушган маблағ тилло, пул ва тижорат молларига қўшиб ҳисобланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Закот кимларга, қачон ва қанча миқдорда берилади?