
Учинчи қўрқув
Шу вақтга қадар одамлар ё Худодан ёки қонундан қўрққани учун турли жиноятларга қўл уриш, бировнинг ҳақини ейиш, ўзгаларнинг ҳуқуқларини поймол қилишдан қўрқади, деб юрардим. Зеро фақатгина Ислом эмас, дунёдаги барча динларда ўлимдан кейинги ҳаёт, яхшиликлар учун жаннат, ёмонликлар учун дўзахга кириш тушунчаси бор ва инсон яралгандан буён барча ахлоқий нормалар, ўзаро муносабатлар дин асосига қурилган эди. Қаердаки жамият ахлоқнинг асоси бўлмиш диндан узоқлашса, деградация учраган, турли балоларга, ижтимоий муаммоларга дуч келган, жиноятлар ахлоқсизлик, тажовузкорлик ва қарама-қаршиликлар, бўлиниш ва ажралишлар эвазига йўқ бўлиб кетган.
Сўнгги бир неча юз йилликда бутун дунёда диндан – худодан узоқлашиш, секуляризм жараёни жадаллашди, одамлар на худога, на жаннат-у дўзахга ва на ўлимдан кейинги ҳаётга ишонмай қўйди. Натижада жамиятни бошқариш ва чегаралаб туриш қийинлашиб, қарийб имконсиз ҳолга келди. Худодан қўрқмайдиган одамлар учун дунёвий қонунлар ишлаб чиқилиб, жорий этила бошланди. Энди одамларни дўзах билан эмас, қамоқ, шу дунёдаги азоб-уқубатлар билан қўрқитиш мумкин бўлиб қолди.
Тўғри, юқоридаги икки омил ҳаммага ҳам тааллуқли эмас. Одамлар орасида жаннатга кириш учунгина яхшилик қиладиган ёки жазоланишдан қўрққани учун ўзини тийиб турадиганлардан ташқари, буларни ўзининг ахлоқий принциплари, ҳаётий позициясига зид кўрадиганлар ҳам бор. Аммо асосий кўпчилик табиатан бошқарилишга мойил бўлади. Қачонлардир уларни черковлар, масжид ва мадрасалар, синагоглар ёки бутхоналар тартибга, ахлоққа чақириб, маълум ижтимоий чегараларни чизиб берган ва улардан четга чиққанларни ўз қонун-қоидалари, шариат асосида жазолаган бўлса, бугун бу вазифаларни суд, полиция каби тузилмалар бажармоқда.
Аммо инсонларни тартибга солувчи учинчи қўрқув ҳам бор. У – одамлардан, жамиятнинг ўзи каби аъзоларидан қўрқувдир. Бу айниқса тараққий этган жамиятларда яққол кўзга ташланади. Муайян қонун-қоидаларни бузишда на худо, на қонундан қўрқадиган жиноятчилар, амалдорлар ва оддий одамлар бошқаларнинг унга нисбатан қонунлардан ташқари муомалада бўлишидан қўрқиб, ўзини тийиб туради.
Масалан - порахўр амалдор. Агар у мусулмон бўлса, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан Табароний ривоят қилган қуйидаги ҳадисни жуда яхши билиши лозим: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам дўзахдадир”, деганлар”. Барча мамлакатларнинг дунёвий қонунларида бўлгани каби, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210 (пора олиш), 211 (пора бериш), 212 (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) ва бошқа моддаларига асосан пора олди-бердисига қўл урганлар жиноий жавобгарликка тортилади.
Амалдор бу моддалардан ҳам яхшигина хабардор бўлиши аниқ. Аммо у на дўзах ва на қамоқдан қўрқади (балки қўрқар, лекин қилаётган ишининг фарқига бормайди). Қачондир қўлга олиниши, жазоланиши мумкинлигини ҳам билади. Бироқ бу жазолар унинг наздида ё бўлиши, ё бўлмаслиги, бўлган тақдирда ҳам у қадар қўрқинчли ва даҳшатли бўлмайди гўё.
Аммо жамият порахўрликка тоқатсиз бўлса, унинг ноқонуний фаолияти узоқ давом этмаслиги аниқ. Жамият аъзолари унинг пора сўраётганига бефарқ қарамайди. Яхши ҳолатда пора сўралганлардан бири уни қонун қўлига топширади, ёмон ҳолатда эса сабр косаси тўлиб турганлардан бири унга зарар етказиши – ур-калтак қилиши, ҳаттоки ҳаётига қасд қилиши ҳам мумкин. Бунда биринчи ҳолат унинг учун энг енгил жазо, десак муболаға бўлмайди.
Чунки дунёвий қонунлар доирасида жазоларда адолат, афв, енгилликлар бор, қачондир жазони ўташ муддати тугаб, озодликка чиқади ва ҳаётини чиройли давом эттириш имкони мавжуд. Бироқ қайсидир фуқаро ҳиссиётларини жиловлай олмасдан унинг ҳаётига қасд қилса нима бўлади?
