22:10 / 21.07.2019
3 246

Светсиз қолиш навбати энди Тошкент аҳолисига келдими?

Светсиз қолиш навбати энди Тошкент аҳолисига келдими?
Ўзбекистонда жазирама об-ҳаво кузатилаётган бир пайтда Тошкентнинг турли мавзелари бўйлаб электр таъминотининг узилиб қолишидан шикоятлар ортиб бормоқда. Бу ҳолатга нима сабабчи: жазирама, масъуллар бепарволиги ёки истеъмолчиларнинг ўзи?

Ўзбекистон вилоятлари сўнгги 20 йилдан бери электр энергияси тақчиллигидан қийналиб келади.

Мамлакатда электр қуввати етишмаслигидан, айниқса қиш мавсумида миллионлаб одамларни соатлаб, ҳатто кунлаб светсиз қолдириш орқали электрни тежашга уринилади.

Имкони етарли баъзи ўзбекистонликлар эса қиш кунларини свет билан бекаму кўст таъминланган Тошкентда ўтказишга одатланган.

Аммо сўнгги икки-уч йилдан буён ҳаттоки Тошкент аҳолиси ҳам ёз ойларида электр таъминотининг тартибсиз узилиб қолиши муаммоси билан юзлашмоқда.
Бунга асосий сабаб сифатида пойтахтга электр қуввати етказувчи линияларнинг эскириб кетгани, аҳоли яшайдиган мавзелардаги трансформатор пунктларининг шиддат билан ортиб бораётган эҳтиёжга бардош бера олмаётгани кўрсатилади.

Мавзелардаги эскирган электр симлари ва трансформаторлар аҳоли тобора кўпроқ сотиб олаётган кондиционер каби катта қувват талаб этувчи маиший техникаларни таъминлашга қодир эмаслиги айтилади.
Айниқса ҳарорат 50 даражага қадар етаётган 2018 ва 2019 йил ёзида тошкентликлар светсиз қолиш қандай бўлишини янада чуқурроқ ҳис этмоқда.
Тошкентнинг қатор туманлари аҳолиси айниқса туш пайти электрнинг узилиб қолиши ортидан иссиқдан қийналаётганини айтиб, шикоят қилмоқда.

«Одамларга тушунтиришнинг иложи йўқми?»
«Бу ерда "Ўзбекэнерго" вакиллари ёки шундай жазирама кунларда электр қуввати бирор сабабсиз узилиб қолишининг олдини олишга масъуллар борми? Шаҳар диспетчерлик хизматига тушиб бўлмайди. Қачонгача бундай бетартиблик давом этади?! Айтинг-чи, биз 20-асрга қайтаяпмизми? Ҳокимиятнинг чоралари қаерда қолди? Ишонч телефонига қилинган қўнғироқларга нега жавоб берилмайди?», – ёзади «Facebook»даги «Потребитель.уз» гуруҳида бир фойдаланувчи.

«Иккинчи кундирки, свет йўқ. Иссиққа чидаб бўлмаяпти, уйда эса болалар бор. Майли, ҳаммамиз ҳам инсонмиз ва техника ҳам ишдан чиқиши мумкин, лекин инсонийлик ҳаққи-ҳурмати буни одамларга тушунтиришнинг иложи йўқми? Авария рақамларига қўнғироқ қилаяпман – доим банд. Тўловни ундиришда биринчисизлар, наҳотки ўз абонентларингизга ҳурмат билан муомалада бўлишнинг иложи бўлмаса?», – деб шикоят қилади Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи бошқа бир фойдаланувчи.

Шунингдек, кўплаб одамлар кучланишнинг пасайиб кетганидан ҳатто стабилизаторлар ҳам маиший техникаларнинг барқарор ишлашини таъминлаб бера олмаётганини айтмоқда.

Бундан ташқари пойтахтда светнинг тўсатдан ўчиб қолиши туфайли жонлантириш бўлимлари ва туғруқхоналар қийналаётгани тўғрисида хабарлар чиқмоқда.

Чакана савдо билан шуғулланувчи кичик дўкон эгалари эса узоқ вақт светнинг йўқ бўлиши дастидан музлаткичларда сақланувчи маҳсулотларнинг бузилиб қолаётганини маълум қилмоқда.

«Кун бўйи чироқ бўлмади. Сотишимиз керак бўлган музқаймоқларнинг ярмидан кўпи қийшайиб, харидор олмайдиган аҳволга келиб қолди», – дейди Чилонзор туманидаги дўкондорлардан бири.

Таъминотнинг узилиши симли интернетнинг ишлашига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Қўшни мавзесида свет ўчган одамлар таъминот қайта тиклангунга қадар интернетсиз ўтиришга мажбур бўлмоқда.

Жавобсиз қўнғироқлар
Би-би-си ўзбек мухбири пойтахтда мунтазам тус ола бошлаган свет ўчиб қолиши сабабларини билиш мақсадида «Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси»га сим қоқди.

Бироқ компания расмий сайтида кўрсатилган ягона телефон рақамига қилинган давомсиз қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

Расмий сайтда ёзилишича, ушбу компания «истеъмолчиларни шартномаларга мувофиқ ҳажмда ва лимитларда ишончли ва узлуксиз равишда электр энергияси билан таъминлаш» ва «электр тармоқларидан тўғри фойдаланишни ҳамда уларнинг энерготизимининг ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган ривожланишини таъминлаш»га масъулдир.

Ҳокимият тепасига келиш арафасида президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда юқори даражадаги электр энергияси тақчиллиги мавжудлигини тан олган эди.

Президент Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида, жумладан, шундай деган:

«...мамлакат бўйича 67 фоиз паст кучланишли электр тармоқлари эскирган бўлиб, трансформатор пунктлари зўриқиб ишламоқда. Дастур доирасида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш, 25 300 километр паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 5600 та эскирган трансформатор подстанциясини алмаштириш назарда тутилмоқда».

2017 йилда эса президент Мирзиёев 2017 йилдан 2021 йилга қадар Ўзбекистон гидроэнергетикасини янада ривожлантириш чораларига бағишланган қарорга имзо чеккан.

Қарорга биноан 2021 йилгача мамлакатда ишлаб турган 32 та ГЭСни янгилаш ва яна 42 та янги ГЭС барпо этиш кўзланган.

Манба: Minbar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Светсиз қолиш навбати энди Тошкент аҳолисига келдими?