Бундай ҳолатда амалдор учун барча қонунлар, жазонинг муқаррарлиги мутлақо аҳамиятга эга бўлмай қолади. Ахир бу дунёда йўқ бўлса, жиноятчининг қайси қонунлар асосида бўлса ҳам, жазога тортилганидан унга нима наф?
Учинчи қўрқувни икки қисмга бўлиш мумкин – якка шахслардан ва жамиятдан қўрқиш. Юқорида тилга олганимдек, якка ҳолатларда бирор жиноят, қилмишни содир этгани учун кимдир унга зарар етказишидан қўрқса, иккинчи ҳолатнинг кўлами кенгроқ. Бу қўрқув бутун бошли ҳукуматларни ҳар бир қарорини минг чиғириқдан ўтказиб қабул қилишга мажбурлайди. Жамият ҳаётига тааллуқли қарорларда, муҳим қадамларни ташлашда, албатта, одамлар фикри инобатга олинади. Сайловлар, референдумлар, парламентлар, халқ депутатлари кенгашлари, қонунларнинг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилиниши, давлат ва ҳукумат раҳбарлари қабулхоналари, петициялар уюштиришга мўлжалланган платформалар ва бошқалар ушбу мақсадларга хизмат қилади.
Бугун дунёнинг турли минтақалари, турли мамлакатларида кузатилаётган оммавий норозиликлар ҳам жамият босимига мисол бўла олади. Шунингдек, кўпчилик давлатлардаги сиёсий ўзгаришлар, аниқроқ айтганда ҳокимият тепасига мухолифат вакилларининг келаётгани ҳам сиёсатчиларнинг халқни давомли равишда алдаб келаётгани, ёлғон ваъдаларга кўмаётгани, бироқ ижтимоий-иқтисодий вазият тобора ёмонлашиб бораётганига аҳолининг жавоби, муносабати деб қараш мумкин. Мухолифат ҳам умидларни оқламаса, давлат бошқарувининг бугунги шаклларига нисбатан норозиликлар кескин кучайиб, вазият бутунлай издан чиқиши, буюк тушкунлик ва умидсизлик даври бошланиши мумкин.
Афсуски, бугунги кунимизда ҳар уч қўрқувдан ҳам маҳрум бўлган жамиятлар ҳам бор. Бундай жамиятларнинг айни вақтда тобора таназзулга юз тутаётгани, ижтимоий, демографик, маънавий йўқотишларга учраётгани, турли муаммолар гирдобида қолаётгани, тажовузкор, ўзини ўзи еб битирадиган халққа айланаётгани яққол кўзга ташланмоқда. Шундай ёшлар қатламлари вужудга келмоқдаки, улар ҳеч нарсадан қўрқмайди, ҳеч нарсани ўйламайди, ҳеч нарсадан ташвиш ва хавотирга тушмайди. Фақатгина ўз хоҳиш-истаклари, режа-мақсадларига етишса бас.
Уларни истакларига эришиш йўлларининг тўғри ёки нотўғри экани, бораётган манзилнинг яхши ёки ёмонлиги, қилмишларининг оқибатлари, ўз келажаги, яқинларининг тақдири мутлақо қизиқтирмайди. Режа тузаётганда эришмоқчи бўлган мақсадгача бўлган йўлни ва унга олиб борувчи восита, усул ва ҳамроҳларни ўйлашади холос.
Буни шу йилнинг май ойида Самарқанд вилояти Иштихон туманида бир оиланинг беш аъзосини ўлдирган тўрт йигит мисолида кўришимиз мумкин. Уларни қотиллик қилишга пул етишмовчилиги, ишсизлик, жоҳиллик ёки бошқа сабаблар ундаган бўлиши мумкин (қотилларнинг ўзига тўқ оилалардан экани хабар қилинди), аммо барча ҳаракатлари остида ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан қўрқмаслик ётади аслида. Агар улар Аллоҳдан, Қиёмат кунидан, қабр ва дўзах азобидан, қонунлардан ва бир куни албатта қўлга тушиб, жазоланишдан, одамлар назаридан қолиш, бир умрлик пушаймонликдан қўрққанларида, балки бу ишга қўл урмаган бўлишарди.
Аслида жамият ҳаёти қўрқув эмас, балки юксак онг, маънавият, ахлоқ ва илмга таянган тафаккур асосида барпо этилиши лозим. Одамлар ўзгаларнинг ҳаққига хиёнат қилмаса, ҳамма ўз вазифасини бажарса, уларга ҳеч қандай қонунлар керак бўлмайди. Аммо инсон – унутувчи, хато қилувчи мавжудот. Унинг қонида Қиёматга қадар шайтон айланиб, доимий равишда васвасага солиб туради, нафс истак-хоҳишлари ҳам тугамайди.
Санжар Саид
Манба: Azon.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар